Кириш
Республикамизда аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлиқ таъминлаш, истеъмолчилар талабини мамлакатда етиштирилаётган мева-узум маҳсулотлар ҳисобига тўла қондириш ҳамда экспорт салохиятини ошириш масалаларига катта эътибор берилмоқда.
Ўзбекистонда боғдорчилик ва узумчилик қишлоқ хўжалигининг асосий тармоқларидан бири ҳисобланади. Бу соҳада илмий тадқиқот институтлари навлар мажмуасини яхшилашда ва такомиллаштиришда катта ишларни амалга оширишмоқда.Мамлакатимиздаги фермер хўжаликларида умумий мевали экинлар боғ майдонлари 163078 га ташкил қилиб, Сурхондарё вилоятида эса умумий боғ майдонлари 9031 га бўлиб, шундан интенсив боғлар - 1291 га ташкил этади.
Республикамиз ҳудудлари тупроқ-иқлим шароитлари бўйича бир биридан фарқ қилиб, ҳар бир ҳудуд шароитига мос, серҳосил, юқори сифатли, стресс омилларга чидамли навлар яратишни тақозо этади.
Ўзбекистон республикаси жанубий ҳудудларида боғдорчиликни ривожлантириш учун ҳамма шароитлар мавжуд бўлиб, бу ерда деярли ҳамма мевали экин турларини етиштириш имкони бор.
Республикамизнинг географик жойлашиши иқлимга кучли таъсир кўрсатади. Ҳудудлар бўйича қуёш радиацияси, ҳаво ҳарорати ва намлигининг, ёғингарчиликнинг тақсимланиши ҳар-хил бўлиб ўсимликларнинг ўсиши ва ривожланишига кучли таъсир кўрсатади. Айниқса мевали экинлар кўп йиллик ўсимлик бўлганлиги учун уларга ташқи шароит нафақат вегетация даврида, балки йил давомида узлуксиз таъсир кўрсатади.
Республика ҳудудлари бўйича иссиқлик режими хар хил бўлиб, шимолий ҳудудларда ҳаво ҳарорати ўзгарувчан, кеч куз ва қиш ойларида унинг кескин пасайиши кузатилиб туради. Бу ҳудудларда мевали экинларнинг паст ҳароратларга бўлган чидамлилиги муҳим аҳамиятга эга. Қишга ва совуққа чидамлилик муҳим хусусият ҳисобланади. Жанубий ҳудудларда ҳаво ҳарорати йил давомида анча юқори бўлади. Қиш мавсуми анча юмшоқ бўлиб, мевали дарахтларнинг паст ҳароратлардан шикастланиши деярли кузатилмайди.
Сурхондарё вилоятида ўртача ҳаво ҳарорати қиш ойларида ҳам 00С дан пастга тушмайди. Ҳаво ҳароратининг ўртача абсалют минимуми -12-150С бўлиб, мева экинларининг қиш мавсумида шикастланиши эҳтимоллиги жуда ҳам паст.
Ёз мавсумида ҳаво ҳароратининг юқори (500С юқори), намлиги паст бўлади. Бундай шароитда иссиқлик ва қурғоқчиликка чидамлилик энг муҳим биологик хусусиятдир. Ёруғлик ва иссиқлик омилларининг етарли бўлиши, вегетация даврининг давомийлиги мевали экинарнинг тез ўсиши ва ривожланишига ва улардан юқори ҳосил олишга имконият туғдиради. Ҳар хил муддатда пишадиган навларнинг мавжудлиги аҳолини йил давомида ҳўл мевалар билан таъминлаш имкониятини беради.
Боғдорчиликни ва токчиликни ривожлантиришда навнинг аҳамияти беқиёс. Навлар истеъмолчиларнинг талабаларига тўла жавоб беришлари керак. Ишлаб чиқаришга юқори унумдорли, мевасининг таъм ва товар сифатлари юқори, стресс омилларига чидамли навлар зарур. Улар тез ҳосилга кирадиган, шох-шаббалари унча катта бўлмаган, табиатан кучсиз ўсувчи ва бошқа муҳим хўжалик белгиларини ўзида мужассамлаштирган бўлишлари керак.
Янги навлар яратишда бирламчи материалларнинг аҳамияти жуда катта бўлиб, селекция ишларининг муваффақияти тўғридан-тўғри шунга боғлиқдир. Бу ўз навбатида ҳар бир экин турининг генофондини яратиш, мевали экинлар коллекцияларини тузиш. Уни ҳар томонлама ўрганиш ва комплекс баҳо бериш ва селекция учун муҳим хўжалик белгиларига эга бўган бирламчи материаллар ажратиб олиш ва уларни селекция дастурларида фойдаланиш керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |