ИЛМ-ФАН ЯНГИЛИКЛАРИ
ЯНГИ ЭЛЕМЕНТЛАРГА РАСМИЙ НОМ БЕРИЛДИ
Оламда мавжуд барча моддалар элементлар атомларидан ташкил топган. Элементлар атомлари эса ўз физик-кимёвий хоссаларига кўра кимёвий элементларнинг Менделеев даврий жадвалидан жой олишган. XX бошларигача табиатда табиий ҳолда учрайдиган энг оғир элемент уран эди. Аммо, кейинчалик, ядро физикасининг ривожланиши трансуран элементларининг кашф этилишига ва элементларнинг янгидан-янги изотопларининг яратилишига йўл очиб берди. Кашф этилган элементларни умумий ва ягона тамойиллар асосида унификациялаш, уларга норасмий ва расмий ном бериш Соф ва амалий кимё халқаро иттифоқи (The International Union of Pure and Applied Chemistry – IUPAC) ташкилоти зиммасига юклатилган.
Бундан олти йил олдин, аниқроғи 2011- йилнинг 3- декабрида Соф ва амалий кимё халқаро иттифоқи баёнот тарқатиб, унда 114- элемент Россия Федерациясининг Дубна шаҳрида жойлашган Фрёлов номидаги Ядро реакциялари лабораторияси ва шу лаборатория асосчиси Г.Н.Фрёлов шарафига “Flerovium” (Fl), 114- элемент эса Америка Қўшма Штатларидаги Лоуренс Ливерморе Миллий лабораторияси жойлашган Ливерморе шаҳри шарафига “Livermorium” (Lv) деб аталганини маълум қилган эди.
Ўтмишга айланиб улгирган 2016- йил ҳам кашф этилган янги элементларнинг норасмий ва расмий номлари билан Менделеев даврий жадвалидан жой олиши туфайли эсда қоларли йил бўлди десак муболаға бўлмайди.
Айнан 2016- йилнинг 8- июнь куни IUPAC ўз веб саҳифаси орқали 113, 115, 117 ва 118 тартиб рақамларига эга янги элементларга, мос равишда, “ununtrium”, “ununpentium”, “ununseptium” ва “ununoctium” деб норасмий ном берганини ҳақида ахборот берди.
Янги кашф этилган элементларга расмий ном бериш учун йирик олимлар, етакчи тадқиқотчилар ва соҳа мутахассисларининг очиқ ва ошкора муҳокамаси ташкил этилади. Анъанага мувофиқ кашф этилган элементга биринчи навбатда уни кашф этган олим номи, илмий жамоа номи, олим ёки илмий жамоа жойлашган мамлакат номи билан боғлиқ ном берилиши тарихдан маълум. Масалан, 84- элемент Польша мамлакати номи билан полоний деб аталса, 99- элемент машҳур физик-назариётчиси А.Эйнштейн номи билан эйнштейний деб аталган. Ядровий тадқиқотларнинг бирлашган институти жойлашган Дубна (Россия федерацияси) шаҳри номи эса шу институтда кашф этилган 105- элементга дубний шаклида берилган.
Бу гал ҳам, олти ой давом этган қизғин ва баҳсли муҳокамалардан сўнг, 2016- йилнинг 2- декабрь куни 113, 115, 117 ва 118 тартиб рақамларга эга янги элементларга IUPAC, мос равишда, нихоний (“Nihonium” – Nh), московий (“Moscovium – Mc), теннессий (“Tennessine” – Ts) ва оганессон (“Oganesson – Og) деган расмий ном берди. Янги элементларнинг бундай номланиши бежиз эмас, албатта. 113- элементига нихоний номининг берилишига унинг кун чиқар мамлакати Япониянинг энг илғор илм масканларидан бири бўлмиш РИКЕН (RIKEN) да кашф этилгани ва японлар ўзларини “нихон” деб аташи сабаб қилиб кўрсатилган. 115- элементга эса юқорида номи келтирилган Ядро тадқиқотларининг бирлашган институти жойлашган Москва вилояти (Россия Федерацияси) номи берилган. Чунки 115- элемент ҳам Москва вилоятининг Дубна шаҳрида жойлашган Ядро тадқиқотларининг бирлашган институтида кашф этилган. Америка Қўшма Штатларининг Теннесси штатида жойлашган Теннесси университети ҳамда Оак Ридж Миллий лаборатория олимлари ҳиссалари салмоқли бўлгани учун 117- элемент Теннесси штати шарафига теннессий деб аталган. Навбатдаги, 118- элемент актиноид гуруҳига оид оғир элементлар кашф этилиши ва илмий-тадқиқотларида салмоқли улуш қўшган профессор Юрий Оганессян шарафига оганессон деб аталган.
Ҳозирги даврда ҳам, дунёнинг илғор мамлакатларининг илмий-тадқиқот масканларида оғир ионлар физикаси ва янги элементлар ихтиролари устида тўхталмай изланишлар давом этмоқда.
Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти
Физика-математика факультети
«Физика ўқитиш методикаси» кафедраси
доценти, ф-м.ф.д., Б.Явидов
Манзилим: Нукус ш., Ақтобе кўчаси 62a.
Тел.: 222 25 12 (уй), 998 93 487 75 60 (моб.)
Кимёвий элементларнинг даврий жадвалидан кўриниш
Do'stlaringiz bilan baham: |