ЎЗБЕКИСТОН ДАВЛАТ ЖАҲОН ТИЛЛАРИ УНИВЕРСИТЕТИ
Бобоқулов Юнус Файзуллаевич
Кўчимов Улуғбек Қўчқорович
ЖАҲОН АДАБИЁТИ
(Маъруза матни)
Бакалавриатнинг 5220100 – филология (инглиз, немис, француз ва испан тиллари) ва 5220600 - таржимонлик факультетлари таълим йўналиши учун.
Тошкент 2008 й.
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети Илмий кенгашнинг 2005 йил «______» августидаги йиғилишида муҳокама қилинган ва тасдиқланган. Баённома №---
Тақризчилар:
Ички тақризчилар:
Ф.ф.д.проф. Б.Қ.Мамедов
Ф.ф.н.доц. Н.А.Сиздиқбоев
Ташқи тақризчи:
Ф.ф.н. С.Мейлиев
Мазкур маъруза матни Антик адабиёт, Хорижий мамлакатлар адабиёти бўйича тузилиб,унда Юнон ва Рим адабиёти, ўрта асрлар ва уйғониш даври адабиёти, XVII аср Европа мамлакатлари адабиёти, XVIII-XIХ-XX аср Европа мамлакатлари адабиётини ўз ичига олади. Маъруза матннинг мақсади классицизм, маърифатчилик, романтизм, реализм ва танқидий реализм оқимларига мансуб бўлган адиблар, уларнинг асарларида илгари сурилган ғоялар билан таништиришдир.
Хорижий мамлакатлар адабиёти бўйича манбалар жуда катта ҳажмда бўлиб, мазкур маъруза матнда энг илғор тараққийпарвар ёзувчиларга тўхталдик.
Мазкур маъруза матн хорижий филология факультетлари учун мўлжалланган.
М У Н Д А Р И Ж А
Антик адабиёт тарихи --------------------------------------------4-23
Юнон адабиётининг Аттика даври --------------------------24-47
Рим адабиёти --------------------------------------------------48-58
Ўрта асрлар адабиёти -----------------------------------------59-68
Уйғониш даври адабиёти ------------------------------------69-100
XVII аср Ғарбий Европа адабиёти ------------------------101-110
XVIII аср маърифатчилик адабиёти ----------------------111-126
XIX аср романтизм ва реализм даври адабиёти --------127-136
XIX аср танқидий реализм адабиёти ---------------------137-146
10. XX аср адабиёти --------------------------------------------147-160
К И Р И Ш
Антик жамият–исоният ривожланишининг алоҳида босқичи сифатида ўзига хос ривожланиш босқичларини босиб ўтди. Антик дунё, хусусан Миср, Бобил, Юнонистон каби минтақалар билан Марказий Осиёнинг маданий алоқалари қадим замонларга бориб боғланади.Мифларни қадимги юнон адибларидан Гесиод ва Гомерларнинг, юнон драматурглари Эсхил, Софокл, Эврипид ҳамда анча кейинроқ яшаган ёзувчиларнинг асарларида кўрамиз. Шунинг учун ҳам юнон мифларини ҳар хил манбалардан тўплаб бир тизимга йиғишга тўғри келган.
Мифлардан ҳикоя қилинишича, ерда даставвал даҳшатли маҳлуқлар: ДЕВлар, оёқлари ўрнида баҳайбат илонлар биланглаб турган ГИГАНТлар, катталиги тоғдай ЮЗ-ҚЎЛЛИКлар, пешонаси ўртасида биттагина чақчайган кўзи бор ваҳший КИКЛОП (ЦИКЛОП)лар, Ер ва осмоннинг даҳшатли болалари-қудратли ТИТАНлар яшаган. Юнонлар ГИГАНТлар ва ТИТАНлар образида табиатнинг ёвуз кучларини гавдалантирганлар. Мифларнинг ҳикоя қилишича, табиатнинг бу ёвуз кучлари дунёда тартиб ўрнатган ва унга ҳукумронлик қилган Чақмоқ, Булут осмон илоҳи ЗЕВС томонидан жиловланган ва бўйсундирилган. ТИТАНлар ўрнига ЗЕВС салтанати бунёдга келган.
Юнонлар худоларни одам шаклида тасаввур қилганлар, уларнинг бир-бирлари билан муносабатлари ҳам кишилар ўртасидаги муносабатга ўхшаган. Юнон худолари ўзаро жанжаллашган, ярашган, одамлар ҳаётига доимо аралашиб турган, урушларда иштирок этган. Ҳар бир худонинг ўзига яраша иши бўлган, оламда маълум «хўжалик»ни «бошқарган». Юнонлар ўз худоларига одамлар сингари табиат (характер) ва хулқ-атвор берганлар, худолар оддий одамлардан фақат ўлмаслиги билангина фарқ қилган.
Қадимги адабий ёдгорликлар сифатида ХОМЕРнинг «Илиада» ва «Одиссея» достонларини кўрсатиш мумкин. Ҳар икки достоннинг мавзуси Троя афсоналаридан, яъни юнонлар билан трояликлар ўртасида бўлиб ўтган уруш ривоятларидан олинган.
«Илиада» ва «Одиссея» достонлари халқ оғзаки адабиёти асосида яратилган қаҳрамонларнинг классик намунаси ҳисобланади. Достонларнинг сюжет қурилиши, бадиийлик даражаси, яратилиш усули мавзу доирасида таҳлил қилинади.
Юнон адабиётидаги дидактик эпоснинг энг биринчи намунаси Гесиоднинг «Меҳнат ва кунлар» поэмасидир. Асар инсон меҳнатининг улуғлиги, адолатнинг барқарорлиги ва меҳнат аҳлининг тирикчилиги йўлида учрайдиган турли масалалар ҳақидаги насиҳатлар шаклида ёзилгандир. Асарга кирган «Қирғий билан Булбул» масалида шоир замонидаги ижтимоий тенгсизлик ифодаланган. Зўравонлик ҳукмрон бўлган замонда фақирлар учун ягона чора–меҳнат қилиш ва меҳнат орқали тирикчилик ўтказиш деган фикрни илгари суради.
Эрамизгача бўлган VII-VI асрларда юнон жамияти ва маданиятида рўй берган ижтимоий сиёсий ўзгаришлар натижаси ўлароқ адабий жанр сифатида лирика пайдо бўлди.
Юнон тилидаги «Лирика» чолғу асбоби «лира»дан олинган бўлиб, мусиқа билан айтилувчи шеър деган мазмунни билдиради. Ҳар бир лирик шоир ҳам, муаллиф ҳам бастакор бўлган. Кейинчалик лириканинг Ямб ва эллегия турлари адабий жанрга айланди. Шу билан бирга якка шахс томонидан ижро этиладиган–монодик лирика ва хор лирикаси вужудга келди. Қадимги юнон шеъриятида қофия бўлган эмас, лекин оҳангдорликни белгиловчи вазн бўлган. Манбаларнинг берган маълумотига кўра, юнон лирикаси бой ва ранг-баранг бўлган. Элегик лириканинг вазни ҳам, мазмуни ҳам эпик достонларга яқин туради. Ямб-ҳазил-мутоибани, танқидий фикрларни ифоди этувчи шеърий асар.
Жаҳон адабиёти фани бўйича маълумотлар жуда катта ҳажмда бўлиб , у фақатгина антик адабиётни эмас балки бугунги кунгача бўлган давр адабиётини ўз ичига қамраб олади. Бунга Антик адабиётдан ташқари Ўрта асрлар адабиёти ва унинг ижтимоий сиёсий характерини ёритиш, илк ўрта асрлардаги лирика. Халқ қаҳрамонлик эпослари, рицар-куртуаз адабиётига, антик адабиётнинг таъсири, ўрта асрлардаги шаҳар адабиёти унинг тараққиёт босқичларини ўз ичига олади. XVII аср классицизм адабиёти, боракко адабий оқими ва XVIII аср маърифатчилик адабиёти, XIX аср реализм ва танқидий реализм адабиёти вакилларини ҳамда XX аср жаҳон адабиётидаги тараққийпарвар адибларнинг ижоди янги ижодий йўналишлар, жаҳон адабиётида нобель мукофати совриндорлари ҳақидаги маълумотларни ўз ичига қамраб олади.
Do'stlaringiz bilan baham: |