“... Бас, кимки (ўз қасамёдини) бузса, бас, (у) фақат ўз зарарига бузур ...” (Фатҳ сураси, 10-оят) Аллоҳнинг баракаси сари олға юринглар! Мен Хоразм ва Сўғдни Назир ва Қурайза қабилалари каби бўлишини истайман! Аллоҳ таоло шундай деган: “... Яна ҳали сизлар қодир бўлмаган бошқа (ўлжа)лар ҳам борки, Аллоҳ уларни иҳота қилиб қўйгандир ...” (Фатҳ сураси, 21-оят)
Сўғдга дастлаб Абдураҳмон ибн Муслим йигирма минглик аскар билан етиб келди. Тўрт ёки уч кундан сўнг Қутайба ҳам Хоразм ва Бухоро аскарларидан иборат қўшин билан Сўғдга етиб келди. Мусулмонлар Сўғдни уч ой қамал қилиб турдилар. Бу орада бир нечта жанг ҳам бўлиб ўтди. Сўҳдликлар узоқ чўзилган қамалдан хавсираб, Шош шоҳи ва Фарғона Ихшидига мактуб йўллаб, ёрдамга чақиради. Мовароуннаҳрликлар энг шижоатли аскарларини тўплаб, тунда ҳужум қилишга шайланадилар. Жосуслар Қутайбага уларнинг режаси ҳақида хабар етказадилар. Қутайба уч ёки олти юзта моҳир жангчиларни танлаб, Солиҳ ибн Муслим бошчилигида жангга жўнатади. Солиҳ қўшинни учга бўлиб, икки қисмини пистирмага қўяди. Мусулмонлар шу тариқа мовароуннаҳрликларни ҳийла билан мағлуб етадилар. Жанг шоҳидларидан бири шундай дейди: “Биз улардек шиддатли ва сабрли жангчиларни кўрмаганмиз!” Жанг натижалари сўғдликларни яна хавфга солади. Қутайба Хоразм ва Бухоро зодагонлари билан маслаҳатлашиб, Сўғд қалъасига манжаниқ билан ҳужум қилишга ўтади. Сўғд ҳокими Ғурак Қутайбага мактуб йўллаб: “Сен менга қарши ўз қардошларим ва биродарларим билан бирга жанг қилмоқдасан. Мард бўлсанг, араблар билан жанг қил”, дейди. Қутайба бу сўзлардан ғазабланиб, шахсан ўзи бирма-бир аксарларни кўрикдан ўзтказади ва Сўғдга қарши ҳужумни янада шиддатли тус олдиради. Қутайба Сўғдга қараб: “Эй Самарқанд! Қачонгача сенда шайтон уя қуради?!”, деди. Ниҳоят манжаниқ билан Сўғд қалъасини тешишга муваффақ бўлади ва шу йўл билан Сўғдга кириб келади. Сўғдликлар таслим бўлиб, сулҳ сўрайдилар. Қутайба ҳар йили икки миллион икки юз минг дирҳам тўлаш ва шу йили ўттиз минг аскар бериш шарти билан сулҳ тузади. Шартга кўра, аскарлар гўдак, қария ва айбли бўлмаслиги керак эди. Шунингдек, сулҳда Сўғд шаҳрини Қутайбага таслим қилиш, у ерда намоз ўқиш учун масжид қуриш ва хутба учун минбар тиклаш шартлари ҳам мавжуд бўлган. Қутайба намоз ўқиб, сўнг шаҳардан чиқиб кетишга ваъда беради. Сулҳга ҳар иккала томон рози бўлгач, Қутайба ўзи танлаб олган тўрт минг аскар билан Сўғдга кириб келади ва масжидга кириб, намоз ўқийди ва одамларга хутба ўқийди. Лекин ваъдасига хилоф иш тутиб, Самарқанд шаҳридан чиқиб кетмайди.
Бошқа бир ривоятда айтилишича, Қутайба сўғдликлар билан юз минг аскар бериш ва оташхоналар ҳамда бут-санамларнинг қимматбаҳо жиҳозларини олиш эвазига сулҳ тузган. Қутайба сулҳга мувофиқ келишилган нарсаларни қўлга киритгач, бутларни бир жойга йиғди. Улар тоғдек уюм ҳолга келди. Қутайба бутларни ёқишга буюрди. Лекин маҳаллий аҳоли, хусусан, Сўғд ҳокими Ғурак бунга қаршилик қилиб: “Бутларни ёқиш ҳалокатга сабаб бўлади”, деб ундан бу ишни қилмасликни илтимос қилишди. Лекин Қутайба ўз қўли билан бутларни ёқиб юборди. Бутларнинг ичидан эллик минг мисқол[56] оғирликда тилла ва кумуш мих чиқди. Шунингдек, мусулмонлар Самарқандда жуда кўп миқдорда мисни ҳам қўлга киритдилар. Сўнг Қутайба Самарқандга Абдуллоҳ ибн Муслимни тайинлаб, ўзи Марвга жўнаб кетади[57].
Do'stlaringiz bilan baham: |