Кадрларга доир иш юритиш
2022 йилги меҳнат шартномаларида тузатиш керак бўладиган беш банд
Янги мақоладан жорий йил якунлари бўйича 2022 йилги меҳнат шартномаларида тузатиш керак бўладиган беш банд ўрин олган. Хавфсиз иборалардан фойдаланинг ва ички ҳужжатлар шартномангиз шартларига зид эмаслигига ишонч ҳосил қилинг. Бундан ташқари, мақола 2022 йилда ходимлар билан шартнома ишларини қайта ташкил этиш учун вазифалар рўйхатини тузишга ёрдам беради.
Меҳнат шартномаси, ходим ва иш берувчининг ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларини ўрнатадиган ҳужжат сифатида, иш берувчига меҳнат муносабатларидаги у ёки бу масалаларни тартибга солиш учун бир қатор ички ҳужжатларни қабул қилиш мажбуриятини юклайди. Бу – штат жадвали, лавозим йўриқномалари, шунингдек меҳнат шартномаларини тузиш ҳамда ходимларнинг Меҳнат кодексида ва меҳнат ҳақидаги бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда тартибга солинган меҳнат шартларини бажаришлари учун зарур бошқа ҳужжатлардир. Меҳнат шартномалари аудитини бошлашдан олдин, кадрлар хизматлари ходимлари ушбу ҳужжатларни тузишда қонунчилик талаблари ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига қанчалик риоя этилаётганини ҳам текширишлари лозим.
1. Меҳнат шартномаларида ва штат жадвалида лавозимлар номлари бир хил кўрсатилганини текширинг
Меҳнат шартномасида кўрсатилган лавозимнинг, касбнинг номи, иш ҳақи миқдори штат жадвалида кўрсатилганига мос келишини текширинг.
Штат жадвалида лавозимларнинг тўлиқ рўйхати уларнинг сони, маош миқдорлари ҳамда шу корхонада у ёки бу лавозимга нисбатан мавжуд турли мукофотлар ва устамаларнинг миқдорлари кўрсатилган ҳолда берилади. У ички назоратда ҳам, текширувчи идоралар билан мулоқот қилганда ҳам ёрдам беради, чунки:
корхона ташкилий тузилмасини аниқ кузатиш имконини беради;
бошқарув аппарати ва таркибий бўлинмалар штат сонини, ҳар бир лавозим (касб) бўйича штат бирликлари сонини қатъий белгилаб беради;
ходимларга иш ҳақи тўлаш тизимини кузатиб туриш ва бу тизимни сақлаб туриш учун зарур пул маблағлари миқдорини ҳисоблаш имконини беради;
устамалар миқдорларини белгилайди ва мустаҳкамлайди;
бўш ўринларни кузатиш ва уларга ходимларни танлаш имконини беради.
Бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилари учун Бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларнинг харажатлар сметаси ва штат жадвалларини тузиш, тасдиқлаш ва рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган штат жадвали шакли (Низомга 3-илова, рўйхат рақами 2634, 15.12.2014) мажбурийдир.
Тижорат ташкилотлари бюджет ташкилотлари учун белгиланган штат жадвали шаклини ўзлари учун мослаштириб олишлари мумкин.
Корхонада штат жадвалини тасдиқлаш зарурлиги ва мақсадга мувофиқлиги фойдасига қуйидагиларни айтиш мумкин:
биринчидан, ходимларнинг меҳнат дафтарчаларига ёзувлар киритишда, меҳнат шартномаларини тузишда, буйруқларни расмийлаштиришда, хизматчилар лавозимларини ходимлар тоифаларига киритишда хизматчилар лавозимлари ва ишчилар касблари номларидан фойдаланилиши шарт. Тегишинча, штат жадвалидаги ходимларнинг лавозимлари номлари Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификаторига (ХАЛИКК-2020, рўйхат рақами 15, 22.05.2021, кейинги ўринларда – Классификатор) мос келиши лозим;
иккинчидан, штат жадвалининг йўқлиги иш берувчи учун муаммо туғдириши мумкин. Меҳнат низоси юзага келган тақдирда, агар штат жадвали бўлмаса, иш берувчи ходимлар сони ёки штатини қисқартиришда тўғри ҳаракат қилганини ҳужжатлар билан тасдиқлаш имконидан маҳрум бўлади.
Шу билан бирга, штат жадвалининг бўлмаслиги иш берувчи ва ходим ўртасида тузилган меҳнат шартномаси шартларига таъсир қилмайди.Шунинг учун ходим меҳнат шартномасида назарда тутилган меҳнат функциясини бажаради – меҳнат шартномасида белгиланган лавозим, мутахассислик ёки касб бўйича ишларни бажаради.
2. Корхонада лавозим йўриқномалари борлигини текширинг
Ходимлар ўз меҳнат вазифаларини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги юзасидан меҳнат низолари келиб чиққанда ёки текширувларда ДМИ органлари биринчи бўлиб лавозим йўриқномаларини сўрайди. Унда ходимнинг муайян мутахассислик, малака ёки лавозим бўйича фаолиятни амалга оширишдаги асосий вазифалари ва функциялари, талаб этиладиган кўникмалари ва ваколатлари, мажбуриятлари, ҳуқуқлари ва жавобгарлиги белгилаб қўйилади.
Ходимнинг меҳнат вазифалари бошқа ички ҳужжатларда - ИМТҚда, интизом тўғрисидаги устав ва низомларда, жамоа шартномаларида, йўриқномалар ва ҳоказоларда ёки меҳнат шартномасида аниқ белгилаб (МК 176-моддаси 2-қисми) қўйилмаган бўлса, лавозим йўриқномаси керак бўлади. Бироқ, меҳнат шартномасида ходимнинг меҳнат функцияси – у ишлайдиган мутахассислиги, малакаси, лавозими албатта белгилаб қўйилган бўлишига қарамай, ходим фаолиятининг асосий йўналишларини, у ўз меҳнат фаолиятини амалга ошираётгандаги ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлигини, шунингдек малака талабларини лавозим йўриқномасида назарда тутиш кўпроқ мақсадга мувофиқ бўлади.
Лавозим йўриқномаларининг мавжудлиги қуйидаги мақсадлар ва вазифаларни ҳал қилади:
1) ходимлар меҳнат фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини яратиш;
2) лавозим талабларига жавоб берадиган ходимларни танлаб олиш ва янги ходимни мослаширишни енгиллаштириш;
3) ходим меҳнатини жорий тартибга солиб туриш;
4) ижрочининг жавобгарлиги ва ваколатлари соҳасини белгилаш;
5) ижрочига ўз фаолиятини ўзи бошқариш ва ўзини ўзи назорат қилиш имконини бериш.
Ходимнинг лавозим йўриқномаси икки хил вариантда ишлаб чиқилиши мумкин:
Do'stlaringiz bilan baham: |