3 мавзу. Оламнинг яратилиши ва тараққиёт босқичлари шарқ мутафаккирлари асарларида



Download 56,79 Kb.
bet2/3
Sana28.04.2022
Hajmi56,79 Kb.
#589000
1   2   3
Bog'liq
3-мавзу. Шарқ тарих.фалса.

Берунийнннг тарих фалсафаси
(973-1048)
Улуғ Шарқ мутафаккири Абу Райҳон Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний Шарқ тафаккур оламининг ўзига хос йўналишини очиб берди ва инсоният тарихи, унинг ву­жудга келиши, тараққиёти ҳамда таназзуллари атрофидаги мавжуд фикрларга аниқлик киритди. Турли зиддиятли қарашларни бутун моҳияти билан ўрганиб, унга ўзига хос ёндашиб, мавжуд қарашларни кескин тарзда бойитиб, унинг ўзанини ўзгартириб юборди. Аниқроқ қилиб айт­ганда, Беруний оламнинг яралиши, инсоннинг вужудга келиши, халқларнинг тараққиёт босқичлари, тарихий воқеалар, табиий ҳодисалар, уларнинг моҳиятини илмий асосда ўрганиш мактабини яратди. Ушбу мактаб бугун моҳият-эътибори билан дастлаб Шарқ, кейинчалик Fap6 фал­сафий тафаккурининг тамал тошини қўйди.
Берунийнинг 1030 йилда ёзган ва «Ҳиндистон» номи билан машҳур бўлган «Таҳқиқ мо ли-л-ҳинд мин маъқула мақбула фи-л-ақл ав марзула», яъни «Ҳиндларнинг ақлга сиғадиган ва сиғмайдиган таълимотларини аниқлаш» деб номланган асарида баён этилган бетакрор илмий ғоялар одам ва олам ҳақидаги тасаввурларни кескин ўзгартириб юборди. Бу асар бутун моҳияти билан тарих фалсафаси­нинг ўзига хос ва ноёб кўринишидир. Унда инсоният тараққиёти, унинг омиллари ва моҳияти дунёвий тафаккур орқали тадқиқ этилди ва кутилмаган хулосалар илмий асослангаи ҳолда ўртага ташланди.
Асарнинг ўзига хос тарихий, илмий ва фалсафий қадрияти шундаки, у ҳамон жаҳон халқлари тарихини ўрга­нишда муҳим манба бўлиб хизмат қилмоқда ва тарих фал­сафаси тараққиётида, тарихни фалсафий англаш жараёнида забт этиб бўлмас чўққи даражасига чиқди. Дарҳақиқат, бу асарга Мағрибу Машриқ олимлари, йирик мутахассислари доимо қизиқиш билан қарайдилар. Уни жуда кат­та эҳтирос билан ўқийдилар. Шунинг учун ҳам таниқли олим В. Р. Розен «Шарқ ва Ғарбнинг қадимги ва ўрта асрдаги бутун илмий адабиётида бунга тенг келадиган асар йўқ»2, деган эди.
Асар гарчи “Ҳиндистон» деб номланса-да, «ҳиндлар­нинг ақлига сиғадиган ва сиғмайдиган таълимотларни аниқлаш”га бағишланган бўлса-да, уни бутун моҳияти би­лан инсоният ўтмишининг тарихий-фалсафий талқинини, илмий-назарий ечимлари ва асослаган хулосаларини назарда тутиб ушбу йўналишда Fap6y Шарқнинг бутун дунё динлари, қарашлари ва дунёвий тафаккур ўлчовларининг синтези сифатида юзага келган нодир асар дейиш мумкин. Аслида ҳам шундай. Зотан, унда инсон келиб чиқишининг диний ва дунёвий қарашлари, инсоният тараққиётининг турли босқичлари, даврлари, подшоликлар ва пайғамбарларнинг дунёга келиши, уларнинг жамият тараққиётидаги ижтимоий, маънавий, маданий ва ахлоқий таъсирлари, қарашлари ва муносабатлари қиёсий тарзда ўрганилади.
Берунийнинг ушбу асари ўз даврининг мутлақ ягона воқелиги эмас эди. Чунки бу пайтда подшоликлар ва пайғамбарлар ҳаётига бағишланган турли-туман хотиралар, афсоналар ва ривоятларга асосланган маънавий-маърифий асарлар, саёҳатномалар, бадиалар кўпдан-кўп ёзилган эди. Берунийнинг даҳолик қудрати шундаки, у ўзигача яратилган ва мавжуд бўлган манба ҳамда адабиётларнинг энг асосийларини мумкин қадар чуқур ўрганиб, уларнинг ҳар бирига муносиб баҳо бериб, энг асосли хулосаларни илгари сурди. Бу хулосалар ҳозирга қадар ил­мий янгилиги, долзарблиги, назарий асосланганлиги, муҳим концептуал аҳамиятга эгалиги ва улкан ижтимоий моҳият касб этганлиги билан алоҳида қадрли.
Тарихни ўрганар экан, инсоният келиб чиқиши ва унинг ривожланиш динамикасини таҳлил қилар экан, Беруний ҳақиқатга ишонмовчи кишилар билан мунозара қилиб, уларни скептицизмда айблайди ва булар “қатъий ҳужжатларни қабул этишда худди шердан қўрқиб қочган эшаклардек қочадилар”3, — дейди.
Шарқ тарих фалсафасининг ўзига хослиги шундаки, унда турли даврларда ҳукм сурган подшоликлар ва улар­нинг сулолалари тарихий давр сифатида қабул қилинади ва ана шу даврда юз берган барча воқеалар, маънавий-ахлоқий мезонлар, маданий ва ижтимоий тараққиёт бе­восита ана шу подшоликлар ва уларнинг сулолалари юргизган сиёсат асосида ўрганилади.
Беруний ҳам ана шу тартиботдан унумли фойдаланган. У ўзининг «Осор ал-боқия» деб номланган асарида турли даврларда ҳукм сурган подшоликлар ва сулолаларнинг кўпдан-кўп жадвалларини киритган: Македониялик батлимуслар (птолемейлар), рум, христиан, қадимги Эрон, сосонийлар сулоласи подшоҳлари, араб халифалари (уммавийлар ва аббосийлар) кабиларнинг ўз даврига хос шажаравий-тарихий жадвалини яратди. Улар ўта аниқ ва ишончли манбалардан олинган бўлиб, подшоҳларнинг ҳукмронлик қилган даврлари деярли тўғри кўрсатилган. Улар бошқа тарихий китоблар билан солиштириш натижасида тўла исбот этилганлиги билан алоҳида ажралиб туради. Берунийнинг ушбу асари инсоният тарихини ўрганувчи мутахассислар, тарихчилар, социологлар, файласуфлар, этнографлар ва демографлар учун муҳим манба бўлиб хизмат қилмоқда4.
Атоқли манбашунос Исматулла Абдуллаев Берунийнинг «Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар» («Осор ал-боқия») асари хусусида фикр юритар экан, аллома ўз даврининг ижтимоий муҳити, кишилик тарихий тараққиёти, халқлар, урф-одатлар, маданиятлар ва оламни англаш борасидаги қарама-қарши фикрларни анча чуқур эгаллаганлигини баён этади. Жумладан, Беруний юнонлар, румликлар, эронийлар, сўғдийлар, хоразмликлар, ҳарронийлар (юлдузга топинувчилар), қибтийлар, христианлар, яҳудийлар, исломгача бўлган араблар ва мусулмонларнинг вақт ўлчовлари, йил ҳисоблари, ҳайитлари ва муқаддас кунларини ижтимоий-тарихий, маданий ва маърифий жиҳатдан анча чуқур ўрганган. Бу инсоният та­рихини бевосита фалсафий ўрганиш, мантиқий хулосалар чиқаришга асос бўлган.
Берунийнинг тарих фалсафаси айни ана шу турли халқ­лар, мамлакатлар, минтақаларда мавжуд турмуш тарзи ор­қали ривожланиш омиллари, тараққиёт йўналишларини ўрганади ва тегишли хулосалар чиқаради. Бу бевосита ан­тропология, антропогенез, демография ва этнография билан боғлиқ бўлган қомусий тадқиқот усулини тақозо этади.
Беруний қадимги халқлар тарихи, уларнинг маънавий-маданий ёдгорликлари, ижтимоий-ахлоқий қарашлари хусусидаги ушбу асарини қандай мақсадда ёзганини қуйидагича ифода этади: «Адиблардан бири мендан (турли) халқлар ҳақидаги тарихлар, уларнинг бошланишлари ва шохобчалари, яъни ойлар ва йиллари устида у тарих эгаларининг ихтилофлари ва бу ихтилоф сабаблари, машҳур байрамлар, (ҳар хил) вақтлар ва юмушлар учун белгиланган кунлар, миллатларнинг баъзиси амал қилиб, баъзиси амал қилмайдиган бошқа (маросимлар) ҳақида сўради ва мени имкон борича уларни жуда равшан баён этиб, ўқувчи фаҳмлайдиган, (турли) китобларни ахтариш ва шу китоб эгаларини суриштиришга эҳтиёж қолмайдиган (бир асар ёзишга) даъват этди»5.
Беруний ана шундай мураккаб ва ўта масъулиятли вазифани зиммасига олган эди. Маълумки, биринчи уйғониш даври бўлган айни Беруний яшаган давр олам ва одам, инсон ва табиат ўртасидаги қарашларда жиддий тарзда қарама-қаршиликлар юзага келган, турли диний эътиқодлар ва тушунчалар бир-бирини инкор қилиб, бир-бири­ни рад этаётган, дунёвий фанлар эса катта куч-қудрат билан тараққиёт йўлига чиқиб олган бир даврда энг тўғри ва энг мақбул йўлдан бориш илмда анча мураккаб ва, ҳатто, хатарли эди. Беруний инсоният тарихига, халқларнинг келиб чиқиши, уларнинг ўзига хослиги ва умумийлиги муаммоларини ўрганишда том маънода ўзига хос ёндашди. Жумладан, у «Ривоятларни давримизга энг яқини ва энг машҳурини, сўнгра яқинроқ ва машҳурроғини бирин-кетин олиб боришимиз лозим, уларни ўз арбобларидан қабул қилиб, тузатиш мумкин бўлганини тузатамиз, бошқаларини ўз ҳолича қолдирамиз. Шунда биз келтирган ривоятлар ҳақиқатни қидирувчи ва ҳикматни сезувчининг улардан бошқа ривоятлар устида иш юргизишига ёрдамчи ва бизга муяссар бўлмаган нарсаларга эришиш учун йўловчи бўлади»6, — деган эди. Берунийнинг подшоҳлар, пайғамбарлар {сохта пайғамбарлар), машҳур шахслар, турли халқлар, хилма-хил диний қарашлар та­рихини ўрганиш жараёнида уларга бевосита халқлар маданияти, турмуш тарзи, анъаналари, урф-одатлари, ди­ний эътиқодлари орқали баҳо берадики, бу ўз даврининг жуда катга ва кенг миқёсдаги қомусий тадқиқот мақомига эгалигини кўрсатади.
Беруний тарихни фалсафий идрок этиш, инсоннинг келиб чиқиши, унинг гавда тузилиши ва тилларнинг турлича бўлиши, қиёфалар, юз кўриниши ва тана тузили­ши, ранги ҳақидаги илк ибтидоий қарашларни кескин рад этади. Жаҳон фанида биринчи маротаба инсон ва табиат, одам ва олам ўртасидаги муносабатларни дунёвий фан нуқтаи назаридан тадқиқ этади. Турли афсоналар, асотирлар ва ривоятларни четга суриб, муаммони илмий тадқиқ этиш йўлидан боради. Жумладан у «(одамлар) тузилиш- ларининг ранг, сурат, табиат ва ахлоқда турлича бўлиши фақатгина насабларининг турличалигидан эмас, балки тупроқ, сув, ҳаво ва ернинг, (одам) яшайдиган жойларнинг турличалигидан ҳамдир. Тилларнинг турлича бўлишига сабаб одамларнинг гуруҳларга ажралиб кетиши, бир-биридан узоқ туриши, уларнинг ҳар бирида турли хоҳишларни ифодалаш учун (зарур) бўлган сўзларга эҳтиёж туғилишидир. Узоқ замонлар ўтиши билан ҳалиги иборалар кўпайиб, ёдда сақланган ва такрорланиш натижасида таркиб топиб, тартибга тушган»7, дейди.
Кўриниб турибдики, Беруний қарашларига кўра инсон танасининг ранги, суврати ва сийрати (тафаккур тарзи), шакли ва мазмуни, хуллас, феъл-атвори ва маънавий қарашлари бевосита табиий муҳит орқали шаклланади ва ривожланади. Тупроқ, сув, ҳаво ва ернинг, умуман олганда, та­биий иқлимнинг инсон ривожланишидаги ўрни ва роли алоҳида аҳамиятга эга. Зотан, худди ана шу табиий муҳит, географик шароит халқлар, миллатлар шаклланишининг муҳим асоси сифатида роль ўйнайди. Турли минтақаларда яшайдиган халқлар ва, ҳатто, бир мамлакатнинг турли вилоятларида яшаётган бир миллатга мансуб одамларнинг ташқи қиёфаси, феъл-атвори, сўзлашуви, тили, талаффузи ва муносабатларида турли хиллик мавжуд-лигини бугун­ги кунда ҳам яққол кўришимиз мумкин.
Беруний тилларнинг турлича бўлиши сабаблари ҳақида фикр юритар экан, инсоният руҳиятининг, руҳий олами­нинг нақадар мураккаб эканлигини чуқур англайди. Муносабат билдириш, хоҳиш-истакларни ифодалаш учун сўзга эҳтиёж туғилганлигини ишонарли тарзда баён этади ва инсон феъл-атворининг шаклланиши жараёнини аниқ тасаввур этиб, маълум предметларни қандайдир ном би­лан аташ, қайсидир маънони англатадиган иборалар аста-секин кўпайиб, улар ёдда сақланиб, такрорланиши нати­жасида маълум миллатга мансуб тил шаклланиши, сўзларнинг тартибга тушиши жараёнларини аниқ тасаввур этади ва ёрқин ҳамда тушунарли тарзда ифодалайди. Бу инсоннинг этногенезиси, унинг келиб чиқиш жараёнлари, тур­ли минтақаларда турли тилларнинг пайдо бўлиши, шакл­ланиши ва ривожланишидан тортиб, яхлит инсоният ижтимоий-тарихий ва маданий тараққиёти моҳиятини англашгача бўлган кенг миқёсли илмий-назарий тадқиқот мавқеини эгаллайди.
Беруний ўзигача бўлган инсоният тарихини тадқиқ, этар экан, «Мен уларнинг ўзимгача етиб келган гапларини ҳикоя қиламан. Кучим етганча бузилганларини тузатишга, ёлғонларни бекор қилишга, ростни аниқлашга уринаман»8, - дейди.
Шарқона камтарлик билан айтилган ушбу фикрдан кўриниб турибдики, Беруний инсоният тарихини жуда чуқур ўрганиш билан бирга, уни турли афсоналардан, ривоятлардан тозалаб, реал тарихий жараёнга реал ва ил­мий ёндашиш тамойилларини илгари суради. Тарихни фалсафий тадқиқ этиш тамойили шуни тақозо этадики, у ҳар қандай илмий тушунчалар, турли манбалар ва тари­хий далилларни тўғридан-тўғри қабул қилмайди. Уларнинг ҳар бирига тафаккур орқали ёндашиб, тарих ҳақиқатини тиклаш билан бирга воқеа-ҳодисаларнинг мантиқий ривожи орқали тарих моҳиятини, мазмунини ва яхлит фал­сафасини вужудга келтиради.
Фаннинг ана шундай ўзига хос қонуниятларидан ке­либ чиқиб Беруний ўз фикрини давом эттиради: «Сўнгра буни кўпчилик кишиларнинг табиатини пасткашлаштирадиган, ёмон ахлоқдан, ҳақиқатни кўришга қўймайдиган омиллардан ўзини тозалагандан кейин уларнинг исбот учун келтирган сўз ва эьтиқодларини бир-бирига солиштириш билан билинади»9. Ана шу ҳолатнинг ўзи илмий билиш жараёнини шунчаки тасаввурлар ҳолатидан мантиқий англаш, фалсафий фикр юритиш босқичига кўтаради. Натижада ҳар бир воқелик атрофида шунчаки тари­хий ҳодиса сифатида эмас, балки у жамият, кишилик ҳаёти моҳияти билан боғлиқ бўлган жуда катга ижтимоий, маъ­навий-ахлоқий воқелик эканлигини англаш мумкин бўлади.
Беруний тарихий манбалар устида ишлар экан, у ҳар бир манбага мутлақ ҳақиқат сифатида қарамайди. Ҳақиқат ичидан ҳақиқат излайди ва шу йўл билан тарих ҳақиқати­ни тиклашга интилади. Натижада биз «то уларнинг барчасини билиш вақти келгунича баён этишдан тўхтадик, чунки шубҳани аниқ ва номаълумини маълумга қўшиш биз юрган йўлга лойиқ эмас»10, — деган қатъий хулосага келади. Унинг тасаввурича, ҳар қандай тарихий асар ҳеч кимда шубҳа уйғотмаслиги, у мутлақ ҳақиқатга таянмоғи лозим.
Атоқли олим Омонулла Файзуллаевнинг хулосаларига кўра Беруний ўз даврининг прагматистларига қарши кес­кин курашди. Чунки улар ўзларига ёққан нарсага мутлақ ҳақиқат деб қарашар эди. Фақат унигина ҳимоя қилардилар ва эътиқодларига қарши бўлган ҳар қандай рост ва асосли далилларни рад этардилар11. Илмий ва тарихий ҳақиқат эса мумкин қадар холисликни, қиёсий таҳлил, таққослаш орқали аниқланадиган хулосаларни тақозо этади. Фақат холисликкина тарихий тараққиёт ва ижтимоий ҳаёт моҳиятини очиши, унга реал баҳо бериши ва бир бутунлигича тиклаши мумкин.
Беруний тарихий жараён таҳлилига киришар экан, уни фалсафий мушоҳада этади, ундан моҳият излайди ва на­тижада мантиқий хулосалар чиқаришга эришади. У инсон олами бетакрор, ранг-баранг, ҳар бир индивид ўзича бир дунё, тарихий жараён ва ижтимоий тузум эса инсон манфаатларининг реал кўриниши деган фикрга келади. У маъ­лум бир халқлар ва мамлакатлар тарихини ўрганар экан, яхлит инсоният тарихини бутун моҳияти билан ўрганиш, тадқиқ этиш ва у ҳақдаги сўнгги хулосаларни айтиш мум­кин эмас, деган ғояни илгари суради ва натижада «давримизга энг яқин ва машҳур ривоятларидан бошлаб, борган сари нарига, объектга яқинлашиб борилади ва йўл-йўлакай тузатилиб кетилади», — деган хулосага келиб, фикрини давом эттиради: «...Халқларнинг бир-бирига (тегишли) хабарларни аниқлаб билишга бир инсон умри кифоя қилмайди-ю, ҳамма халқлар (ҳақидаги) хабарларни билишга қандай кифоя этсин. Бу мумкин эмас»12..
Беруний ана шу қарашлари билан инсоният тарихи инсон тафаккурининг маҳсули эканлигини, бу тафаккур чексиз, унинг барча қирралари ва йўналишларини, манфаатлари ва моҳиятини тўлақонли англаш анча мураккаб эканлигини далиллайди. Демак, тарих ҳақидаги ҳар қандай фикр нисбий ва чекланган. Фақат тарихшуносликкина, фангина ват нуқтаи назаридан чекланган бўлса-да, моҳият ва мазмун жиҳатидан чексиздир.
Беруний халқлар тарихини, уларнинг турмуш тарзи ва ҳаёт анъаналарини ўрганар экан, ҳар қандай манбага алоҳида эътибор билан қарайди. Уларни чоғиштириш йўлидан боради. Тарихий муддатлар, даврларни қиёсий тарзда ўрганиб, ҳар томонлама мукаммал ва асосли далилларни тўплайди. Унинг ўзига хос катга ютуқларидан бири шун­даки, ҳар бир тарихий воқеликка турдош фанлар имкониятларидан кенгроқ фойдаланишга ҳаракат килади. Шу­нинг учун ҳам унинг маълум бир халқ тарихи ёки ўтмиш­нинг маълум бир даври ҳақидаги хулосалари ва таҳлил усуллари баъзан юксак бадиий нафосат, сўз санъатининг ноёб кўриниши даражасига кўтарилса, айрим жойларда мантиқий тафаккур, воқеалар моҳиятига чуқур кириб бориш, уларнинг таг-заминига етиб бориш ва фалсафий мушоҳада юритиш устуворлик қилади.
Айрим ҳолатларда бир воқелик атрофида фикр юритар экан, мунажжимлар қарашлари, асотирлар, афсоналар ва ривоятлар устуворлигини рад этиб, астрологик қарашларни инкор қилади. Осмон жисмларининг айланиши, Ер, қуёш системаси, ой ва юлдузлар ҳаракатининг аниқ мароми бундай ривоят ва афсоналарни рад этишини таъкидлайди. Натижада унинг тарихий тадқиқотлари ма­тематик ҳисоб-китоблар, ўлчовлар, табиат ва яхлит олам қонунияти, геометрик аниқликлар орқали йирик фалса­фий умумлашмалар ва мантиқий хулосаларнинг бетакрор кўринишларига олиб келади.
Берунийнинг тарих фалсафасида антропогенез — ин­сон ва унинг келиб чиқиши, ривожланиш жараёнлари, антропософия — инсоннинг ҳис-туйғулари, ҳис этиш имкониятлари ва таъсирланиш ҳолатлари юқори даражада ривожланган мистик таълимот йўналиши билан уйғун ҳолда олиб борилади. Ана шундай ҳолатлардан келиб чиққан қарашларда инсон ҳаёти кишилик жамиятининг маркази, барча мавжудот ва борлиқ оламнинг бирламчи ва бош моҳияти даражасига кўтарилади. Демак, бундай қарашларда антропоцентристик йўналиш устуворлик қилади. Умуман олганда, Берунийнинг оламни тадқиқ этиш, уни ўрганиш, инсон ва кишилик жамияти моҳиятини илмий-назарий тадқиқ этишда ўз даврига хос бўлган илоҳий ва дунёвий қарашларнинг табиий ва ҳайратомуз уйғунлигини кўриш мумкин.
Тарих Беруний учун фикр ва тафаккур манбаи. У ҳар доим турли фанларнинг ўз қонуниятлари доирасида ўзаро таъсири, ўзаро узвийлиги ва уйғунлигининг ноёб қирраларини кашф этади. Натижада тарих ҳақидаги тасаввур хоҳлаган фан тадқиқотчиси учун муҳим манба бўлиб хиз­мат қилади. Дейлик, астроном ўзи учун, математик ўз қарашларига мансуб, этнограф ё антрополог инсоннинг вужудга келиши ва шаклланиши, кишилик жамияти қонуниятлари ва тажрибалари ҳақидаги ўз асосли илмий хулосаларига эга бўлади. Берунийнинг қомусий билим имкониятлари ва қирралари ана шу тарзда вужудга келади.
Беруний тарихий тадқиқотни бошқа турдош фанлар билан боғлиқ ҳолда олиб борганлиги, турли фанларнинг предмети ва ўзига хос тадқиқот йўналишлари орқали та­рихга ёндашганлиги ҳақида гапирар экан, у қуйидаги ху­лосага келади: «Мақсад гапни чўзиш эмас, балки ўқувчини зериктирмаслик. Чунки доимо бир нарсага қарайвериш малоллик ва сабрсизликка олиб келади. Ўқувчи фандан фанга ўтиб турса, турли боғларда юрганга ўхшайди. Бирини кўриб улгурмай бошқаси бошланади ва у киши «ҳар бир янги нарсада ўзига яраша лаззат бор» дейилгандек, уларни кўришга қизиқади ва кўздан кечиришни истайди. Бир хил нарса чарчатади, хотирага малол келтиради»13.
Балки шундайдир. Балки Беруний шарқона такаллуф билан, «зериктирмаслик», «малол келтирмаслик», «Ўқувчига енгиллик яратиш» орқали ўзининг ниҳоятда кенг ва серқирра – комусий-илмий фаолиятига камтарлик билан баҳо бергандир. Балки ўша давр тафаккур чегаралари доирасида илмий тадқиқотга ёндашиш ва усуллари ҳақидаги тасаввурларидир. Бироқ бугунги фан тараққиёти ютуклари нуқтаи назаридан қараганда тарихга тарих сифатидагина қараш камлик қилмоқда ва Беруний тажрибасига, унинг тарихни таҳлил этиш усулига эҳтиёж сезилмоқда. Тарих том маънодаги инсон ва унинг тафаккури ҳақидаги фанга айланмоқда. Демак, ҳар қандай тарихий тадқиқот, ҳар қандай ўтмиш воқеликлари фақат тарихга ёндашиш орқали моҳиятини очмайди. Унга фалсафа, мантиқ, со­циология, этнография, антропология, астрономия ва, ҳатто, бугунги кун фанининг ноёб ютуғи бўлган ген инженерлиги, математика, физика, биология ва бошқа табиий фанларнинг ижтимоий йўналишлари орқали ёндашишни ҳам тақозо этади.
Беруний подшоликлар тарихи орқали ўтмишни даврлаштириш тамойилидан борар экан, ўз даврининг подшолари, саналари, исмлари, ҳукмронлик муддатлари ва уларнинг аҳволлари ҳақидаги хабарлар ҳар хил, турли муаллифлар томонидан турлича баён этилганлигини кўрсатади. Бунда у ҳар қайси муаллиф ўз қарашлари, шахсий манфаатлари ва маълум подшоҳга бўлган муносабатларидан келиб чиқиб ёндашганлигини айтади. Натижада ман­фаатлар устуворлиги, қарашларнинг хусусийлиги, ёқтирганини мақташ, ёқтирмаганидан камчилик излаш ҳолат­лари юзага келар экан, бу тарих ҳақиқатини бузади, фанни чалғитади. Ана шу жиддий ва принципиал масалалардан келиб чиқиб, фандаги ихтилофларни бирма-бир солиштириб ўрганар экан, Беруний қарашларини ва мавжуд ихтилофларни атоқли олим Омонулла Файзуллаев қуйидагиларга бўлади:

Download 56,79 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©www.hozir.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling

kiriting | ro'yxatdan o'tish
    Bosh sahifa
юртда тантана
Боғда битган
Бугун юртда
Эшитганлар жилманглар
Эшитмадим деманглар
битган бодомлар
Yangiariq tumani
qitish marakazi
Raqamli texnologiyalar
ilishida muhokamadan
tasdiqqa tavsiya
tavsiya etilgan
iqtisodiyot kafedrasi
steiermarkischen landesregierung
asarlaringizni yuboring
o'zingizning asarlaringizni
Iltimos faqat
faqat o'zingizning
steierm rkischen
landesregierung fachabteilung
rkischen landesregierung
hamshira loyihasi
loyihasi mavsum
faolyatining oqibatlari
asosiy adabiyotlar
fakulteti ahborot
ahborot havfsizligi
havfsizligi kafedrasi
fanidan bo’yicha
fakulteti iqtisodiyot
boshqaruv fakulteti
chiqarishda boshqaruv
ishlab chiqarishda
iqtisodiyot fakultet
multiservis tarmoqlari
fanidan asosiy
Uzbek fanidan
mavzulari potok
asosidagi multiservis
'aliyyil a'ziym
billahil 'aliyyil
illaa billahil
quvvata illaa
falah' deganida
Kompyuter savodxonligi
bo’yicha mustaqil
'alal falah'
Hayya 'alal
'alas soloh
Hayya 'alas
mavsum boyicha


yuklab olish