6-мавзу. Билиш фалсафаси
Режа
1. Билиш тушунчаси, мазмун ва моҳияти.
2. Рационал билишнинг хусусиятлари.
3. Ҳиссий, эмпирик, назарий ва интуитив билиш даражалари.
4. Фалсафада ҳақиқат муаммоси
1. Билиш тушунчаси, мазмун ва моҳияти.
Инсон ўзининг бевосита борлигини, мавжудлигини уни қуршаб турган дунё билан доимий алоқада амалга оширади. Дунёда яшаш ва оптимал мослашиш учун инсон, унинг ақл-идроки ва ҳислари ташқарига, яъни дунёни билишга қаратилган. М.Хайдеггернинг сўзлари билан айтганда «билиш тадқиқот сифатида мавжуд нарсани ҳисоботга жалб этади». Билиш фаолиятига инсон ҳаёти ва фаолиятининг зарур элементи деб қарамоқ зарур. Билишнинг мақсади ва вазифаси турли ҳодисаларни ўрганиш йўли билан уларнинг чуқур, турғун, белгиловчи томонлари ва қирраларини, уларнинг моҳиятини очиб, хақиқатни англаб олишдан иборат. Антик фалсафадаёқ софистлар ва Сократ дунёқарашининг асосий масаласини инсоннинг табиатга, субъектнинг объектга, тафаккурнинг борлиққа муносабати масаласи сифатида илк бор таърифлаб берган эдилар.
Янги замонда Ф.Бэкон ва Р.Декарт билиш тўғрисидаги таълимотни бойитиб, уни субъектнинг объектга муносабати деб таърифладилар. Декартнинг сўзларига кўра, субъект – бу билиш ҳаракатининг соҳиби бўлган шахсдир, фикрловчи «Мен» дир. Объект – бу субъектнинг билиш фаолияти йўналтирилган нарсадир, яъни бизни қуршаб турган бутун оламдир. Билиш объекти билиш вазиятида бевосита берилган эмас, у ижтимоий амалиётнинг ривожланиш даражаси билан белгиланади, детерминацияланади. Билиш субъекти ҳам ўзининг билиш фаолияти кенг амалга ошириладиган конкрет ижтимоий-тарихий вазият орқали белгиланади. Бинобарин, билишнинг ўзи ҳам ижтимоий табиатга эга, уни ижтимоий амалиёт белгилаб беради. Дунёни билиб бўладими ёки йўқми, агар билиб бўлса бу бизнинг онгимизда қандай акс этади, деган масала ҳамиша фалсафий фикрни қизиқтириб келган. Билиш назарияси, ёки гносеология (юнонча – билиш ҳақидаги таълимот) – фалсафий таълимотларнинг ажралмас қисмидир.
Гносеология субъектнинг билиш фаолиятининг принциплари, қонуниятлари, шакллари, босқичлари ва даражаларини, шунингдек, шу принцип ва қонунлардан келиб чиқадиган, ҳақиқий билимга эришилишини таъминлайдиган талаблар ва мезонларни ўрганади. Билиш назарияси билиш жараёнининг оддий, кундалик даражасини ҳам, билишнинг умумий илмий шакллари ва методларини ҳам тадқиқ қилади.
Билиш жараёни, бу – тўлалигича рационал, фақат ақлга бўйсунувчи, формал, қуруқ жараён эмас, чунки у тирик кишилар томонидан амалга оширилади, шу сабабли билиш эмоционал элементларни – ирода, ният, истакларни ўз ичига олади. Шу муносабат билан айтиш жоизки, нарсалар, атрофдаги воқелик ҳодисалари субъектнинг назарига тушган, нимаси биландир унинг диққатини тортган, у билан ўзаро алоқада бўлган, унинг томонидан жами бошқа предметлар ва жараёнлардан ажралиб олинган тақдирдагина билиш объектига айланади. Шу маънода субъект объектни шакллантиради, шунинг учун ҳам объектсиз субъект бўлмаганидек субъектсиз объект ҳам бўлмайди, дейдилар.
Фалсафа тарихида вақти-вақти билан дунё ҳақида ишончли билимларга эришиш мумкинлигини шубҳа остига қўювчи таълимотлар пайдо бўлиб турган. Бундай таълимотнинг биринчиси эрамиздан аввалги IV асрда пайдо бўлган антик скептицизмидир. Скептиклар билишнинг мумкинлигига эътироз билдирмаганлар, лекин бизнинг билимларимизнинг ишончлилигини, уларнинг ташқи дунё ҳодисаларига мувофиқлигини шубҳа остига қўйганлар.
Скептицизм тарафдорлари икки қоидадан келиб чиққанлар. Биринчиси – фалсафада тизимни ташкил этувчи ягона асос йўқ, яъни у ўз ичида мантиқан зиддиятлидир. Иккинчиси – файласуфлар бир-бирига зид келадиган ва баб-баравар рад этилиши мумкин бўлган қоидаларни асослашлари сабабли фалсафа ҳақиқатни топа олмайди. Бинобарин, дунё ҳақида ишончли билимнинг бўлиши мумкин эмас.
Скептицизмнинг асосчиларидан бири Пиррон (эрамиздан олдинги тахминан 365-275 йиллар) хиссий идрокни ишончли деб ҳисоблаган (масалан, агар бирон нарса субъектга аччиқ ёки ширин туюлса, шу ҳақидаги фикр ҳақиқат бўлади), янглишув эса, унингча субъект бевосита ҳодисадан моҳиятни, объект асосини билишга ўтмоқчи бўлганда пайдо бўлади. Унинг фикрича, объект ҳақидаги ҳар қандай даъвога унинг мазмунига зид бўлган даъвони қарама-қарши қўйиш мумкин. Демак скептик узил-кесил ҳукмлардан тийилиб турмоғи лозим.
Синопалик Диоген ва Секст Эмпирик шунга ўхшаш ғояларни ёқлаб чиқдилар. Улар билиш фаолиятида, шунингдек кундалик ҳаётда ҳам субъект ўз соғлом фикрига таянмоғи керак деб ҳисоблаганлар. Ўрта асрлар даврида скептицизм ғоялари Ғарбда ҳам (Пьер Абеляр), Шарқда ҳам (aл-Ғаззолий) ривож топди. Масалан, Ал-Ғаззолий бундай деган: «Охиригача билишга ожизлик ҳам билишдир; кишиларга Уни билиш йўлини фақат Уни билишга ожизлик орқали яратиб берган Зотга шарафлар бўлсин»1.
Янги замон фалсафасида скептицизм позициясини Юм изчилик билан ҳимоя қилиб чиқди. Юм ташқи дунёнинг реаллигини шубҳа остига олди. Фақат ўз сезгиларимизнинг реаллигига шубҳаланиш мумкин эмас, дейди шотландиялик бу мутафаккир. Сезги органларининг бу таассуротлари ё уларга ташқи дунё таъсири туфайлик ёки инсон ақлининг алоҳида энергияси туфайли келиб чиқиши мумкин. Бу ерда тажриба сезгиларимизнинг ҳақиқий манбаини аниқлашга ожиздир. Юм дунёни билиш мумкинлигини инкор этибгина қолмасдан, балки, шу билан бирга, субъектнинг хиссий таассуротлари доирасидан ташқарида бирон-бир реал нарсанинг мавжудлиги тўғрисидаги масалани очиқ қолдирди.
Немис классик фалсафасининг асосчиси И.Кант Д.Юм ғояларини танқидий жиҳатдан қайта ишлаб чиқди. Кантнинг трансцендентал идеализми шундан иборатки, у, бир томондан, бизнинг онгимиздан мустақил равишда «ўзида нарсалар» («вешь в себе») мавжудлигига шубҳаланмаган, иккинчи томондан эса, у «ўзида нарсаларни» принцип жиҳатидан билиб бўлмайди, деб даъво қилган. Нарсаларнинг моҳиятини ҳеч нима билан пайқаб, илғаб бўлмайди. Билиш субъекти бўлган одам фақат ҳодисалар ва жараёнлар сиртида ётган билан кифояланади, фақат ҳодиса, «биз учун нарса» («вешь для нас»)билан иш кўради. «Биз учун нарса» бизга «ўзида нарсалар» ҳақида ҳеч нима демайди. Дунё инсон учун «ўзида нарсалар»нинг билиб бўлмас сири бўлиб қолади, шунинг учун бу фалсафа агностицизм номини олди (юнонча а – инкор, гностос – билиб бўладиган )
Агностицизм – бу шундай таълимотки, унга кўра дунё ҳақида ҳақиқий, ишончли билимларга эришиб бўлмайди. Агностицизм билишни фақат билувчи ақлнинг фаолияти деб билади.
Илмий-техникавий тараққиёт ва информацион цивилизация даврида ҳозирги замон гносеологиясида шуни ҳисобга олмоқ муҳимки, билиш субъекти билан объект орасида кўпинча воситачи прибор, тадқиқот қурилмаси туради. Бу ўзига хос гносеологик вазиятни вужудга келтиради. Прибор объектни адекват, айнан акс эттириш жараёнига муайян узлуксиз ва тасодифий хатолар киритиши сабабли, тадқиқотчи уларга зарур корреляция қилмоғи лозим. Бироқ бу агностицизмнинг тантанасини билдирмайди, балки бизнинг билиш усулларимиз, методларимиз, восита ва шаклларимиз доимий такомиллаштирилиб туришга муҳтож эканлигини кўрсатади. Бизни қуршаб турган дунёни билиш мумкин, билиш эса – субъектнинг ҳақиқатни англаш ва уни ўз амалий, яратувчилик, ўзгартирувчилик фаолиятида қўллаш мақсадида ташқи дунёни онгли равишда акс эттиришидир.
Do'stlaringiz bilan baham: |