Амир Темур давлатида бошқарув тизими ва қўшин тузилиши


Темурийлар давлатининг парчаланиши



Download 0,84 Mb.
bet4/29
Sana05.06.2022
Hajmi0,84 Mb.
#638382
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   29
Bog'liq
Oʻzbekiston tarixi Temuriylar Shayboniylar

Темурийлар давлатининг парчаланиши


Режа:

  1. XV асрнинг сўнгги чорагида Мовароуннахр

  2. XV асрнинг сўнгги чорагида Хуросон ва Хоразм

1. 1469 йилнинг 17 март куни Абусаид мирзонинг ҳалок бўлганлиги бўлганлиги хабари Ҳирот шаҳрига ҳам етиб келди. Шу куни Озарбайжонда мағлуб бўлган қўшин билан Ҳиротга етиб келган Абусаид мирзонинг ўғли Султон Маҳмуд мирзо ва унинг акаси Самарҳанд ҳокими Султон Аҳмад мирзолар номига хутба ўқилди. Абусаид мирзонинг топшириғи кўра Ҳисори Шодмон вилоятидан ўз қўшини билан Озарбайжонга кетаётган амир Қанбар Али ҳам Ҳиротга етиб келиб, шу ерда турган эди. Марҳум ҳукмдор фарзандлари номига хутба ўқилишида ушбу амирнинг хизмати катта эди. Лекин ҳиротликлар Мовароуннаҳрлик амирлар қўли остида қолишни ҳоҳламадилар. Султон Ҳусайн Байқаронинг етиб келаётганлиги хабари келиши билан 1469 йилнинг 18 март куни Ихтиёриддин қалъаси ҳокими қалъа дарвозаларини беркитиб, исён бошлади. Шаҳар амалдорлари ва обрўли кишиларнинг аксарияти шаҳардан чиқиб, яқинлашиб келаётган Султон Ҳусайн Байқаро лашкарига бориб қўшила бошладилар. Бундай шароитда Ҳиротда қолишни маъқул топмаган самарқандлик амирлар Ҳиротни тарк этишга қарор қилдилар. Уларнинг шаҳарни тарк этишига 50 минг кишилик қўшин билан Амударёни кечиб ўтиб, Мурғоб дарёси бўйига етиб келган Султон Аҳмад мирзонинг кутилмаганда Самарқандга қайтишга қарор қилганлиги ҳам таъсир қилган бўлиши мумкин. Султон Абусаид мирзо Озарбайжон юришини бошлаши олдидан агарда Хуросонга Султон Ҳусайн Байқаро ҳужум қиладиган бўлса, Султон Аҳмад мирзо ўз қўшини билан Ҳиротга етиб келиши кераклигини таъкидлаган эди. 1469 йилнинг баҳорида Султон Ҳусайн Байқаронинг Хуросонга бостириб кириш хавфи пайдо бўлганини эшитгач, Самарқанд лашкари Хуросон томон йўлга чиқади. Лекин Амударёдан кечиб ўтганларидан сўнг Султон Абусаид мирзонинг ҳалокати хабарини эшитгач, Мурғоб дарёсибўйида бир неча кун тўхтаб туради. Хуросон халқининг Султон Ҳусайн Байқаро кутаётганлиги маълум бўлган, Султон Аҳмад мирзо ортга қайтиш қарор қилади. Шундан кейин темурийлар давлати Хуросон ва Мовароуннаҳр мулкларига бўлиниб кетди ва қайта бирлашмади.
Султон Аҳмад мирзо бутун Мовароуннаҳр ҳокими ҳисобланса-да, аслида фақат Самарқанд ва Бухорогина унга тўлиқ бўйсунди. Биринчи бўлиб Султон Маҳмуд мирзо ўз аксига қарши исён бошлади. Хуросондан келганидан сўнг Самарқан девонини бошқараётган Султон Маҳмуд мирзо Ҳисори Шадмон ҳокими амир Қанбар Алининг таклифига кўра Аҳмад Муштоқ ва Хисравшоҳ каби амирлар билан пойтахтни тарк этди ва ўзини Ҳисори Шадмоннинг мустақил ҳокими деб эълон қилди. Гарчи кўп ўтмай Султон Маҳмуд мирзонинг исёнкор лашкари Султон Аҳмад мирзонинг қўшини томонидан тор-мор келтирилган, Султон Маҳмуд мирзонинг ўзи Амударё бўйига қочган бўлса-да, Ҳисори Шадмонни ўз қўлида сақлаб қолишга эришди. Хондамир унинг ҳукми остидаги мулклар қаторида Ҳисор, Хатлон, Термиз, Чағониён, Қундуз, Балқон, Бадахшон вилоятларини санаб ўтади. У Бадахшонни ҳам кейинчалик ўз мулклари қаторига қўшиб олган. Бу вақтда Бадахшонда Султон Абусаид мирзонинг бошқа бир ўғли Абобакр мирзонинг қўлида эди. Султон Маҳмуд мирзо Бадахшоннинг Катвар ва Сиёҳпушон худудларига яшовчи ислом динини қабул қилмаган аҳоли устига бир неча бор ғолибона юриш қилганлиги учун тарихий манбаларда “ғозий” унвонига сазовор бўлганлиги таъкидланади.
Ўратепа ва Шоҳруҳия, Тошкент ва Сирдарё бўйидаги шаҳарлар ҳам расман Султон Аҳмад мирзонинг тасарруфида эди. Ўратепа вилояти Самарқанд тахтига тўлиқ бўйсунган бўлса-да, Тошкент ва Сирдарё бўйидаги бошқа шаҳарлар ҳақида бундай фикр билдира олмаймиз. Тошкент ҳокими Шайх Жамол эса Султон Аҳмад мирзога деярли бўйсунмаган. Шайх Жамол 1472-1473 йиллари мўғул амири Абдулқундус томонидан ўлдирилганнидан сўнг Шоҳруҳия, Тошкент ва Сайрам шаҳарлари ҳам тўлиқ Султон Аҳмад мирзо ихтиёрига ўтади.
Лекин Султон Аҳмад мирзо ушбу шаҳарларни узоқ вақт ўз қўлида сақлаб тура олмади. 1462 йили Фарғона ҳокими этиб тайинланган Умаршайх мирзо 1469 йилдан водийни мустақил бошқара бошлади. 1473 йилдан сўнг Мовароуннаҳрда Султон Аҳмад мирзо мавқейининг кескин ошиб кетиши Умаршайх мирзонинг Мўғулистон хони Юнусхон билан яқинлашишига олиб келди. Натижада 1475-1476 йиллари Умаршайх мирзо Юнусхоннинг қизига уйланади ва Султон Аҳмад мирзога қарши курашда унинг ёрдамидан фойдаланишга интилади. Манбаларда санаси берилмаган бўлса-да, тахминан 1480 йилларда Султон Аҳмад мирзо эса Умаршайх мирзога Тошкент ва Сайрам шаҳарларини инъом этади. Манбаларда бу инъомнинг сабаби ҳақида сўз юритилмаган. Балки Султон Аҳмад мирзо Мўғулистон билан чегарадош худудларни Умаршайх мирзога бериш орқали Зарафшон ваҳосини мўғулларнинг талончилик ҳужумларидан асрамоқчи бўлгандир. Умаршайх мирзо эса бу ерларга қаноат қилмай Шоҳруҳияни ҳам эгаллаб олади. Натижада Султон Аҳмад мирзо 1481 йили Умаршайх мирзога қарши юриш бошлаб унинг қўшинларини Хавос яқинида тор-мор келтиради. Ушбу мағлубиятдан сўнг Умаршайх мирзо Юнусхондан ёрдам сўрайди. Юнусхон ўз қўшинлари билан Марғилонга келиб жойлашади. Натижада Султон Аҳмад мирзо ҳам юришни давом эттирмайди ва Хўжа Аҳрор валийнинг раҳномалигида сулҳ тузилади.
1482 йили Султон Аҳмад мирзо яна Фарғона томон юриш бошлайди. Умаршайх мирзо яна Юнусхондан ёрдам сўрайди ва унга бу сафар Ўшни инъом этади. Юнусхоннинг водийга келганидан хабар топган Султон Аҳмад мирзо яна юришни тўхтатишга мажбур бўлади. Юнусхон эса Ўшга ўз одамини қўйиб, Мўғулистонга қайтиб кетади. Умаршайх мирзо эса қўшин жўнатиб, қайнотаси томонидан қўйилган доруғани Мўғулистонга жўнатиб юборади. Лекин, Султон Аҳмад мирзо Тошкент, Сайрам ва Шоҳруҳия вилоятларини қайтариб олиш фикридан қайтмади. У 1483 йилнинг кузида Тошкентга юриш қилди. Шу юриш вақтида Султон Аҳмад мирзо Шоҳруҳияни забт этишга эришади. Умаршайх мирзо яна Юнусхонга мурожат қилади ва унга бу сафар Сайрамни топширади. Мўғулистон хонининг Сайрамга етиб кетиши билан Султон Аҳмад мирзо урушни тўхтатиб, Самарқандга қайтиб кетади.
1485 йили Умаршайх мирзо ўзининг 15 минг кишилик лашкари билан Шоҳруҳияни қайтариб олиш учун юриш бошлайди. Унга Юнусхоннинг катта Султон Маҳмудхон ҳам Сайрамдан 30 минг кишилик қўшин билан ёрдамга етиб келади. Султон Аҳмад мирзо ҳам Тошкентни қўлга киритиш мақсадида Шоҳруҳияда катта лашкар тўплайди. Лекин яна Хожа Убайдуллоҳнинг аралашуви билан сулҳ тузилиб, Тошкент Мўғулистон хони Юнусхон ихтиёрига ўтади. Натижада 1483 йили Сайрам вилояти Мўғулистон давлати таркибига, худди шу йили Шоҳруҳия Султон Аҳмад мирзо мулклари қаторига, 1485 йилга келиб Тошкент вилояти ҳам Мўғулистон давлати таркибига ўтади. Умаршайх мирзо узоқ давом этган курашдан сўнг юқорида таъкидланган худудларни қўлдан чиқариб фақат Фарғона водийси билан чекланишга мажбур бўлади.
1487 йили Юнусхоннинг вафот этиши билан Умаршайх мирзода Тошкент вилоятини қайтариб олиш умидини пайдо бўлади. Лекин Умаршайх мирзо қўшинлари Уштур қалъасини эгаллаб олган бўлса-да, кўп ўтмай мағлубиятга учрайди.
1487 - 1488 йили Султон Аҳмад мирзо Тошкентни темурийлар давлати таркибига киритиш мақсадида Султон Маҳмудхонга қарши юриш бошлайди. Султон Аҳмад мирзонинг мағлубиятидан сўнг Умаршайх мирзо Самарқанд томон юриш бошлаб Ўратепани қамал қилади ва эгаллаб олади. 1488 йилдан то Умаршайх мирзо вафотига қадар Ўратепа вилояти Фарғона улуси таркибида қолади.
1494 йили ўзаро иттифоқчиликда Султон Аҳмад мирзо ва Султон Маҳмудхонлар Фарғона водийси томон юриш бошлайдилар. Султон Аҳмад мирзо Ўратепа, Хўжанд, Марғилонни эгаллаб, Қубога етиб келган вақтда Умаршайх мирзонинг ҳалок бўлганлиги хабарини эшитади. Бу вақтда Султон Маҳмудхон ҳам ўз қўшинлари билан Фарғона водийси худудида бўлиб, Сирдарёнинг шимолий қисмидаги шаҳарларни бўйсундириш мақсадида жанг бошлаётган эди. Бобур мирзонинг тахтга ўтириши жуда таҳликали кунларга тўғри келади. Лекин, Фарғона амирларининг тадбиркорлиги, қолаверса Қубо сувидан ўтиш жараёнида Султон Аҳмад қўшинининг зарар топиши ва лашкарда тақалган от ўлати касаллиги вазиятни тубдан ўзгартирди. Султон Аҳмад мирзо сулҳ тузиб, Ўратепа ва Хўжандни ўз ихтиёрига ўтиши билан чекланиб, Марғилонни Бобур мирзо ихтиёрига қолдириб ортга қайтишга рози бўлади. Мирзо Ҳайдар бунга Султон Аҳмад мирзонинг касалланиб қолганлиги саббаб бўлганлигини таъкидлайди. Чиндан ҳам кўп ўтмай, аниқроғи 40 кун ўтиб, Самарқандга қайтаётган Султон Аҳмад мирзо Ўратепа вилоятида вафот этади. Султон Маҳмудхон эса Ахсини қамал қилиб эгалай олмайди. Гарчи айрим хоин амирлар Касонни хонга топширган бўлсалар-да, Ахсини қўлга кирита олмаган ва Султон Аҳмадхонни сулҳ тузганлигини эшитган Султон Маҳмудхон ҳам Касонни ҳам ташлаб ортга қайтишга мажбур бўлади.
1494 йили Султон Аҳмад мирзонинг вафот этиши ташқаридан қараганда Мовароуннаҳрдаги темурийлар давлатини бирлашиши учун қулай шароит яратгандек кўринди. Султон Аҳмад мирзонинг ўғил меросхўри бўлмагани учун тахт унинг укаси Сурхондарё, Ҳисор, Бадахшон, Қундуз вилоятларининг ҳокими Султон Маҳмуд мирзо қўлига ўтди. Лекин 1495 йили Султон Маҳмуд мирзо ҳам вафот этади. Самарқанд тахтига эса Султон Маҳмуд мирзонинг ўғли Бойсунғур мирзо чиқарилади. Султон Али мирзо эса Ўратепа, Султон Масъуд мирзо эса Ҳисори Шадмон ҳокимига айланади. 1495 йили Султон Маҳмудхон катта лашкар билан Самарқанд устига юриш бошлайди. Самарқанд яқинидаги Канбой ноҳиясида мўғул лашкари тор-мор келтирилди. Мовароуннаҳрдаги ўзаро низолардан фойдаланган Султон Ҳусайн Байқаро 1495-1496 йилнинг қишида Термиз, Ҳисор, Қундуз шаҳарларини забт этиш учун юриш бошлайди. Лекин юриш муваффақиятсизлик билан тугайди. Ушбу юриш вақтида Султон Масъуд мирзо Самарқанд чекинади. Ҳокимят эса амалда Марҳум Султон Маҳмуд мирзонинг йирик амирларидан Хисравшоҳнинг қўлига ўтади. У ўз укалари амир Валибек ва амир Боқи Чағониёнийлар билан биргаликда Султон Маҳмуд мирзо мулкини бошқара бошлайди. Бу даврда йирик амирларнинг ҳокимяти шу даражада кучайиб борадики, ҳатто Хисравшоҳ қўшинларининг сони 30 мингдан ошади. Ваҳоланки, унинг аскарлари Султон Маҳмуд мирзо даврида беш олти минг атрофида эди.
1496 йили Самарқандда тархон амирларининг фитнаси бўлиб ўтади. Бойсунғур мирзонинг ҳисорлик беклар билан яқинлигидан нарози бўлган Самарқанд беклари тўнтариш уюштириб, унинг ўрнига Султон Али мирзони тахтга чиқарадилар. Лекин бир неча кун ўтгач Хўжа Аҳрор валийнинг катта ўғли Хожаго Хожанинг ёрдами билан тахт яна Бойсунғур мирзо қўлига ўтади. Султон Али мирзо эса Хожа Аҳрор валийнинг кичик ўғли Хожа Яҳё ёрдамида Бухорога қочиб бориб, у ерда ҳокимятни қўлга киритади. Аслида эса Бухорода ҳокимят Абдували тархон қўлида бўлиб, у Султон Али мирзони доимий назоратда ушлаб туради. 1496 йили Бойсунғур мирзо Бухорога юриш қилади, лекин бу юриш унинг тўла мағлубияти билан тугайди. 1496 йилнинг кеч кузида Султон Али мирзо Бухородан, Бобур мирзо Андижондан, Султон Масъуд мирзо Ҳисордан (у Самарқанддан яна Ҳисорга қайтиб борган бўлса-да, у ҳам Хисрафшоҳ қўлида қўғирчоқ эди) Самарқанд тахти учун юриш бошлайдилар. Лекин иттифоқчилар ёзда янги юриш бошлашга келишиб ортга қайтадилар. 1497 йилнинг ёзида эса Бобур мирзо яна Самарқанд томон юриш бошлади ва 7 ойлик қамалдан сўнг Самарқанд шаҳрини забт этишга эришди. Лекин у атиги 100 кун ўтгач Самарқандни ташлаб Андижон томон қайтишга мажбур бўлди. Самарқанд эса 1498 йили Султон Али мирзо қўлига ўтади.
Умуман олганда XIV асрнинг сщнгги чорагида Мовароуннаҳрда йирик амирларнинг мавқейи жуда кучайиб кетди. Баъзи йирик амирлар ҳукмдорларга номигагина бўйсуниб баъзи вилоятларни амалда мустақил бошқардилар. Тошкент ҳокими Шайх Жамол, Туркистон ҳокими Муҳаммад Мазид тархон, Бухоро ҳокими Абуали тархон, унинг ўғли Боқи тархон, Султон Маҳмуд мирзо вафотидан сўнг Ҳисор, Чағониён, Қундуз, Хатлон, Бадахшонни эгаллаб олган Хисрафшоҳларнинг фаолияти сўзимизнинг яққол тасдиғидир. Бу эса марказий ҳокимятни кучсизлантирди ва мамлакатнинг сиёсий жиҳатдан парчаланишига олиб келди.
2. Султон Абусаид мирзонинг Озарбайжон юриши давом этаётган вақтда Султон Ҳусайн Байқаро туркман чўллари ва Дашти Қипчоқнинг ушбу чўллар билан чегарадош ҳудудларида яширинган эди. 1468 йилнинг ноябр ойларидан бошлаб Хоразм, Нисо ва Обивард вилоятларида Султон Ҳусайн мирзонинг ҳужум қилиш хавфи пайдо бўлди. Абусаид мирзонинг амирлари ташкилий равишда вилоятлардаги қалъалар ва шаҳарлар ҳимоясини ташкил қилдилар. Бундай ташкилий ҳимояланиш аввалги даврларда учрамагини билан ҳам эътиборлидир. Шаҳар ва қалъаларга атрофдаги қишлоқларнинг аҳолиси кўчирилди. Шаҳарлардаги ҳар ўн уйнинг тўрттаси кўчириб келтирилган аҳолига бўлиб берилди. Барча шаҳар-қалъаларнинг мудофаа истеҳкомлари таъмирланди, зарур ҳолатда янгидан қурилди ва домий қўриқчилик жорий этилди. Бу ишларда бутун халқ оммаси фаол қатнашди. Лекин ҳосилни йиғиб олишда қийинчилик туғилганлиги, аҳолиси шаҳарга кўчирилган ҳудудларнинг бебошлар томонидан талон-тарож этилиши маълум даражада халқнинг аҳволига салбий таъсир этди.
Султон Ҳусайн мирзо 1469 йилнинг январ ойида Султон Абусаид мирзонинг аҳволи мушкуллашиб қолганини эшитиши билан Нисо ва Обивард вилоятлари чегараларида пайдо бўлди. Бу вақтда Хуросонни ҳимоя қилиш учун Самарқанддан 50 минг кишилик қўшин билан Султон Аҳмад мирзо ҳам келаётган эди. Ҳусайн Байқаро Султон Абусаид мирзонинг ҳалокати ҳақидаги хабар келиши билан бу хабарни амударёни кечиб ўтиб Ҳиротга яқинлашаётган Султон Аҳмад мирзога етказди. Натижада Султон Аҳмад мирзо Ҳирот томон юришни тўхтатди ва вазиятни кузата бошлади. Бу вақтда Озарбайжондан қайтиб келаётган Султон Маҳмуд мирзо Ҳиротга яқинлашиб келаётган эди. Султон Ҳусайн Байқаро Ҳиротни забт этиш учун илғор қилиб амир Валибекни жўнатган эди. Амир Валибек Султон Маҳмуд мирзо лашкарига ҳужум қилди. Жангга тайёр бўлмаган ва ўта тушкун ҳолатда бўлган Султон Маҳмуд мирзо лашкари жанг қилмай Ҳирот томон чекинди. У 1469 йил 16 март куни шаҳарга кириб келди, лекин, аввал ҳам таъкидлаган сабабларга кўра 18 март кунишаҳарни тарк этишга қарор қилди. Султон Ҳусайн мирзо эса 22 март куни Ҳиротга етиб келди ва 24 март куни тахтга ўтирди. У чекинаётган Султон Маҳмуд мирзони тақиб этиш ва Балхни забт этиш учун Амир Зайнулобиддин арлот блшчилигида қўшин жўнатди. Бу лашкар Султон Маҳмуд мирзо қўшинларини тор-мор этиш билан биргаликда Шибирғон ва Балх шаҳарларини ҳам эгаллаб олди. Шу вақтда Султон ҳусайн Байқаро қўли остига Астрабоддан то Балхгача, сеистондан то Хоразмгача бўлган вилоятлар битрлаштирилди.
Лекин тож-тахт учун кураш тугамаган эди. Гарчи Султон Аҳмад мирзо, Султон Маҳмуд мирзо каби марҳум Султон Абусаид мирзонинг фарзандлари Хуросон мулкига даъвогарлик қилмаётган бўлсаларда, Хуросон тахти талабгорлари оз эмас эди. Уларнинг ичида энг хавфлиси Озарбайжоннинг янги ҳукмдори амир Ҳасанбек томонидан қўллаб қувватланаётган Мирзо Ёдгор эди. Ёдгор мирзо Шоҳруҳ мирзонинг ўша вақтда тирик бўлган ягона авлоди эди. У 1369 йилнинг августида Мозандаронга бостириб кирди. Астрабод ҳокими амир Торамий рақиб ҳужумига дош беролмай, Ҳиротга чекинади. Султон Ҳусайн мирзо ҳам имкон қадар кўпроқ лашкар йиғишга интилди. Қўшинни таъминлаш учун Ҳирот шаҳри аҳолисига катта миқдорда қўшимча солиқ солинди. Бу эса катта нарозиликни келтириб чиқарди. Шунга қарамай 30 минг кишилик лашкар тўплай олган Султон Ҳусайн мирзо 1369 йили 15 октябр куни Ёдгор мирзо лашкарини Астробод йўлидаги Чинорон мавзейида тор-мор келтирди. Астрабод вилояти ҳокимлигини амир Шайх Темурга топширган Султон Ҳусайн Байқаро Ҳиротга қайтишга қарор қилди. Ёдгор мирзо эса Домғон ва Симнон вилоятларига чекинди ва Озарбайжон ҳукмдори амир Ҳасанбекдан ёрдам сўради. Амир Ҳасанбек темурий шаҳзодалар ўртасидаги низоларни янада кучайтириш учун Ёдгор мирзога кўмак учун икки минг кишилик ҳарбий қисмни юборди. Ёрдамчи қўшиннинг кам сонлилиги амир Ҳасанбек бирор бир томоннинг яққол ғолиблигидан кўра улар ўртасидаги урушнинг узоқроқ чўзилишини истаганлигини кўрсатади. Озарбайжон қўшини дастлаб Жом вилоятини қўлга киритади. Бу вақтда амир Ҳасанбекнинг ўғли Кермон ҳокими амир Зайналбек ҳам минг кишилик қўшин билан тўсатдан Кўҳистон вилоятига ҳужум қилади ва яқиндагина Астробод ҳокимлигидан олиниб, Кўҳистонга тайинланган амир Торамийни қатл этади. Бу вақтда Ёдгор мирзонинг ўзи эса Сабзаворни эгаллаб олади. 1470 йилнинг 4 март куни Султон Ҳусайн Байқаро ҳам лашкар тортиб, Нишопур орқали Сабзаворга етиб келди. Ёдгор мирзо аскари кам бўлганлиги учун ҳам Бистом вилоятига чекинишга қарор қилди. Сабзаворни ҳимоя қилишни эса амир Қозибекка топширди. Лекин кўп ўтмай Хуросон лашкари томонидан Сабзавор эгалланиб, амир Қозибек эса қатл этилди. Лекин бу ғалаба Султон Ҳусайн мирзонинг мавқейини яхшиламади. Амир Ҳасанбек Ёдгор мирзога ёрдам бериш учун ўғли Султон Халил бошчилигида катта лашкар жўнатганлиги ва Ҳиротда халқ ғалаёни бошланганлиги хабари Хуросон лашкари ичида поракандалик бошланишига сабаб бўлди. Бир гуруҳ амирлар Ёдгор мирзо томонига қочиб ўта бошладилар. Жумладан Астробод ҳокими амир Шайх Темур ҳам бир неча жанглардан сўнг Ёдгор мирзо томонига ўтиб кетди.
Мураккаб вазиятда қолган Султон Ҳусайн Байқаро Ҳиротга Алишер Навоийни жўнатди ва халқнинг талабларини бажариб, ғалаённи тинч йўл билан тўхтата олди. Ҳиротдаги халқ ғалаёнига янгидан “тутун пули” солиғини олиниши ва ундаги зўравонликлар сабаб бўлган эди.
Ҳусайн Байқаро Ҳирот томон чекинишни маъқул кўрди. Лекин қўшиннинг Ёдгор мирзо томонга ўтиб кетишини тўхтатиб бўлмади. 1470 йилнинг 19 июн куни эса Султон Ҳусайн мирзонинглашкари диярли тарқалиб кетди. Унинг ўзи эса кам сонли аскарлари билан арлот улуси (ушбу қабила яшаётган дашт)га бориб жойлашди. Ушбу қабиланинг йирик амирлари амир Пир Муҳаммад, амир Жаъфар ва амир Зайнулобиддинлар унинг Султон Ҳусайн мирзони қўллашда давом этдилар.
Ҳиротда Шоҳруҳ мирзонинг авлоди бўлган Ёдгор мирзонинг ҳам тарафдорлари анчагина эди. Уларнинг кўмагида 1470 йилнинг 5 июл куни Ёдгор мирзо номига хутба ўқилди ва унинг ўзи 8 июл куни Ҳиротга етиб келиб, шаҳар ташқарисидаги Боғи Чағон номли қасрга жойлашди. Ёдгор мирзо билан биргаликдап Ҳиротга етиб келган туркман лашкари Ҳиротни талон-тарож қила бошлади. Гарчи Ёдгор мирзо ҳам имкон қадар туркманлар бебошлигини олдини олишга ҳаракат қилган бўлсада, бунга тўлиқ эриша олмади. Бунинг устига амир Ҳасанбекнинг ўғли Султон Халил туркман лагкари билан Машҳадгача бўлган ерларни забт этди. Ёдгор мирзо Амир Ҳасанбекка мурожат қилиб, амир Халилни Машҳадда тўхтатишга эришди. Кўҳистон ҳам амир Ҳасанбекнинг яна бир ўғли Зайналбекнинг қўлида эди. Улар Ёдгор мирзони қўллаб қуватлаш баҳонасида бу ерларни тарк этишни ҳоҳламасдилар.
Султон Ҳусайн Байқаро арлот улусида ҳам узоқ қола олмади. Унга бу сафар Султон Абусаид мирзонинг уч ўғли Султон Маҳмуд, Абобакр ва Улуғбек мирзолар биргаликда ҳужум қилдилар. Арлотларнинг йирик амирлари Жафар ва Зайнулобиддинлар ҳам унга хиёнат қиладилар. Лекин Султон Ҳусайн мирзо бу тўқнашувдан ғолиб чиқишга эришади. Ушбу ғалабадан руҳланган мирзо 1470 йилнинг 21 августи куни тўсатдан ярим кечаси Боғи Зағонга ҳужум қилади ва Ёдгор мирзони асир олиб, қатл этишга эришади.
Шундай қилиб Султон Ҳусайн Байқаро 1470 йилнинг 21 августи куни яна Ҳирот тахтини эгаллайди ва вафотига қадар бошқа қўлдан чиқармайди.
Ёдгор мирзонинг қатл этилиши билан Ҳирот тахти учун йирик даъвогарлар деярли қолмайди. Султон Ҳусайн Байқаро Мозандарон(Астробод), Нисо, Обивард, Нишопур, Сабзавор, Машҳад, Марв, Хоразм, Балх, Шибирғон, Ҳирот, Сейистон вилоятларининг ўз қўли остида бирлаштириб, темурийларнинг йирик ҳукмдорларидан бирига айланди.
У ўз давлати ҳудудларини кенгайтириш учун интилмади. Чунки ғарбдаги вилоятлар туркманлар томонидан эгалланган ва Султон Ҳусайн мирзо ушбу ерларни қайтариб олишга уринмади ҳам.
Кобул, Ғазни ва Қандаҳор вилоятлари эса Султон Абусаид мирзонинг ўғли Улуғбек мирзо қўли остида эди. Бу ҳудудда арғун бекларининг мавқейи кучайиб борди. Улуғбек мирзо вафот этиб тахт унинг ўғли Абдураззоқ мирзога ўтганида эса амалда ҳокимятни Муқим арғун эгаллаб олади. Кейинчалик у Абдураззоқ мирзони ҳам Кобулдан чиқариб юборади. 1504 йили Бобур мирзо Кобулни шу Муқим арғундан тортиб олган эди.
Султон Ҳусайн Байқаро давлати вақт ўтгани сари кучсизланиб борди. Йирик амирлар мавқейининг ошиб бориши, уларнинг сепаратистик ҳаракатларини ҳукмдорнинг ўғиллари томонидан қўллаб қувватланиши марказий ҳокимят кучсизланишининг асосий сабабларидан бири эди.
1494 йили Мовароуннаҳрда Султон Аҳмад мирзонинг, 1495 йили эса Султон Маҳмуд мирзонинг вафот этиши Султон Ҳусайн Байқаро учун қулай сиёсий вазиятни яратиб берди. 1495 йили Хуросон лашкари Ҳисорни забт этиш учун юриш бошлади. Султон Масъуд мирзо Термизни мустаҳкамлаб олгач, Хуросон қўшини Келиф кечуви орқали дарёдан ўтишга эришди. Натижада Султон Масъуд мирзо қўшинида поракандалик бошланди. Унинг ўзи Ҳисорни ташлаб Самарқандга чекинди. Лекин Хисравшоҳ ва унинг укалари амир Вали ва Боқи Чағониёнийлар Султон Ҳусайн мирзога қарши курашни давом эттирдилар. Ўз ўғиллари Бадиуззамон мирзо, Иброҳим Ҳусайн мирзони йирик амирлардан Валибек ва Зуннун арғунлар билан биргаликда Қундузни забт этиш учун жўнатди. Яна бир фарзанди Музаффар мирзони эса Муҳаммад Бурундуқ Барлос билан Хатлон вилояти устига юборди. Ўзи эса асосий лашкар билан Ҳисорни қамал қилди. Боқи Чағониёний Ҳисорни, амир Валибек (Хисравшоҳнинг укаси) Хатлонни, Хисравшоҳ эса Қундузни ҳимоя қилди. Бир неча ой давом этган уруш натижасида Хуросон лашкари сулҳ тузиб, ҳеч нарсага эриша олмай ортга қайтди. Айнан шу муваффақиятсизлик Султон Ҳусайн Байқаро давлатида янги низолар бошланишига катта туртки бўлди. Кейинчалик яна Мовароуннаҳрга юриш қилиб, уни забт этиш ниятида бўлган Султон Ҳусайн Байқаро Астробод ҳокими Бадиуззамон мирзони Балх вилоятига ҳоким этиб тайинлади. Астрободни эса бошқа ўғли Музаффар мирзога тақдим этди. Бадиуззамон мирзо Астрободни ҳам ўз қўлида сақлаб қолишга интилиб, у ерда қолган ўғли Мўмин мирзога шаҳарни қўлдан бермаслик ҳақида топшириқ беради. Натижада 1496-97 йиллари Султон Ҳусайн Байқаро билан Бадиуззамон мирзо ўртасида ўзаро кураш бошланади. Бу курашнинг замирида Кобул, Ғазни атрофларида катта мавқега эга бўлган арғун қабиласининг йирик амирларидан бири амир Зуннуннинг (амир Муқим арғуннинг отаси) ҳокимят учун кураши ётарди, аслида. Султон Ҳусайн Байқаро Бадиуззамон мирзо турган Балх устига, Музаффар мирзо эса Астробод устига юриш бошлайдилар. Мағлубиятга учраган Бадиуззамон мирзо дастлаб амир Хисравшоҳ ҳузурига сўнгра эса Қандаҳор ва Замини Довар вилоятларида ҳокимлик қилаётган амир Зуннун ва унинг ўғли Шоҳ Шужо (Қандаҳор ҳокими, Бобур мирзо Қандаҳорни айнан шу амирдан тортиб олган) ҳузурига чекинди. Астробод эса Музаффар мирзо томонидан эгалланиб, кўп ўтмай Мўмин мирзо қатл этилди. Натижада Бадиуззамон мирзо билан Султон Ҳусайн Байқаро ўртасидаги низо янада кескинлашиб кетди. Отасининг Ҳиротда эмаслигидан фойдаланган Бадиуззамон мирзо шаҳарни қамал қиилишга ҳам эришди. Лекин шаҳарни забт этишга муваффақ бўла олмади. Султон Ҳусайн Байқаро барибир Бадиуззамонга ён беришга мажбур бўлди. Балх, Шибирғон, Андхуд вилоятлари Бадиуззамон мирзо ихтиёрига ўтди. Унинг ҳомийси амир Зуннун эса Замини Довар вилоятида соҳиби ихтиёр эди. Амир Зунуннинг бир ўғли амир Муқим Кобул ва Ғазни вилоятларини, яна бир ўғли Шоҳ Шужоъ эса Қандаҳор вилоятини бошқарардилар. Улар Улуғбек мирзо авлодларини ҳам, Султон Ҳусайн Байқарони ҳам ўз ҳукмдорлари деб тан олмасдилар.
Гарчи кўп ўтмай Бадиуззамон мирзо ва Султон Ҳусайн Байқаро ўртасидаги низолар расман бартараф этилган бўлса-да, амалда Хуросондаги темурийлар давлати ичдан емирилиб бормоқда эди.
Амир Темур ва темурийлар даврида иқтисодий ҳаёт



Download 0,84 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   29




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©www.hozir.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling

kiriting | ro'yxatdan o'tish
    Bosh sahifa
юртда тантана
Боғда битган
Бугун юртда
Эшитганлар жилманглар
Эшитмадим деманглар
битган бодомлар
Yangiariq tumani
qitish marakazi
Raqamli texnologiyalar
ilishida muhokamadan
tasdiqqa tavsiya
tavsiya etilgan
iqtisodiyot kafedrasi
steiermarkischen landesregierung
asarlaringizni yuboring
o'zingizning asarlaringizni
Iltimos faqat
faqat o'zingizning
steierm rkischen
landesregierung fachabteilung
rkischen landesregierung
hamshira loyihasi
loyihasi mavsum
faolyatining oqibatlari
asosiy adabiyotlar
fakulteti ahborot
ahborot havfsizligi
havfsizligi kafedrasi
fanidan bo’yicha
fakulteti iqtisodiyot
boshqaruv fakulteti
chiqarishda boshqaruv
ishlab chiqarishda
iqtisodiyot fakultet
multiservis tarmoqlari
fanidan asosiy
Uzbek fanidan
mavzulari potok
asosidagi multiservis
'aliyyil a'ziym
billahil 'aliyyil
illaa billahil
quvvata illaa
falah' deganida
Kompyuter savodxonligi
bo’yicha mustaqil
'alal falah'
Hayya 'alal
'alas soloh
Hayya 'alas
mavsum boyicha


yuklab olish