Фаннинг ўқув дастури Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ўқув-услубий бирлашмалари фаолиятини Мувофиқлаштирувчи Кенгашнинг 2011 йил “___”_________ даги “___”-сонли мажлис баёни билан маъқулланган.
Фаннинг намунавий дастури Низомий номидаги Тошкент Давлат Педагогика университетида ишлаб чиқилди.
“Педагогика назарияси ва тарихи” фани бўйича:
Тузувчилар:
Ахмедова М.Э – “Умумий педагогика” кафедраси доценти, п.ф.н.
Усмонбоева М.Ҳ. – “Умумий педагогика” кафедраси ўқитувчиси, п.ф.н.
Ҳасанова Б. – “Умумий педагогика” кафедраси доценти
“Педагогик маҳорат” фани бўйича:
Тузувчилар:
Юзликаева Э.Р. – “Умумий педагогика” кафедраси мудири, доцент, п.ф.н.
Ҳоликов А.А. – “Умумий педагогика” кафедраси доценти п.ф.н.
Тақризчилар:
Қурбанов Ш.Э – 1-Тошкент Педагогика коллежи директори п.ф.д профессор
Мухлибоев М – Гулистон Давлат Университети, “Педагогика ва психология” кафедраси мудири, доцент
Фаннинг намунавий дастури Низомий номидаги Тошкент Давлат Педагогика университети Илмий-услубий кенгашида нашрга тавсия этилган (2011 йил “____” ______________даги “___” -сонли баённома)
“ПЕДАГОГИКА НАЗАРИЯСИ ВА ТАРИХИ”
Кириш
Олий таълим муассасаларининг бакалавриат босқичи учун “Педагогика назарияси ва тарихи” ўқув фани бўйича намунавий дастур умумкасбий фанлар блоки бўйича ишланган Давлат таълим стандартига мувофиқ тузилган. “Педагогика назарияси ва тарихи” ўқув фани тегишли йўналишда олий таълим муассасалари талабаларида касбий-педагогик сифатларни шакллантириш, уларни касбий тайёрлашда муҳим ўрин тутади. Замонавий шароитда фанни ўқитиш ўқитувчи кадрларни илм-фан, техника ва технология соҳаларида эришилаётган илғор ютуқлар, умуминсоний ғоялар, миллий қадриятларга таянган ҳолда тайёрлаш, уларда педагогик маданиятни ривожлантириш, ижодий тафаккурни таркиб топтириш, тарбиячи, ўқитувчи ҳамда ёшлар мураббийси сифатида педагогик жараёнларни тўғри ташкил этиш малакаларини ҳосил қилишга йўналтирилган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримов таълим-тарбия масалалари давлат сиёсатида устувор ўрин тутиш билан бирга кенг жамоатчилик иштирокини ҳам талаб қилишига алоҳида эътибор қаратади: “Мактаб, таълим-тарбия масаласи давлат ва жамият назарида бўлиши Асосий қонунимизда белгилаб қўйилган. Шу билан бирга, бу кенг жамоатчилик, бутун халқимизнинг иштироки ва қўллаб-қувватлашини талаб қиладиган умуммиллий масаладир”.
“Педагогика назарияси”дан талабалар таълим жараёнини самарали ташкил этиш, ёш авлодда юксак маънавий-ахлоқий сифатларни тарбиялашга доир замонавий педагогик билимлар, амалий кўникма ва малакаларнинг зарур ҳажмини, ўқитувчи шахсда намоён бўлиши зарур бўлган умумий касбий ва шахсий фазилатларни муваффақиятли эгаллашлари лозим. Шунингдек, талабалар олий таълим тизимида бўлажак ўқитувчилар сифатида таълим олувчиларнинг ёш, психологик ва шахсий хусусиятларини, узлуксиз таълим тизими босқичларининг ўзига хос жиҳатларини англай олишлари, шунга мувофиқ касбий фаолиятни йўлга қўйиш лаёқатини ўзлаштиришлари лозим. Бакалаврлар – бўлғуси ўқитувчиларнинг касбий тайёргарлиги таълим ва ишлаб чиқариш (мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари амалиёти) интеграцияси, умумий ҳамда мутахассислик фанлари ўртасидаги ўзаро алоқадорлик, миллий ва жаҳон педагогикасининг энг илғор ғоялари уйғунлиги, замонавий илм-фан, техника, технологияларнинг сўнгги янгиликларига таянган ҳолда таъминланади.
“Педагогика тарихи” талабаларни миллий педагогик мерос, турли тарихий даврларда шаклланган ёш авлод таълими ва тарбиясига бўлган ёндашувлар мазмуни, жаҳон таълими тажрибаси билан таништириш асосида уларнинг умумпедагогик билимларини бойитади. Талабалар миллий педагогик мерос намуналари билан танишиш жараёнида таълим ва тарбия ғояларининг шаклланиши муайян даврда юзага келган ижтимоий зарурият, жамиятнинг ижтимоий, иқтисодий, маданий тараққиётига бевосита боғлиқ эканлигини англаб этадилар. Шу билан бирга ушбу фан талабаларда асрлар давомида шаклланган таълимий ва тарбиявий қадриятларга нисбатан чуқур ҳурматни қарор топтириш, анъанавий ва замонавий педагогик таълимотларни қиёсий ўрганиш, ёш авлод тарбиясида барча даврлар учун бирдек амалий қийматга эга педагогик ғоялардан фойдаланиш кўникма-малакаларини шакллантиришга хизмат қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |