САМАРҚАНД ИҚТИСОДИЁТ ВА СЕРВИС ИНСТИТУТИ
АШУРОВА ЗУЛХУМОР ШОДИЕВНАНИНГ МУСТАҚИЛЛИК ДАВРИ БОЛАЛАР ПОЭЗИЯСИНИНГ ЛИНГВОПОЭТИКАСИ (А.Обиджон, О.Дамин, Д.Ражаб асарлари асосида) ФИЛОЛОГИЯ ФАНЛАРИ БЎЙИЧА ФАЛСАФА ДОКТОРИ (PhD) ДИССЕРТАЦИЯСИ АВТОРЕФЕРАТИГА
ТАҚРИЗ
Мамлакатимиз истиқлолга қадам қўйган кундан эътиборан, тил ва адабиёт, санъат, маданиятни ривожлантириш асносида халқимизнинг бой адабий-бадиий хазинасини тил нуқтаи назаридан тадқиқ қилишнинг етакчи тамойилларига айланди. Бу борада жуда кўплаб хайрли ишлар қилинди. Англашиладики, тил эстетикаси ҳам моҳиятда бадиият манфаатларига хизмат қилишга даъват қилинмоқда. Шу боисдан, тилнинг қонуниятида лингвопоэтик устқурма трансформацияси ўзига хос воқеликни ташувчи бўлибгина қолмай, уни англатиш воситаси эканлиги намоён бўлмоқда. Шу маънода, ҳар бир ижодкор асарларининг лингвопоэтик қирраларини тизимли тадқиқ қилиш кун тартибидаги долзарб масалалардан бири саналади.
Кейинги йилларида ўзбек бадиий матни муаммоларига, хусусан, унинг лингвопоэтикаси масалаларига бағишланган бир неча диссертациялар ҳимоя қилинди, монографиялар нашр этилди. Ана шулардан бири Ашурова Зулхумор Шодиевнанинг “Мустақиллик даври болалар поэзиясининг лингвопоэтикаси (А.Обиджон, О.Дамин, Д.Ражаб асарлари асосида)” филология фанлари бўйича фалсафа доктори (phd) диссертацияси авторефератидир.
Диссертациянинг “Кириш” қисмида мавзунинг долзарблиги ва зарурати асосланган, муаммонинг ўрганилганлик даражаси ёритилган. Тадқиқотнинг мақсади ва вазифалари, предмети ва объекти аниқланган. Тадқиқотнинг Ўзбекистон Республикаси фан ва технологиялар тараққиётининг устувор йўналишларига мослиги, унинг илмий янгилиги ва амалий натижалари баён этилган. Олинган натижаларнинг ишончлилиги асосланиб, ишнинг назарий ва амалий аҳамияти очиб берилган. Тадқиқот натижаларининг амалиётга жорий қилиниши, апробацияси, нашр этилган ишлар ва диссертация тузилиши бўйича маълумотлар келтирилган.
Диссертациянинг “Лингвопоэтика масалаларининг жаҳон тилшунослигида ўрганилиши тарихи” деб номланган биринчи бобида Европа ва Россия, хусусан, ўзбек тилшунослигида лингвопоэтика масалаларининг ўрганилиши, лингвопоэтик тадқиқотларнинг асосий тамойили ва йўналишлари аниқ тадқиқ қилиниб, унга берилган таърифларга муносабат билдирилган. У қуйидаги бўлимлардан иборат: Европа ва Россия тилшунослигида лингвопоэтика масалаларининг тадқиқ этилиши, ўзбек тилшунослигида лингвопоэтика масалаларининг ўрганилиши, лингвопоэтик тадқиқотларнинг асосий тамойили ва йўналишлари.
Диссертациянинг “Ӯзбек болалар шеъриятининг прагмалингвистик хусусиятлари ва унинг лингвопоэтик таҳлили” деб номланган иккинчи боби болалар шеъриятидаги фонографик воситалар, лексик воситалар, шеърий нутқ индивидуаллигини таъминлашда кўчим (троп)ларнинг ўрни, синтактик воситалар каби қисмлардан иборат бўлиб, уларда бадиий матн (нутқ)да сўзлар ўзаро номинатив ва коннотатив маъноларни ифодалашда муҳим роль ўйнаши, чунки нутқнинг бу каби маъно қирралари шеърий асарларни янгича талқин қилишда, улар таркибидаги ҳиссий-эмоционал бўёқдорликни англашда муҳим категориялардан бири саналиши шеърий парчалар орқали таҳлил қилинган. Бадиий матнда хусусан, болалар шеъриятида метафоралар, турли кӯчимлардан фойдаланиш матннинг янада равон ва охангдорлигини таъминланган.
Бобнинг учинчи фаслида “Болалар шеърияти структураси ва уларда қўлланилган шеърий санъатлар таҳлили” ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилган бӯлиб поэтика, поэзия тушунчалари таърифи, бадиий санъатлар турлари, тадқиқотлар тараққиёти, мустақиллик даври болалар шеърияти ва унинг лингвопоэтик таҳлили каби қисмлардан иборат. Минг йиллик тарихга эга бўлган адабиётимизда бадиият масаласи ҳамиша шеър аҳлининг диққат марказида бўлиб келган. У ёки бу санъаткор салоҳияти ҳақида сўз борганда, унинг нималарни тасвирлагани эмас, асосан, қандай тасвирлаганига эътибор қаратилган. Шеърий санъатлар бадиий асарда ифодаланган ғояларнинг ҳаётийроқ, таъсирчанроқ ифодаланишига, лирик ва эпик тимсолларнинг ёрқинроқ гавдалантирилишига, мисралар, байтлар, бандларнинг лафзий назокати, мусиқийлиги, жозибадорлигини таъминлашга хизмат қилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |