Фалсафа тарихий даврнинг ўз-ўзини идрок қилиш сифатида
У ёки бу фалсафий тизимларни улар шаклланган ижтимоий-тарихий шароитга мурожаат қилмай, уларнинг тарихий асосини кўриб чиқмай туриб, уларнинг ўзидан, яъни фалсафий матндангина келиб чиққан ҳолда, тўла тўкис тушуниш мумкин эмас. Ҳар қандай фалсафа, яъни у хоҳ антик давр фалсафаси, хоҳ ўрта аср фалсафаси ёки Уйғониш даври фалсафаси бўлсин - ўз даврининг маҳсулидир.
Масалан, Уйғониш даври европа фалсафасининг вужудга келиши ва ривожланиши феодал жамиятга қарши турувчи илк буржуазия жамияти маданияти асосида юз берган. Айнан шундай тарихий асосда Уйғониш даври фалсафасининг инсонпарварлик, клерикалистик (черковий) ва қотиб қолган ақидаларга бўлган қаршилиги, қадимги давр орзуларига бўлган йўналиши каби хусусиятлари ўз ифодасини топади. Фалсафий йўналишлар (мактаблар) ва фалсафий муаммолар тўғрисида ҳам худди шундай дейиш мумкин. Масалан, ХIХ аср иккинчи ярми ХХ аср биринчи ярмида Ғарбий Европа фалсафасидаги иррационализмнинг авжга чиқиши Янги давр цивилизациясидаги бўҳрон, капитализм бўҳрони Европа бўйлаб тарқалган ижтимоий инқилобларда, биринчи жаҳон уруши ва дунёни икки қутбга бўлиниб кетиши ўз ифодасини топди. Бундан ташқари, у механистик табиатшунослик бўҳрони, Янги даврнинг қадриятлари йўналиши ва дунёқараши асосларининг натижаси бўлиб: сциентизм, академизм, гносеологизм ва «мутлақ тизимлар» тузилишидаги бўҳронлар натижаси ҳамдир.
Фалсафанинг муайян-тарихий табиати нафақат давр ўлчовида балки макон-цивилизация ўлчовида ҳам намоён бўлади. Фалсафа ўз даврининггина эмас, балки муайян цивилизация, муайян жамият, муайян маданиятнинг ҳам маҳсулидир. Масалан, биз Ғарб ва Шарқнинг фалсафий анъаналари, ислом, христиан ва буддавийлик фалсафаси, тоталитар ва демократик жамиятлар фалсафалари тўғрисида гапиришимиз мумкин.
Фалсафий билимларнинг муайян-тарихий табиатини ва унинг маданий-маърифий жиҳатдан боғлиқлигини Г.В.Ф.Хегел, К.Маркс, О.Шпенглер, Б.Рассел, К.Юнг каби европалик мутафаккирлар, исломий мутафаккирлар (М.Иқбол, М.Шариф, С.Наср), ҳиндистонлик файласуфлар (С.Вивекананда, Р.Тагор, Р.Ражу, С.Радхакришнан), япониялик файласуф (Д.Судзуки), Лотин Америкасидан (Л.Сеа), африкалик файласуфлар (А.Кагаме, Л.Сенгор) ва бошқалар кўрсатиб ўтган эдилар.
Фалсафа шунчаки тарихий давр маҳсули эмас. У мазкур давр моҳияти ва асосий йўналиш (тенденция)ларини назарий, умумлашган шаклда ифодалайди. Хегел фалсафани ғояларда тушунилган давр деб бежиз таърифламаган. Фалсафа ўзининг муаммолари ва тушунчалар аппаратида инсоният тўплаган амалий ҳамда билиш тажрибасини йиғади, табиий ва башарий борлиқнинг турли томонларини англаш бўйича қидирувларни уйғунлаштириб бирлаштиради ва тизимлаштиради, замоннинг «кескин томир уриши»ни қайд этади. Бошқача айтганда, фалсафа ўзининг муаммовий ва категориявий тузилишида у ёки бу давр борлиғи ва онгининг ички, моҳиятий жараёнларини умумий, назарий шаклда ифодалайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |