Ахборотнинг адекватлиги - олинган ахборот ёрдамида яратилган образ (қиёфа) нинг реал объект, жараён, ходиса ва ш.у.ларга мослигининг маълум даражаси.
Маълумки, ҳақиқий хаётда ахборотнинг тўла равишда адекват бўлишига ишониш қийин. Чунки, доимо қайси бир даражадаги ноаниқлик учраб туради. Ахборотнинг адекватлиги даражаси масалани ечишида тўғри йўл танлашга катта таъсир қилади.
Мисол: Сиз ўрта мактабни муваффакиятли битирдингиз ва «Информатика ва ахборот технологиялар» йуналиши бўйича олий маълумот олмоқчисиз. Дўстларингиз билан шу хусусда гаплашганда Сиз олий ўқув юртлари тўғрисида турлича маълумот оласиз, лекин олинган маълумотлар тўғри хулоса чикаришингиз учун етарли эмас, чунки ахборот адекват эмас. Шубҳасиз, аниқ маълумот олиш учун олий ўкув юртларига кирувчилар учун маълумотномага мурожаат қиласиз. Ундан мукаммал маълумот олиб, ўқув юртини танлайсиз. Бу адекват ахборот бўлади.
Ахборотнинг адекватлиги учта шаклда ифодаланиши мумкин: семантик, синтактик, прагматик.
Семантик (маъноли) адекватлик - объектнинг унинг образига (қиёфасига) мувофиқлик даражасини аниқлайди. Семантик нуқтаи назар ахборотнинг маъноли мазмунини ҳисоблашни кўзлайди. Бунда ахборот акс эттирган маълумотлар тахлил қилинади, маънолар боғлиқлиги қурилади. Бу шакл ахборот хусусида тушунчалар ва тасаввурларни шакллантиришга, маъносини, мазмунини аниқлашга, умумлаштиришга хизмат қилади. Масалан, ахборотни кодлар орқали ифодалашни кўрсатиш мумкин.
Синтактик адекватлик - ахборотнинг мазмунига тегмаган холда, унинг расмий-структуравий ҳарактеристикаларини ифодалайди. Синтактик даражада ахборотни ифодалаш усулида ахборот элтувчи тури, узатиш ва қайта ишлаш тезлиги, ифодалаш кодининг ўлчамлари, бу кодларни ўзгартириш аниқлилиги ва ишончлилиги ҳисобга олинади. Ахборотнинг мазмунига аҳамият берилмаганлиги сабабли, бундай ахборот маълумот деб аталади.
Прагматик (фойдаланувчанлик) адекватлик - ахборот билан фойдаланувчининг муносабатларини акс эттиради, ахборотни унинг асосида
амалга ошириладиган бошқариш тизими мақсадига мувофиқлигини ифодалайди. Ахборотнинг прагматик хусусиятлари фақат ахборот (объект), фойдаланувчи ва бошқариш мақсадларининг умумийлигида намоён бўлади. Адекватликнинг ушбу шакли ахборотдан амалий фойдаланиш билан бевосита боғланган, шунинг учун ҳам фойдаланувчанлик хусусиятлари тахлил этилади.
Умуман, ахборотнинг тизимда айланишида бир неча босқичларни кўрсатиш мумкин. Ахборотнинг моддий элтувчиси сигнал эканлиги ҳисобга олинса, аслида сигналнинг айланиш ва ўзгариш босқичлари хусусида сўз юритиш лозим (1.1- расм).
Do'stlaringiz bilan baham: |