Марказий банк мажбуриятлари
«Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги Қонунга кўра, унинг бош мақсади бўлиб миллий валютанинг барқарорлигини таъминлаш ҳисобланади. Яъни ЯИМнинг ўсиши, бандликни таъминлаш, минтақаларни ривожлантириш, бозор иқтисодиётига ўтиш ва уни эркинлаштириш учун МБ тўғридан-тўғри жавобгар эмас. Зеро, иқтисодий сиёсатнинг ушбу йўналишларига жавоб берадиган соҳа вазирликлари бор. Бироқ ушбу энг муҳим иқтисодий идора ўз фаолиятида санаб ўтилган барча иқтисодий вазифаларни ҳисобга олиши шарт, албатта. Монетар сиёсат макроиқтисодий, минтақавий, солиқ-бюджет сиёсати ва бандлик сиёсати билан узвий боғлиқ бўлиши ва бу қонун ҳужжатлари билан мустаҳкамланиши шарт.
МБ функциялари фақат миллий пул маблағларининг барқарорлигини таъминлаш билан чекланган ҳолда, у амалда фақат халқаро молиявий институтлар агенти функцияларини бажаради, холос. Айнан улар миллий валютанинг барқарорлигини, инфляцияни чеклаб бориш, хорижий капитал учун шароитлар яратишни талаб қилишади. Миллий иқтисодиётни ривожлантириш, унинг субъектлари рақобатдошлигини ошириш ва ҳ.к. масалалар эса – миллий ҳукуматнинг вазифаси. У валютанинг тўлақонлилигини, иқтисодиёт ва турмуш даражасининг ўсишини таъминлай олса – яхши, буни қила олмаса ўзи айбдор…
Пул муомаласи қонуниятлари бўйича
Монетар сиёсат миллий валютанинг барқарорлигини таъминлаш вазифаси билангина чекланиши тўғрими? Ёки у мамлакат иқтисодий муаммолари бутун мажмуини, эҳтимол, ҳатто валютанинг барқарорлигига зарар келтирган ҳолда ҳам ҳал этишга йўналтирилиши керакми? Кўп экспертларнинг таъкидлашича, миллий валютани барқарорлаштирмасдан, инфляциянинг паст суръатларисиз бошқа барча иқтисодий вазифаларни ҳал этиб бўлмайди. Шундаймикин?
Ибратли мисоллар
Кореялик иқтисодчи, Кембриж университети профессори, ривожланаётган иқтисодиётлар бўйича жаҳондаги етакчи мутахассислардан бири бўлган Ха Жун Чханнинг ёзишича, 1960–1970 йилларда Бразилияда инфляциянинг ўртача кўрсаткичи 42%га тенг бўлган. Бу ҳолатда у дунёнинг энг жадал ривожланаётган мамлакатларидан бири эди: аҳоли жон бошига даромад йилига 4,5%га ўсиб келган. Худди шу йилларда Жанубий Кореяда аҳоли жон бошига даромад, инфляция ўртача йиллик даражаси қарийб 20% бўлишига қарамай, йилига 7%га кўпайган.
1996 йилдан бошлаб Бразилия, жадал инфляциянинг оғриқли босқичидан ўтиб, инфляцияни жиловлай бошлади. У реал фоиз ставкасини (номинал фоиз ставкаси айирув инфляция суръати) дунёдаги энг юқори ставкалардан бирига (йилига 10–12%) кўтарди. Инфляция йилига 7,1%гача тушди, бироқ мамлакатнинг иқтисодий ўсиши ҳам сусайди: аҳоли жон бошига даромаднинг ўсиши йилига бор-йўғи 1,3%ни ташкил қилиб келди.
Нормал бошқариладиган иқтисодиётда инфляциянинг «юқори» даражада бўлишининг асосий сабаби – иқтисодиёт тармоқ таркибининг ўзгариши ва иқтисодиётининг тузилмавий силжишларидир. Яъни чуқур иқтисодий ислоҳотлар шароитида инфляциядан қутулиб бўлмайди, зеро таркибий ўзгаришлар шароитида кўплаб корхоналар касод бўлади ва ёпилади. Айни вақтда янги корхоналар ташкил этилади. Уларни барпо этишга салмоқли инвестициялар йўналтирилади. Бироқ муомалага чиқариладиган, инвестициялар учун зарур бўлган маблағлар бир лаҳзада самара келтирмайди. Янги корхоналарни ишга тушириш учун муайян вақт тақозо этилади. Янги ёки реконструкция қилинган корхоналар маҳсулот бера бошлаганда пул массаси билан товар массаси ўртасидаги мувозанат тикланади. Бу давргача кучайган инфляция – нормал ҳодиса. Агар Бразилия баён этилаётган даврда халқаро молия институтларининг тавсияларига амал қилмаган ва инфляцияни зудлик билан тўхтатишга киришмаганда эди, эҳтимол, унинг ривожланиши Кореядагидан ёмон бўлмас эди.
Do'stlaringiz bilan baham: |