Олим давлатов



Download 0,53 Mb.
bet2/8
Sana26.04.2022
Hajmi0,53 Mb.
#581673
1   2   3   4   5   6   7   8
Bog'liq
2 5381981221779675655

(Таржимаси:
Бу сўз менга хуш келдиким, эрталаб бир насроний бола
Майхона эшиги олдида дойра ва най билан қўшиқ айтарди:
Агар Ҳофиздаги эътиқод мусулмонлик бўлса,
Унинг ҳолига вой, агар бугуннинг эртаси (қиёмат) бўлса).
Ибн ал-Арабийнинг бошига ҳам шунга ўхшаш таассуб булутлари қуюқлашган ҳолатлари кўп бўлганини кузатамиз. Ҳалаб шаҳрида бўлганида дўстлари ва мухлислари уни “Таржумон ул-ашвоқ”даги ғазаллари учун мажозий ишқ тараннуми ва беҳаёликни тарғиб қилганлиги баҳонасида шаҳарнинг айрим уламолари Мисрдаги қора кунларини такроран бошига солмоқчи эканликлари тўғрисида огоҳлантиришади. У ўзининг “Таржумон ул-ашвоқ”даги ғазалларининг ҳар бирига шарҳлар ёзиб, “Ким назар пок айласанг, айни ҳақиқатдур мажоз” (Ҳазрат Навоий мисраси)лигини исботлаб беради. Ушбу девоннинг шарҳи “Захоир ул-аълоқ” номи билан Бейрутда чоп этилган. Ибн ал-Арабийнинг шеър ва шоирликдан назарда тутган мақсади қуйидаги ғазалида очиқ-ойдин кўрсатилган:
Кулламо азкуру мин талолин,
Ав рубуъин ав мақомин кулламо.
Ва казо ин қулту ҳия ва қулту ҳува,
Ав ҳуму ав ҳунна жамъан ав ҳумо.
Ва казо ин қулту қад анжаданий
Қадарун фий шиърино ва атҳомо
Ва казос-суҳбу изо қулту бакат
Ва казо аз-заҳру изо мобтасамо
Ав нисоун коъиботун наҳадат
Толиъотин кашумусин ав думо
Кулламо азкуруҳу миммо жаро,
Зикруҳу ав мислуҳу ин тафҳамо.
Минҳу асрорун ва анворун жалат
Ав жоа биҳо раббус-само.
(Таржимаси:
Маҳбубим яшаган манзиллар харобаси
Қўниб ўтганлари ёки масканларидан сўзласам,
«У»– аёлдан ёки «У» –эркакдан сўзласам,
Ёки «улар», ёинки «икки киши»дан гап очсам.
Шу каби Нажддаги ёрдан ҳадис қилсам,
Ёки Таҳомалик ёрнинг сифатласам.
Булутдан, ёмғирдан агар эсласам,
Ғунчалар табассумидан ҳикоят қилсам.
Балоғат остонидаги гўзал қизлардан,
Ёки қуёшдек тўлишган аёллардан сўзласам.
Бу ерда айтилган барча сўзларим,
Ё шунга ўхшашини агар эшитиб қолсанг.
Буларнинг сир-асрори ва тажаллий топган нурлари
Менинг кўнглимга тазоҳир бўлмиш)
Ибн ал-Арабий Ҳалаб шаҳрида бир муддат яшаганидан сўнг ҳаж сафари чоғида танишган олимлардан бири– Маждиддин Исҳоқ таклифи билан Кўнёга сафар қилиб, ўша ерда ўз фаолиятини давом эттиради. Айрим манбаларнинг гувоҳлик беришича, Мавлоно Жалолиддин Румийнинг пири – Шамс Табризий билан қалин дўст бўлишган. Шамс Табризий ўзининг “Мақолот”ида уни “азамат бир тоғ”, “яхши ҳамдард”, “мунис рафиқ” деб бир неча жойда сифатлаган. Бу унинг Кўнёдаги сўфий ва олимларнинг даврасида ҳам катта обрў-эътиборга эга эканлигидан далолат беради. Маждиддин Исҳоқ вафотидан сўнг унинг васиятига биноан бевасига уйланади. Илк шориҳи ва етук шогирди – Садриддин Қунавий унинг ўгай фарзанди (Маждиддин Исҳоқнинг ўғли) ҳисобланади.
Милодий 1223 йили Ибн ал-Арабий Дамашққа келади ва умрининг охиригача шу шаҳарда яшаб ижод қилади.Манбаларда бу шаҳарнинг қозисининг қизига уйлангани тўғрисида маълумот берилган. Ҳар ҳолда, Ибн ал-Арабий бу шаҳарнинг ҳоким табақаси билан яхши муносабатда бўлган. Вафотидан сўнг мухолифлари ва мутаассиб кишилар томонидан қабри бузилади, аммо кейинроқ турк султони Салим Усмоний фармойиши билан унинг қабри устида муҳташам бир мақбара бунёд этилади. Мақбара бугунгача сақланган бўлиб,Дамашқ шаҳрининг энг гўзал меъморий-тарихий обидаларидан бири ҳисобланади.
Буюк мутафаккир ўзидан жуда катта илмий-адабий мерос қолдирган. Абдураҳмон Жомий ўзининг “Нафаҳот ул-унс”ида унинг асарлари сонини 500 дан ортиқ, деб ёзган. Булардан 200таси бугунгача сақланиб қолган бўлиб, улар фалсафа, фиқх, тафсир, ирфон, ахлоқ илмлари тарихида ўзига хос ўрин тутади. Аммо унга шуҳрат келтирган икки асари – “Ал-Футуҳот ал-Маккия” (Маккадаги зафарлар) ва “Фусус ул-ҳикам” (Ҳикмат дурдоналари) буларнинг орасида алоҳида аҳамиятга эга.
Ислом буюк энциклопедияси Ибн ал-Арабийни ислом тарихида “фалсафий ирфон тизими” ёки “ирфоний фалсафа” ёки “илоҳий ирфоний ҳикмат”нинг энг буюк асосчиси сифатида баҳо беради ва уни барча даврларда ирфон соҳасида энг буюк мутафаккир деб ҳисоблайди. Ислом дунёсида бу кунга қадар бир нав унинг тафаккури таъсири остида бўлмаган ҳеч мутафаккир орифмизож файласуф топилмайди1.
«Футуҳот ул-Маккия»нинг бизгача етиб келган нусхаси 40 жилддан ортиқ. У олти қисм ва 560 бобдан иборат. Барча фалсафий асарлари каби, Ибн ал-Арабий бу асарида ҳам мантиқий изчилликка эътибори камроқ бўлган. Бир масалага қайта-қайта мурожаат қилиши, муаммоларни турли мавқелардан туриб ечишга бўлган уринишлар, ички мантиқий боғлиқлик йўқлигига одатда, бу китоб мутафаккир томонидан бутун умри давомида ёзилгани билан шарҳланади. Аммо бу мазкур китобда изчилликка умуман риоя қилинманган дегани эмас, албатта. Француз олими М.Шодкевич “Футуҳот ул-Маккия” асари олти қисмга бўлиниши Ҳақ таолонинг “аиммаи асмо” – Унинг зотига тааллуқли бўлган исмлари билан боғлиқлигини исботлаб берганлиги бунга далилдир.
Милодий 1229 йилда Шайхи Акбар тушида сарвари коинот Муҳаммад расулуллоҳ (сав)ни кўради. Ҳазрат пайғамбар (сав) унга Илоҳий Ҳикмат тўғрисида “Фусус ул-ҳикам” номида бир китоб ёзиши лозимлиги ҳақида ишорат қиладилар. Ибн ал-Арабий ушбу воқеани “Фусус ул-ҳикам” муқаддимасида қуйидагича баён қилган: “Дамашқ шаҳрида 817 йили муҳаррам ойининг сўнгги даҳасида Расулуллоҳ саллаллоҳу ъалайҳи васалламни тушимда кўрдим. Ул Ҳазрат (сав)нинг қўлларида китоб бор эди. Менга айтдилар: Бу “Фусус ул-ҳикам” китобидир. Буни олиб, халққа етказ, токи улар бундан баҳра топсинлар. Бас, айтдим: Эшитдим ва итоат қилдим Аллоҳга, расулига ва улул-амрга, қандайки бизга амр этилган.”(“Шарҳи Фусус ул-ҳикам”, 12-бет)Ушбу китобда кейинроқ “ваҳдат ул-вужуд” номи билан машҳур бўлган ирфоний-фалсафий таълимоти рамз ва тамсиллар орқали баён қилинган.
Ибн ал-Арабийнинг каломи ва таълимоти жуда мураккаб ва серқирра бўлиб, айрим ҳолларда зиддиятли ва бир-бирини инкор қиладиган фикрлар ҳам учраб туриши у ҳақида турли фикр ва қарашларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлган. Ислом фалсафаси тарихида бирор китоб “Фусус ул-ҳикам”чалик машҳур бўлган эмас. Турли равия, мазҳаб ва фирқаларга тегишли бўлган олимлар кейинроқ унга шарҳлар басталаганлар. Қолаверса, ирфон ва тасаввуф тўғрисида жиддийроқ китоб ёзган барча олимлар ёзишмалари кемтик бўлмаслиги учун ваҳдат ул-вужуд таълимоти тўғрисида ўз фикрларини баён этишни зарур деб ҳисоблаганлар. Олмон шарқшуноси Карл Брокельманнинг айтишича, “Фусус ул-ҳикам”нинг 35та шарҳи бор, аммо “Ислом буюк доират ул-маорифи”да берилган маълумотларга кўра, Усмон Яҳё унинг 120 та шарҳига ишора қилади1. “Фусус ул-ҳикам”га шарҳ ёзиш анъанасини унинг энг яқин шогирди ва ўгай фарзанди Садриддин Қунавий бошлаб берган. “Фусус”нинг эътиборли шарҳларидан бири – “Нақд ун-нусус фи шарҳи Фусус”нинг муаллифи Мавлоно Абдураҳмон Жомийнинг таъбири билан айтганда, Садриддин Қунавий “Шайх каломининг наққодидир. Ваҳдат ул-вужуд масаласида Шайхнинг асл мақсадини ақл ва шариатга мутобиқ англаш унинг (Садриддин Қунавий назарда тутилмоқда) таҳқиқотларисиз муяссар бўлмас”2. Садриддин Қунавийнинг ўзи “Фукук”нинг хутбасида қайд қилганидек, “Фусус ул-ҳикам”нинг муқаддимаси шарҳини устозидан сўраб олиб,қолган қисмини раббоний файз туфайли англашга эришган.
“Фусус ул-ҳикам”га шарҳлар асосан араб тилида битилган. Бунинг икки асосий сабаби бор: Биринчидан, ўрта асрларда араб тили илм-фан тили сифатида мусулмон Шарқининг барча ўлкаларида ўз нуфузини сақлаб қолган эди. Тушунча ва атамаларнинг асосий эквиваленти араб тилида ҳамда барча илмий доираларда араб тили умумий тил бўлганлиги сабабли, араб тилида илмий асар ёзиш осонроқ ва қулайроқ кўринарди. Иккинчидан, “Фусус ул-ҳикам”нинг тили жуда мураккаб ва маъно қатламларига бой. Ундаги айрим атама ва тушунчалар бир неча маънода келганлиги сабабли, барча маъно қатламларини бошқа тилда очиб бериш ва ихчам тарзда ифода этиш шарҳловчи ёки таржимонга катта қийинчилик туғдиради. Масалан, “Фусус ул-ҳикам”нинг сўнгги бобида (таржимаси илова қисмида берилади) Ҳақиқати Муҳаммадияни шарҳлашда Пайғамбаримиз (сав)нинг “Мен дунёдан уч нарсани севдим: аёл, хушбўйлик ва намоз пайтидаги кўз рўшнолиги” ҳадисининг ваҳдат ул-вужуд
таълимоти бўйича талқин қилишда “тийб” сўзини икки маънода – “хушбўйлик” ва “эзгулик” маъносида ишлатади. Шориҳ – Хожа Муҳаммад Порсо ҳам ушбу калимани асл ҳолатида ишлатишга мажбур бўлгани ҳам шу сабабдандир. Араб тилида битилган шарҳларнинг энг машҳурлари сифатида Муайядуддин Ибн Маҳмуд Жандий, Абдураззоқ Кошоний, Довуд Қайсарийларнинг асарларини келтириш мумкин.
Шу билан бирга, ирфон ва тасаввуфда форс тили етакчилик қилгани боис, Хуросон ва Мовароуннаҳр ўлкаларида бир қатор форсий шарҳлар вужудга келдиким, эътироф этилганлари қуйидагилар ҳисобланади:
1) Рукниддин Шерозий (вафоти ҳ.қ. 744 йил)нинг “Нусус ал-хусус фи шарҳил-Фусус”и;
2) Алоуддавла Симноний (вафоти ҳ.қ. 734 йил) нинг шарҳи;
3) Мир Саид Али Ҳамадоний (вафоти 786 йил)нинг шарҳи;
4) Хожа Муҳаммад Порсо (вафоти ҳ.қ. 822 йил) нинг шарҳи;
5) Шоҳ Неъматуллоҳ Валий (вафоти ҳ.қ. 843 йил)нинг шарҳи;
6) Сойиниддин Али Тарака (вафоти ҳ.қ. 835 йил) нинг шарҳи;
7) Абдураҳмон Жомийнинг (вафоти ҳ.қ. 898 йил)нинг “Нақд ан нусус фи шарҳил-Фусус”и.
Кўриниб турганидек, Ибн ал-Арабийнинг шориҳларининг кўпчилиги тасаввуфнинг етук намояндалари бўлган. Масалан, Мир Саид Али Ҳамадоний кубравия тариқати замирида ҳамадония равиясига асос солган бўлса, Шоҳ Неъматуллоҳ Валий асос солган неъматуллоҳия тариқати бугунгача фаолият кўрсатиб келаётган нуфузли тариқатлардан ҳисобланади. Хожа Муҳаммад Порсо ва Абдураҳмон Жомий эса, хожагон тариқатининг энг машҳур сиймоларидан эканликлари барчага маълум. Бу эса, Ибн ал-Арабий таълимотининг тасаввуф ва ирфон ривожига кўрсатган катта таъсиридан дарак беради.
ИБН АЛ-АРАБИЙ МАСЛАГИ

Буюк инсонлар ичида шундай шахсиятлар ҳам борки, уларни турли дунёқарашга эга бўлган тоифалар ўзлариники деб ҳисоблашади. Масалан, Хайёмни олайлик. Кимдир уни замонасининг барча билимларини қамраб олган аллома деб ҳисобласа, кимдир уни Дунё Ҳақиқатини англаган буюк ҳаким деб билади, яна бошқа биров дунёнинг ўткинчи лаззатидан сархуш шоиртабиат ринд сифатида талқин қилади; кимдир унга сўфийлар хирқасини кийдирмоқчи бўлади ва ҳоказо. Биз Хайём аслида ким эканлиги тўғрисида баҳс юритмоқчи эмасмиз. Фақат бир ҳақиқатни эслашни лозим деб топдик: Хайём муайян бир гуруҳ, тоифа ёки миллатга тегишли эмас. Унинг шахсиятини маълум бир таълимот қолипи билан маҳдудлаб бўлмайди. Хайём – бутун инсониятга тегишли бўлган зот. Ибн ал-Арабийнинг тақдири ҳам бундан мустасно эмас.Бир гуруҳ олимлар уни фалсафа аҳли деб билишади. Уларнинг фикри бўйича, ваҳдат ул-вужудга оид қарашлар олдин ҳам мавжуд бўлган, аммо бу назарияни мустақил таълимот даражасига ривожлантириб, алоҳида фалсафий мактабга айлантирган Ибн ал-Арабийдир. Жумладан, Абулъало Афифий “Таълиқот ъало “Фусус ил-ҳикам” китобида шундай деб ёзади: “Фусус ул-ҳикам китоби сўфиёна иборатларга лиммолим бўлган илоҳий фалсафага оид энг буюк асардир. Унда муаллиф Вожиб ал-вужуд билан имкон ал-вужуд ўртасидаги муносабатнинг сўфиёна шарҳини беришга интилган. Ваҳдат ул-вужудни ҳар томонлама очиб бериш учун турли манбалардан фойдаланган. Булар: Қуръон, ҳадис, калом, машшоъ (натурфалсафа), яҳудийлар ва насронийлар фалсафаси, исмоилийлик, ихвон ус-сафо таълимотларига оид китоблар бўлиб, шу сабабдан, юқорида саналган йўналишлардагилар уни ўзлариники деб ҳисоблайдилар. Аммо ҳеч қандай шак-шубҳасиз айтиш керакки, Ибн ал-Арабий файласуфдир.”(1-жилд, 25-бет).


Бундай қарашлар Ғарб шарқшунослари ўртасида ҳам мавжуд. Жумладан, машҳур олмон шарқшуноси Аннемари Шиммель Ибн ал-Арабийни “Мажзуб орифдан кўра ирфон назарияси ва тафаккурини муайян низомга солган ҳамда кейинги авлодларга муназзам ва яхлит ирфон назарияси тизимини қолдирган даҳо” деб билишни тўғрироқ деб ҳисоблайди.
Хўш, Ибн ал-Арабийнинг ўзи фалсафа ва файласуфлар ҳақида қандай фикрда бўлган?
Бу саволга жавоб бериш асносида икки муҳим нарсага эътиборни қаратмоқ лозим бўлади:
Биринчидан, Ибн ал-Арабий ўз асарларида вужуд, ваҳдат ул-вужуд, ваҳдат, касрат, мумкин ал-вужуд, вожиб ал-вужуд, адам, қадим, ҳодис, жавҳар, моҳият каби мусулмон Шарқи фалсафасига хос бўлган тушунча ва атамаларни кўп ишлатади. Бу эса, ундан олдин ўтган сўфийларнинг асарларида учрамайдиган ҳодисадир. Шу сабабдан, сўфийларга нисбат олганда уни файласуф деб аташ ҳақиқатдан узоқ кўринмайди.
Лекин масаланинг иккинчи томони ҳам бор: Ибн ал-Арабий асарларида фалсафий атамалар кўплигини важ кўрсатиб, уни тасаввуф аҳлидан узоқлаштириш ҳам унчалик тўғри бўлмайди. Уильям Читтик таъкидлашича, “Ибн ал-Арабий жаҳон фалсафий тафаккуридаги энг мукаммал таълимотларнинг бирини яратгани билан, фалсафа унинг асосий фаолияти эмасди.” Ибн ал-Арабий кўпинча файласуфларни “назар аҳли” номи билан ёд этиб, “аҳлуллоҳ” ёки “муҳаққиқлар”, яъни сўфийларга қарама-қарши қўйиб, уларни танқид қилади. Унинг ақидасига кўра, “Кимки ўз моҳиятига кўра ҳеч қандай асосга эга бўлмаган далиллар орқали бирор нарсани англамоқчи бўлса, хусрон– зиён ва бахтсизликдан бошқа ҳеч нарсага эришолмайди” (Ал-Футуҳот ул-маккия, 4-жилд, 307-бет). Бошқа бир жойда назар аҳли, яъни файласуфларни қуйидагича танқид қилади: “Назар аҳли Худо зоти тўғрисида баҳс эшигини очибдилар, аммо сўзлари сафсатадан бошқа ҳеч нарса эмас. Уларнинг ҳар бири ўз билими ва ақидасига мувофиқ бу ҳақда нимадир айтибди, бошқаси эса айнан шуни инкор этади. Улар худони маърифат этиш борасида ягона нуқтаи назарлари йўқдир... Ва залла саъюҳим фил-ҳаётид-дунё ва ҳум яҳсабуна аннаҳум юҳсинуна сунъан (Улар қилган саъй-ҳаракатлари ҳаёти дунёдаёқ йўқ бўлиб кетган-у, аммо ўзларини чиройли-яхши амал қилаётган кимсалар, деб ҳисоблаётган кимсалардир. Каҳф сураси, 102-оят). Уларнинг бир гуруҳи айтадирким, Тангри Борлиқнинг сабабидир. Бошқа бир гуруҳи сабаб эканлигини рад этади.Бошқа бир тоифаси айтадиким, Тангри жавҳар (субстанция), араз (атрибут) ёки жисм (материя) бўлолмайди, балки Унинг Ўзи ўз Моҳияти ҳисобланади... Шу тариқа сўзни роса чўзиб, машҳур зарбулмасалнинг тасдиғига айланмишлар: Тегирмоннинг овозини эшитаман, аммо ундан дарак йўқ (Ал-Футуҳот ул-маккия, 3-жилд, 475-бет)”. Ушбу далилларга асосланиб бемалол айтиш мумкинки, Ибн ал-Арабийга файласуфликни нисбат бериш нотўғри бўларди. Таълимотининг фалсафий жиҳати жуда кучли бўлишига қарамасдан, унинг ўзи фалсафани рад этади.
Бизнинг назаримизда, Ибн ал-Арабийни “Ҳаким” унвони билан ёд этиш мақсадга мувофиқдир, чунки унинг ўзи фалсафадан кўра “ҳикмат” тушунчасига кўпроқ мойиллик билдиради. У қадимги Юнон мутафаккирлари асос солган ўша даврдаги фалсафий қарашлардан фарқли ўлароқ, билиш жараёнида ақлни етарли асос деб билади. Файласуфлар эса, ақлни билишнинг ягона тўғри йўл деб ҳисоблайдилар. Билим ва маърифатни Аллоҳ таоло томонидан берилажак қалб нури, деб ҳисоблайдиган мутафаккир қуйидагича мулоҳаза юритади: “Иймон учун далил-бурҳон шарт ҳам, кофий (етарли) ҳам эмас, балки иймон шундай бир нурдирким, Аллоҳ таоло уни қайси бандасига хоҳласа, қалбини мунаввар қилур (Ал-Футуҳот ул-Маккия, 2-жилд, 374-бет)”. Бундай саодатга эришишнинг бирламчи шарти– зоҳир ва ботинни маърифатни касб этмоқ учун поклаш ҳисобланади. Ориф бу йўлда тафаккур қилишни бутунлай кўнгил саҳифасидан поклаши лозим, акс ҳолда фикрлаш уни тўғри йўлдан чалғитиши мумкин. Қалб муроқабаси орқали хилватни маскан тутиши керак, токи Аллоҳ маърифат эшикларини унга очиб, пайғамбарлар ва валийсифат зотларнинг таълимотларидан шу пайтгача баҳраманд бўлолмаётган маъно махзанларини идрок этиш ҳолатига ошно этсин. Бошқача қилиб айтганда,ақл ва мантиқий мулоҳазалар орқали англаёлмаётган, ҳатто инкор этиб юрган ҳақиқатларга эришмоққа муяссар бўлади.
Ибн ал-Арабий “Фусус ул-ҳикам” ва “Футуҳот ул-Маккия” асарларида фақат икки файласуф исмини зикр этади; Ибн Рушдни илоҳий завқдан бебаҳра эканлиги ва ақлий далиллашда чуқур кетганини қаттиқ танқид қилади, Афлотунни эса ҳикмат аҳлидан деб билади ҳамда Ғаззолийга ўхшаган олимларнинг танқидларини унинг шахсиятига ножойиз деб ҳисоблайди:
Ислом аҳлидан бир гуруҳ Афлотунни фақат файласуф бўлганлиги учун ёқтирмайдилар, ҳолбуки бу нотўғри фикр бўлиб, улар фалсафа сўзининг маъносини тушунмайдилар. Ҳақиқий ҳакимлар деб, Худо, нарса ва макон тўғрисида аниқ ва шубҳадан холи билимга эга кишиларга айтилади. Аллоҳнинг ўзи ҳаким ва алимдир, кимга хоҳласа, ўшанга илм ва ҳикмат ато этади. Ва ман юътал-ҳикмата фақад утия хайран касиран (Кимга ҳикмат берилган бўлса, бас, муҳаққақки, унга кўп яхшилик берилибди– Бақара сураси, 269-оят). Ҳикмат пайғамбарлар илмидир, чунонки Аллоҳ таоло Довуд (а)ни шоҳлик ва ҳакимлик берилган зотлардан деб таърифлайди: Атоҳуллоҳу ал-мулка вал-ҳикмата (Аллоҳ унга мамлакат ва ҳикмат берди– Бақара сураси, 251-оят).Файласуф сўзи ҳам ҳикматнинг севувчи маъносини билдиради, чунки юнон тилида филео– муҳаббат ва софия– ҳикматни англатади. Демак, фалсафа– донишмандликни севишдир ва ҳар бир ақлли киши донишмандликка интилади. Аммо илоҳиётда тафаккур аҳлининг– у файласуфми, мўътазилийми, ашъарийми, назар аҳлининг қайси тоифасидан бўлишидан қатъи назар– хатолари савобларидан кўпроқдир. Файласуфлар фалсафа билан шуғулланганларидан гуноҳкор бўлмайдилар, балки улар илоҳий илмдаги хатолари туфайлигина (агар хато қилсалар) гуноҳкор ҳисобланишлари мумкин(Ал-Футуҳот ул-Маккия, 2-жилд, 533-бет)”.
Юқорида келтирилган фикрлардан шу нарса маълум бўладики, Ибн ал-Арабий билиш масаласида бошқа файласуфлардек ақл ва тафаккурга суянмайди. Унинг фикри бўйича саҳиҳ ва аниқ билим фақат мукошафа орқали ҳосил бўлиши мумкин. Бошқача қилиб айтганда, иррационал билишни рационал билишдан устун қўяди: “Саҳиҳ билимга оқиллар ўз тафаккурларида ҳосил қилган хулосалари ва инсон ақли ёрдамида эришиб бўлмайди. Ҳақиқий билим фақат Аллоҳ томонидан Ўзи истаган бандаси– фаришта, расул, набий ва валийларнинг қалбида мукошафа орқали ҳосил қилиниши мумкин. Кимдаким, мукошафа йўқ, унда ҳақиқий билим ҳам йўқ (Ал-Футуҳот ул-Маккия, 1-жилд, 218-бет).” Инсон тафаккури орқали ҳосил бўлган билим ҳеч қачон шубҳа ва гумондан холи бўлмайди. Фалсафа ва дунёвий билимлар донишмандлари ўртасидаги ихтилоф ва қарама-қаршилик ҳам ана шу шубҳа ва гумонларнинг кўплиги, билимларнинг номукаммаллиги оқибатидир. Аммо пайғамбарларнинг билимлари ягона манба – Аллоҳ таоло томонидан берилганлиги сабабли, уларнинг ўртасида ҳеч қачон зиддият бўлмаган. Ибн ал-Арабий ўзини пайғамбарларнинг меросхўрларидан ва таълимотини Муҳаммад расулуллоҳ (сав) илмининг мероси деб ҳисоблайди.
Қайд қилиш керакки, “вужуд” сўзи Қуръони карим ва ҳадисларда учрамайди.Аммо Ибн ал-Арабий ислом фалсафасида кенг ишлатиладиган тушунчани янада ривожлантириб, унга диний-ирфоний маъно ва мазмун бағишлайди. Унинг таълимотидаги “вужуд” категорияси Ибн Сино фалсафасидаги “Вожиб ал-вужуд” ёки Қуръони каримдаги “Аллоҳ” тушунчаси билан ҳамоҳанг. Шарқда ҳам, Ғарбда ҳам “ваҳдат ул-вужуд” таълимотининг ғайриисломий негизларини аниқлаш ва ўрганиш тўғрисида ишлар қилинмоқда. Биринчи қарашда, унинг таълимотида неоплатонизм, каббала, мистика, герметизм унсурларини топиш ва кўрсатиш унчалик мушкул иш кўринмайди. Қолаверса, ҳозирги араб фанида ваҳдат ул-вужуд атамаси пантеизм сўзининг муқобили сифатида қўлланилмоқда. Аммо сиртдан қараганда, Ибн ал-Арабий қўллайдиган ҳар бир тушунча ва атамасини шундай моҳирлик билан ишлатадики, ўзининг маъмулий маъносидан узоқлашмаган ҳолда янги мазмун-моҳият касб этганига иқрор бўласиз. Шу ўринда шуни ҳам қайд қилиш керакки, “ваҳдат ул-вужуд” атамаси айнан Ибн ал-Арабийнинг ўзи эмас, балки унинг шогирди ва илк шориҳи бўлган Садриддин Қунавий томонидан муомалага киритилган, деб ҳисобланади. Шундай фараз ҳам мавжудки, Ибн Таймия биринчилардан бўлиб, Ибн ал-Арабий таълимотини “ваҳдат ул-вужуд” деб атайди ва уни даҳрийлик, мулҳидлик, ширк ва куфр билан бир қаторда зарарли ҳисоблайди. Унинг шу мавзуда ёзган машҳур икки китоби – “Ибтолу ваҳдат ил-вужуд” (Ваҳдат ул-вужуднинг ботиллиги исботи) ҳамда “Рисола ило ман саалаҳу ъан ҳақиқати мазҳабил-иттиҳодийийн аййил-қоилийн биваҳдат ил-вужуд” (Иттиҳод мазҳабидагилар, яъни ваҳдат ул-вужудчиларнинг ҳақиқатини сўраган кишига рисола) номидан маълумки, Ибн Таймия ваҳдат ул-вужуд аҳлини иттиҳод тарафдорлари ва залолатга юз тутган кимсалар деб билади.
Бу ҳам унинг фалсафаси турлича таҳлил ва талқин қилинаётганлиги, шарҳларда ёзилган фикрларнинг ҳаммасини ҳам Ибн ал-Арабийнинг ақидаси сифатида қабул қилиш тўғри эмаслигини кўрсатади. Машҳур файласуф олим Уильям Читтик тўғри қайд қилганидек, “Ибн ал-Арабий таълимоти кенг қамровли ва мураккаб бўлгани боис, унинг тарафдорлари ҳамда мухолифлари нимаики истасалар, унга “айттирадилар”. Кўп ҳолларда Ибн ал-Арабийга нисбат берилган фикрлар ва талқинлар уники эмас, балки шарҳловчининг шахсий фикри бўлиб чиқади.”
Умуман олганда, ирфон ва фалсафа билан шуғулланган бирор сўфий, ҳаким ёки файласуф йўқки, муҳаббат ва маърифат ҳақида мулоҳаза юритмаган бўлса. Уларнинг олам ва одам, ҳақиқат ва моҳиятга етишиш йўли сифатида асосан ана шу икки усулни қўллаганлар. Шу билан бирга, уларнинг аксарияти бирини эътироф этиб, иккинчисини бутунлай инкор этмаганлар. Ирфоний-руҳий мушоҳада жараёнида ҳосил бўладиган ҳолатлар – хавф ва рижо, қабз ва баст, сукр ва саҳв, жамъ ва тафриқа, фано ва бақо, ғайбат ва ҳузурни ҳам қайсидир маънода ана шу муҳаббат ва маърифатга боғлиқдир. Чунки муҳаббат аҳли асосан жазба ҳақида сўз очсалар, маърифат йўлидагилар кашф ва парда-ҳижобларнинг кўтарилишидан сўз юритадилар. Мисол тариқасида Аҳмад Ғаззолийнинг сўзларига диққат қилайлик: “Маъшуқ Ошиққа деди: Кел, сен Мен бўлгилким, агар Мен Сен бўлсам, фақат машаққат, ҳижрон ва айрилиқ азоби кўпаяр. Агар сен Мен бўлсанг, ўртада ноз бўлар, ниёз йўқ, шодлик бўлар, ғусса йўқ, даво бўлар, дард йўқ”. Бу – муҳаббат аҳлининг сўзи. Улар бирлашувни висолда, “мен” ва “сен” – Инсон ва Ҳусни Мутлақ ўртасидаги муносабатда кўрадилар. Бошқача қилиб айтганда, муҳаббат аҳлининг ирфони шахсий – персонал гностицизм эди. Маърифатни билиш ва англашнинг асос биладиганлар эса “У” (“Ҳува”)дан сўзлайдилар. Зотан, Имом Ғаззолий тўғри таъкидлаганидек, “Маърифатсиз муҳаббат йўқ. Инсон фақат ўзи биладиган нарсасига ишқи тушади” (Иҳё ал-улум ад-дин, Бейрут, Дор Иҳяут-тирос ал-ъарабий, 4-том, 254-бет).Ибн ал-Арабий бу борада қарашлари турлича бўлган уч тоифани зикр этади: “Бир гуруҳ Абу Ҳомид (Ғаззолий)га ўхшаб, “ҳува”ни энг олий зикр деб биладилар, бошқа бир тоифа эса “анта”(сен)ни барча зикрлардан аъло ҳисоблайдилар... Яна бир гуруҳ “ано” (мен)ни мукаммалроқ деб биладилар ва бу Боязид (Бистомий)нинг фикридир”. (Ал-Футуҳот ул-Маккия, 2-том, 297-бет).
ВАҲДАТ УЛ-ВУЖУД НИМА?

Ибн ал-Арабий илгари сурган таълимот бир-бирини тўлдириб борадиган ва ўзаро мустаҳкам боғланган тўрт қисм ёки тўрт босқичдан иборат:


1.Ҳақ таоло Ягона Борлиқ ёки Мутлақ Борлиқдир.
2. Аллоҳдан ўзга барча нарсалар, яъни олам ва одам аслида мавжуд эмас.
3. Барча мавжудотларнинг мавжудлиги ва борлиғи аслида Аллоҳ таолонинг Борлиғидир.
4. Олам аслида Борлиқ эмас, унинг мавжудлиги аслида Аллоҳнинг тажаллийси (эманацияси) маҳсулидир.
Шайх Азизиддин Насафийнинг келтиришича, шайхул-машойих Садриддин Ҳаммавийдан сўрадиларким: Аллоҳ ким? Жавоб бердики: БОРЛИҚ – Аллоҳдир (Ал-мавжуду ҳува Аллоҳ). Кейин яна сўрадиларким: Борлиқ нима? Жавоб бердиким: Аллоҳдан ўзга Борлиқ йўқ (Ло мавжуду сиво Аллоҳ). Бу жавобдан Аллоҳ– оламнинг ўзи, ундан ташқарида мавжуд эмас, деган янглиш фикр ҳосил бўлиши мумкин. Ибн ал-Арабий бу масалага ойдинлик киритиб, айтадики, инсон ва унинг атрофидаги олам ўз моҳиятига кўра, ягона Вужуд – Аллоҳдан эканлиги билан, унинг айни ўзи эмас. Олам ўз вужуди бўлмагани билан Ягона Вужуд – Аллоҳдан айридир: “Олам Ҳақнинг айни ўзи эмас. У бутунлай Ҳақ вужудида зоҳир бўлган бир нарсадир (Ал-Футуҳот ул-Маккия, 3-жилд, 227-бет)”.
Аслини олганда, Азизиддин Насафий ҳам, Шайх Садриддин Ҳаммавий ҳам ваҳдат ул-вужуд таълимотининг ашаддий тарафдорлари бўлишган. Улар Ибн ал-Арабийнинг қуйидаги фикрларидан таъсирланган бўлсалар ажабмас: “Парвардигор вужуд билан сифатлангандир. Мумкинот (оламдаги бошқа нарсалар)дан бирортаси У билан вужудга сифатланган эмас. Аксинча, мен айтаманки, Парвардигор вужуднинг айни ўзидир. Бу ўша расулуллоҳ (сав)нинг қавлидирким, буюрибдир: Коналлоҳу ва лам маъаҳу шайъан (Аллоҳ бор ва у билан ҳеч нарса йўқ). Яъни, Аллоҳ мавжуддир ва оламдаги бирор нарса мавжуд эмас. (“Ал-Футуҳот ул-Маккия”, 3-жилд, 429-бет)”
Шайхурраис Абу Али Ибн Синонинг Олам ва Худо муносабатлари тўғрисидаги фикрлари Ибн ал-Арабий дунёқараши шаклланишига катта таъсир кўрсатгани шубҳасиз. Ибн Сино ўзининг “Шифо” китобида иллат ва маълул (сабаб ва натижа – Аллоҳ ва олам) категорияларига қуйидагича таъриф беради: “Маълул ўз зотига кўра, йўқлик (лайса) дан ўзга ҳеч нарсаси йўқ ва иллатнинг ноҳияси айса (вужуд) соҳибидир. (Ибн Сино, Ал-илоҳиёт мин китоб аш-Шифо, 268-бет)”.
Ибн ал-Арабийнинг Аллоҳдан ўзга барча нарсалар аслида мавжуд эмаслиги тўғрисидаги фикрлари Ибн Синонинг қарашлари билан ҳамоҳанг: “Мумкинотнинг зотий сифати адам (йўқлик)дир. Зотга тегишли сифатлар ўзгармас бўлгани боис, уни ҳеч қачон бартараф этиб бўлмас. Бас, мумкинот мавжуд бўлиши амри маҳолдир, чунки у азалдан йўқ ва доиман маъдум (йўқликка маҳкум)дир... Ҳақиқат аҳли олдида собитдирким, борлиқ саройида Парвардигордан ўзга ҳеч нарса мавжуд эмас; биз мавжуд бўлганимиз билан, борлиғимиз У туфайлидир. Кимки унинг борлиғи бировдан бўлса, адам ҳукмидадир. (“Ал-Футуҳот ул-Маккия”, 3-жилд, 255-бет) ”.
Юқорида бот-бот таъкидлаганимиздек, ваҳдат ул-вужуд таълимотининг асосини тавҳид– Аллоҳ ягоналиги ташкил қилади. Аммо унинг ўзи тавҳидни хослар тавҳиди ва омма тавҳидига ажратади. Хослар – бу ваҳдат аҳли. Омма тавҳидини эътироф этганлар “оламдаги барча нарса ва ҳодисаларда Аллоҳ таолонинг биру борлигидан нишона бор”, десалар, Муҳйиддин Ибн ал-Арабий каби хослар тавҳидини англаганлар “Ҳар бир нарсада бир нишона бор; у Парвардигор унинг айни– асл моҳияти эканлигига далолат қилади (“Ал-Футуҳот ул-Маккия”, 2-жилд, 519-бет) ”, деган ақидада собит қоладилар.
Ибн ал-Арабий ушбу ғояни шеърларидан бирида қуйидагича ифодалаган:
Иннамо-л-кавну хаёлун,
Ва ҳува Ҳақ(қ) фил-ҳақиқа.
Вал-лазий яфҳаму ҳозо,
Ҳоза асрор ут-тарийқа.
(Таржимаси:
Муҳаққақки, олам хаёлдир,
Ҳақиқатда у –Ҳақдир.
Кимки буни англаса,
Тариқат асрорини ҳосил этибди).
Аммо шу билан бирга, моддий олам борлиғини ҳам инкор этиб бўлмайди. Соғлом ақл соҳиби кўринаётган, эҳсос қилинаётган, қўл билан ушлаб бўладиган теварак-атрофдаги нарсаларни, қолаверса, ўзининг мавжудлигини инкор этолмайди. Инсон ва унинг атрофидаги мавжудлигини ваҳдат ул-вужуд таълимоти инкор этмайди. Улар илгари сурган назария бўйича, моддий оламнинг борлиғи Мутлақ борлиқ туфайлидир. Бунинг зоҳир бўлиши эса, илоҳий тажаллий натижасида ҳосил бўлган. Юқорида қайд қилганимиздек, Ибн ал-Арабий таълимоти тўғрисидаги муносабатлар ҳаётлигида ҳам, вафотидан кейин ҳам зиддиятли бўлган. Жумладан, Ибн ал-Арабийнинг таълимотига юксак баҳо берган ва “Фусус ул-ҳикам”га шарҳ ёзган Мавлоно Абдураҳмон Жомийнинг “Нафаҳот ул-унс мин ҳазарот ил-қудс”ида қуйидаги далил келтирилган: Алоуддавла Симноний Ибн ал-Арабийни Ҳақ таолони мутлақ БОРЛИҚ дегани учун кофирликда айблаб, шундай деган экан: «Барча миллат ва фирқаларда ҳали ҳеч ким бундай бўлмағур гапларни айтмаган. Агар чуқурроқ мулоҳаза қилсанг, даҳрийлар ва моддиюнчиларнинг сўзлари ҳам бундан маънолироқ кўринади.(Абдураҳмон Жомий. “Нафаҳот ул-унс мин ҳазарот ил-қудс”, 483-бет).» Айрим Ғарб шарқшунослари (жумладан, испан шарқшуноси М.Асин Палагиос) эса унинг таълимотини “насронийлаштирилган ислом” дея баҳолаганлар. Бизнинг фикримизча, унинг ваҳдат ул-вужуд назарияси фалсафий-ирфоний бўлиб, ислом дини таълимоти негизида шаклланган. Қолаверса, ундаги пантестик қарашлар тавҳид ғояларига йўғрилган. Унинг фалсафасида Инсон, Борлиқ ва Худонинг ўзаро муносабатлари атрофлича ёритилган. Умуман олганда, ўрта асрлардаги барча фалсафий таълимотларнинг асосини ҳам ана шу мантиқий учбурчакнинг ўзаро боғлиқлигини шарҳлаш ташкил этади. Ваҳдат ул-вужуд назарияси борлиқ оламида фақат Аллоҳ таоло борлигини эътироф этади. Шу билан бирга, Ибн ал-Арабий касрат олами борлигини ҳам инкор этмайди.Борлиқ тушунчаси аслида “йўқлик”нинг антитезасидир, яъни йўқликка маҳкум бўлмаган, ҳамиша мавжуд бўлган нарсагина мутлақ борлиқ бўла олади. Азалийлик ва абадийлик хусусияти эса фақат Аллоҳ таолога хос. Мавжудликнинг бошқа турлари ҳам айнан ана шу ибтидосиз Азал ва интиҳосиз Абад хусусиятига эга бўлган Олий Қудрат туфайлидир. Шу сабабдан “ҳамиша мавжуд бўлиш”, “ҳеч қачон йўқолмаслик” хусусиятига эга бўлган борлиқ ҳам фақат унинг ўзидир. Савол туғилиши табиий: унда Аллоҳ таоло Олам яралишидан олдин қаерда бўлган? (Қайд қилиш керакки, ваҳдат ул-вужуд таълимотига биноан, мазкур саволдаги “олдин” сўзи Аллоҳ таолога нисбатан шартли равишда ишлатилади, чунки вақт тушунчаси азалий ва абадий бўлмаган борлиққа нисбатан қўлланилади.) Ислом оламида одатда ушбу саволга қуйидаги ҳадис билан жавоб берилади: Расулуллоҳ (сав)дан сўралди: Халқни яратишидан олдин Раббимиз қаерда эди? Бас, Расулуллоҳ (сав) буюрдиларким, устида ҳам, остида ҳам ҳаво бўлмаган бир Ъимо–юпқа булут устида эди1. Аммо бу мутлақ Борлиқнинг ўзида мавжудликнинг турли даражалари бор. Қуйида борлиқнинг ушбу даражалари, уларнинг ўзаро боғлиқлиги, мутлақ ва ягона Борлиқ– Аллоҳ таоло ва оламнинг ўзаро муносабати тўғрисидаги қарашлар билан танишиб чиқамиз.
Одатда мўминлар ва калом илмининг намояндалари Аллоҳ таолонинг зоти, сифатлари ва амаллари ҳақида расмий шариат нуқтаи назаридан тафаккур этадилар ва шу асосда уни ваҳдоният (ягоналик) жиҳати орқали танийдилар ва унинг зотий, сифат ва афъол (амаллар) тавҳиди бўйича баҳс юритадилар.
Ибн ал-Арабий фикри бўйича, Аллоҳ таоло ўз зоти, сифатлари ва феъл(амал)ларига тажаллий этади. Шу сабабдан, Унинг тавҳиди (ягоналиги) зотида маълум бўладими, сифотидами ёки амалдами, деган савол калом аҳли ҳузурида жумбоқ бўлиб қолаверган. У бу тажаллий босқичларини ҳазрат (ҳозир бўлмоқ, кўринмоқ) деб атайди. Ушбу босқичлар бешта бўлиб, ваҳдат ул-вужуд таълимотида “Ҳазароти хамс” деб аталади.
Олам яралиши жараёнини беш босқичга бўлиш Ибн ал-Арабийдан олдин ҳам мавжуд эди. Фан тарихида илк маротаба олам яралиш концепциясини беш босқичга тақсимлаган олим сифатида неоплатонизм таълимоти асосчиси Плотинни кўрсатадилар. Мусулмон Шарқи тафаккури тарихида бу турлича тасниф ва талқин қилинади. Жумладан, машҳур ватандошимиз Абу Райҳон Беруний бу жараённи қуйидагича таснифлайди : Аллоҳ таоло – Нафси кул – Ҳаюлойи куллия – Мутлақ макон – Мутлақ замон.
Носир Хусрав таълимотида эса замон макондан олдин кўрсатилган: Тангри таоло – Руҳ – Модда – Замон – Макон.
Араб файласуфи Ибн ал-Ҳадид макон ўрнига даҳр (олам) атамасини ишлатган: Аллоҳ – Нафс – Ҳаюло – Фазо – Даҳр.
Ҳазароти хамс босқичлари қуйидагилардан иборат:
Биринчи ҳазрат Ғайби Мутлақ Ҳақиқати ёхуд Ҳазрати Аҳадият деб аталади. Шунингдек, бу босқич илк таайюн деб ҳам юритилади. Ушбу мақомни англашда инсон ақли ожизлик қилади. Илк таайюн ҳақидаги фикрлар асосан кашф ва мужоҳада орқали пайдо бўлган. Бошқача қилиб айтганда, илк тажаллий ҳақидаги фикрлар асосан умумий маълумотлар ҳамда маълум оят ва ҳадислар асосида шаклланган фаразлардан иборат. Қолаверса, ҳар бир ҳазрат– босқич ўзидан олдинги босқичнинг инкишофи ва ўзидан кейинги босқичнинг асрор хазинаси ҳисобланади. Шу сабабдан, биринчи босқичнинг асл моҳияти ва ундаги ривожланиш жараёни фақат Мутлақ Зотнинг ўзига маълум. Кейинги босқичдаги жараёндан шу нарса хулоса қилиндики, илк мақомда Ҳақ таоло ўз зотидан ўзига тажаллий этган бўлиб, мазкур тажаллий натижасида ўзида Нафси Раҳмоний пайдо этган. Бу Нафси Раҳмоний Шарқ фалсафасида “ҳаюлойи куллия” деб аталадиган бирламчи материядир.
Барча кейинги тажаллий босқичларида содир бўладиган ўзгаришлар Ғайби Мутлақ Ҳақиқатида Ақли Кулл кўринишида зуҳур этади. Бунга Ибн ал-Арабий Аввалу мо халақа Аллоҳу кона ал-Ақл (Аллоҳ яратган илк нарса Ақлдир) ҳадисини далил сифатида келтиради.
Биринчи босқичда Нафси Раҳмоний ва Ақли Кулл пайдо бўлиши Аллоҳ таоло ўз сифатларини намоён этишидир. Яъни, мутлақ Борлиқ атрибутив характер касб эта бошлайди. Шу тариқа биринчи ҳазратдан иккинчи ҳазрат– Ҳазрати воҳидият ёки Ҳазрати илоҳиятга нузул этилади. Шу ўринда бир нарсани алоҳида изоҳлашни лозим топдик: аҳад ва воҳид сўзлари ўзбек тилида бир маъносини ифодаласа ҳам, араб тилида бу икки сўз турли маъноларда ишлатилади. Аҳад мутлақ бирлик, ўзгармас рақамни ифодаласа, воҳид кўпликка мойил ададдир. Масалан, икки рақами икки воҳиддан иборат, аммо ҳеч қачон аҳад иккита бўлмайди.
Ҳазрати воҳидият зуҳур этган оламни жабарут олами дейдилар. Мазкур олам касрат оламининг мабдаъ – сарчашмаси ва Аллоҳ таолонинг исмларининг мазҳаридир. Ушбу босқичда ботин оламидан зуҳур этган илк илоҳий сифат илм сифати эди. Шунга мувофиқ, Аллоҳнинг бошқа бир исми – ал-АЛИМ ҳам шу босқичда маълум бўлди. Ундан кейин илоҳий ҳикматнинг аъёни собита (бу тушунча ҳақида кейинроқ батафсил тўхталамиз)ни вужудга келтиришни адам – йўқликдан афзал билгани ва шуни ирода қилиши – исташи туфайли ал –МУРИД исми зуҳур этди. Ҳақ илми тенглик ва истило (бирор нарсага ғолиб бўлиш) сифатларини касб этгани учун, ташқи борлиқ аъёнлари ижоди учун ал-ҚАДИР исми пайдо бўлди. Аъёни собитани вужудга келишидан олдин Ҳақ таолонинг мушоҳадаси туфайли ал-БАСИР исмининг моҳияти маълум бўлди. Аъёни собита ўзларининг ички истеъдоди шарофати билан Ҳақ таолога “Бизни мазҳари бўлишимиз лозим бўлган Зот(яъни Аллоҳ таолонинг Ўзи) ҳурмати, вужудга келтир” деган илтижоларини Ҳақ таоло томонидан қабул этилиши ас-САМИЪ исми зоҳир бўлишига сабабдир. Илтижоларни қабул этган Ҳақ таоло “КУН” (Бўл!) дея амр этди. Бу – Унинг ал-МУТАКАЛЛИМ исмининг зоҳир бўлиши эди. Бу етти исмни аиммаи асмо деб аташади. Мазкур исмларни Ҳақ таоло зотидан айри ҳолда тасаввур этиб бўлмайди, шу сабабдан уларни зот исмлари деб билишади. Фақат ал-Мутакаллим исми зот ва сифот исмлари оралиғида туради, чунки Калом – Сўз мухотаб ва мухотиб (Сўзловчи ва эшитувчи) ўртасида бўлгани сабабли аҳадиятдан кўра иснайният – иккилик хусусияти кўпроқ.
Жабарут оламида зуҳур этган ҳазрати воҳидиятдан кейин Ҳазрати Лавҳ ул-Маҳфузий Малакут оламида аён бўлади. Ушбу босқичнинг энг муҳим хусусияти – Нафси нотиқанинг зуҳур этишидир. Нафси нотиқа Куллий (умумий) нарсаларни идрок этиши ҳамда тажаррудга мойиллиги хусусиятига кўра ўша Ақли Кулнинг малакут оламидаги кўринишидир. Самовий жисмларга боғлиқлиги ҳамда жузъиётни идрок этиш хусусиятига кўра эса, Ҳазрати Аҳадиятда ҳувайдо бўлган нафси раҳмонийнинг малакут оламида тажаллий натижасида ҳосил бўлган бошқа бир кўриниши ҳисобланади.
Тўртинчи танзил (нузул этиш) Малакут оламидан Мулк олами сари содир бўлади. Мулк оламида тажаллий моддий кўриниш касб этади. Мазкур босқичдаги яралиш жараёни Арш ва Курсийдан бошланиб, маъдан, наботот ва ҳайвонот олами билан тугалланади.
Бешинчи ва охирги таназзул Инсон олами ҳисобланади. Инсоннинг икки асосий ҳолати бор : биринчидан, у Борлиқнинг энг охирда яралган ва мукаммаллаштирувчи сўнгги бир бўлаги ҳисобланади. Иккинчи томондан, унинг ўзи илоҳий исмларнинг тажаллий макони ва икки олам ҳақиқатларининг кўзгуси бўлмиш алоҳида бир оламдир. Шу сабабдан, Қуръони каримда инсонни Аллоҳнинг ердаги халифаси деб баҳо берилган.
Диний эътиқодга мувофиқ, Худонинг аслий феъли–амали оламни халқ қилиши– яратишидир. Халқ қилиш оламдаги барча мавжудотларни йўқдан бор қилиши, йўқлик оламидан Борлиққа айлантириши билан изоҳланади. Олам яратишини бундай талқин қилиниши қатор баҳсталаб ва ечими муаммо кўринадиган ва ҳатто, шубҳа туғдирадиган мавҳумликни келтириб чиқаради. Жумладан, олам яратилишидан олдин Аллоҳ таоло улар ҳақида билганми? Диний нуқтаи назардан қараганда, Парвардигор илми чексиз-чегарасиз бўлиб, у барча нарсаларни қамраб олган. Аммо йўқ нарса ҳақида қандай билим ҳосил қилиш мумкин? Илм – билиниши мумкин бўлган маълум нарсаларнинг моҳиятини билиш бўлса, адам оламидаги йўқ нарсалар ҳақида Аллоҳ таоло қандай билимга эга бўлган? Ўзи йўқ нарсалар ҳақида ҳам билимга эга бўлиш мумкинми?
Ибн ал-Арабийнинг ўзи фано ва ирфоний шуҳуд мақомида мумкинот оламини яратишдан олдин мушоҳада этгани тўғрисида хабар берган. У борлиқнинг ушбу босқичини аъёни собита деб атайди.
Фалсафа фанлари номзоди Жаъфар Холмўминов ўзининг “Мавлоно Абдураҳмон Жомийнинг фалсафий-ирфоний қарашлари (“Шарҳи рубоиёт” асари асосида)” номли диссертациясида аъёни собита тўғрисида қуйидагича фикр билдирган: “... Шайх ул-акбар ва унинг издошлари аъёни собита тушунчасини турлича таърифлайдилар. Бу таърифлар мазмунан яқин бўлса-да, ўзига хос талқини билан бир-биридан ажралиб туради. Жумладан, “ҳуруфи олиёт”(Ибн ал-Арабий), “йўқлик ҳисобидаги аъёни мумкинот”(Ибн ал-Арабий), “Ҳақ илмидаги ҳақойиқи мавжудот”(Садриддин Қунавий), “Ҳақ илмида собит бўлган ҳақойиқи мумкинот” (Абдураззоқ Кошоний), “ботини абадий бўлган зоҳирларнинг ботинлари” (Абдураззоқ Кошоний), “Ҳақ таолонинг илмий мавжудоти” (Абдулкарим Жилий), “Илоҳий зот таайюноти ва Ҳақ таоло исмларининг тасвири” (Довуд Қайсарий), “асмойи илоҳий ҳақиқатларининг тасвири” (Мир Сайид Шариф Журжоний), “илоҳий тажаллиётни қабул этгувчи” (Сайид Ҳайдар Омулий)... Аъёни собита ибтидоси йўқ азалдан интиҳоси йўқ абадгача Аллоҳ илмида яширин ҳолда собит ва устувор туради. У борлиққа зуҳур этмайди, фақат унинг белгиларигина юзага чиқади. Демак, у Аллоҳ таоло Зотидан айри бўлган ҳодиса эмас, балки унга тегишли ҳодисадир. У яратган нарса эмас, балки ташқи оламдаги нарсаларнинг яратилишига туртки бўлган моҳиятдир.”
Юқорида кўриб чиққанимиздек, ваҳдат ул-вужуд таълимотида яралиш – Аллоҳ таоло борлиғи канорида моҳиятан мустақил бир борлиқнинг халқ бўлиши эмас, балки бунда нарса ва ашёлар суратида илоҳий тажаллий зуҳур этиши ҳақида сўз юритилади. Ибн ал-Арабий фикрича, халқ қилиш жараёнида икки муҳим омил лозимдир: бири фоъилият (ҳаракатлантирувчи) омиликим, бунда асмои илоҳий назарда тутилади, иккинчиси қобилият (қабул этувчи) омили. Бу эса, аъёни собитадир. Бу икки нарса, қайд қилинганидек, воҳидият ҳазратида Худо вужудида мавжуд бўлганлар. Бошқача қилиб айтганда, жабарут оламида ҳаракатлантирувчи куч ва қабул этувчи нарса бирлашган ҳолатда зуҳур этади.
Аъёни собитани Ибн ал-Арабий қуйидагича тавсифлайди: “Мавжудотларнинг аъёни (субстанцияси) мавжуд эмаслар, чунки маъдум (йўқ)дирлар. Собитлик билан сифатланган бўлсалар ҳамки, мавжудият билан сифатланган эмаслар... Собит адам (йўқлик) эгаси бўлган аъёнлар вужуднинг хушбўй ҳидини искамаганлар. Мавжудотда улардан зоҳир бўладиган суратлар кўп ва хилма-хил бўлгани билан улар адам ҳолатида боқий қолажаклар (Фусус ул-ҳикам, 102-бет)”.
Бошқача қилиб айтганда, Ҳақ ва халқ ваҳдати фақат бир ҳолатда маъно касб этиши мумкин: у ҳам бўлса, бир томон (яъни халқ) йўқлик сифатида эга бўлса. Халқ қилинган нарсалар аслида аъёни собитадан ўзга эмаслар.Кўрганимиздек, аъёни собита маъдум бўлгани билан шаҳодат оламида Ҳақ билан ваҳдат топганлар. Ибн ал-Арабий тили билан айтганда: “Худо айтадики, бирор нарса йўқки, Мен у учун зоҳир бўлсам, чунки Мен ҳар бир нарсанинг айни ўзи– моҳиятидирман. Бас, вужуд хусусиятига эга бўлмаган нарсаларга Мен зоҳир бўлмайман. Мумкинот (мавжуд бўлиши мумкин бўлган нарсалар) Мени собитлик хусусиятлари ила кўришлари мумкин. Аммо Мен улар учун зоҳир бўлмадим, чунки улар доимо йўқдирлар ва Мен доимо мавжуд. Бас, Менинг Вужудим зоҳир бўлишимнинг айни ўзидир ва воқелик ўзгача бўлиши ҳам мумкин эмас. (Ал-Футуҳот ул-Маккия, 3-жилд, 8-9-бетлар)”.
Ибн ал-Арабийнинг нуқтаи назарига кўра, Парвардигор аҳадият мақомида икки тажаллийси бордир: бири ички(ботиний) тажаллий бўлиб, бу ўша аъёни собита пайдо бўлишига боис бўладиган Худо илмидир. Бу тажаллий файзи ақдас орқали сурат топади. Иккинчи тажаллий ташқи (зоҳирий) тажаллий ҳисобланиб, файзи муқаддас туфайли амалга ошади. Файзи муқаддас туфайли содир бўладиган тажаллий натижасижа аъёни собитага мувофиқ шаҳодат олами пайдо бўлади. Шу тариқа, илм ва маълум – билим ва билиниши лозим бўлган нарса ўртасидаги мутаносиблик сақланиб қолади.
Бир сўз билан айтганда, ваҳдат ул-вужудда солик барча ашёда тоғу тошда, осмону фалакда, ҳар бир гиёҳда Илоҳий Қудрат тажаллийсини мушоҳада этмоқ, Мажнун барча нарсадан Лайли нишонини ахтаргани каби ваҳдат оламининг касрат оламидаги аёнлашуви, оламдаги барча мавжудотларда Илоҳий Жамолни кўришга эришмоғи лозим. Шу ерда савол туғилиши табиий: Ибн ал-Арабий таърифлаган мазкур ваҳдат аслида объектив ҳодисами ёки субъектив характерга эгами? Бошқача қилиб айтганда, бу масалага онтология мезонлари билан ёндошиш керакми ёки бу аслида эпистемология баҳс мавзусими? Балки бу орифнинг онгида содир бўлаётган ўзгариш бўлиб, аслида психологик ҳодисами?

Download 0,53 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5   6   7   8




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©www.hozir.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling

kiriting | ro'yxatdan o'tish
    Bosh sahifa
юртда тантана
Боғда битган
Бугун юртда
Эшитганлар жилманглар
Эшитмадим деманглар
битган бодомлар
Yangiariq tumani
qitish marakazi
Raqamli texnologiyalar
ilishida muhokamadan
tasdiqqa tavsiya
tavsiya etilgan
iqtisodiyot kafedrasi
steiermarkischen landesregierung
asarlaringizni yuboring
o'zingizning asarlaringizni
Iltimos faqat
faqat o'zingizning
steierm rkischen
landesregierung fachabteilung
rkischen landesregierung
hamshira loyihasi
loyihasi mavsum
faolyatining oqibatlari
asosiy adabiyotlar
fakulteti ahborot
ahborot havfsizligi
havfsizligi kafedrasi
fanidan bo’yicha
fakulteti iqtisodiyot
boshqaruv fakulteti
chiqarishda boshqaruv
ishlab chiqarishda
iqtisodiyot fakultet
multiservis tarmoqlari
fanidan asosiy
Uzbek fanidan
mavzulari potok
asosidagi multiservis
'aliyyil a'ziym
billahil 'aliyyil
illaa billahil
quvvata illaa
falah' deganida
Kompyuter savodxonligi
bo’yicha mustaqil
'alal falah'
Hayya 'alal
'alas soloh
Hayya 'alas
mavsum boyicha


yuklab olish