Олим давлатов


ВАҲДАТ-УЛ ВУЖУД ТАЪЛИМОТИДА ФАНО БОСҚИЧИ



Download 0,53 Mb.
bet4/8
Sana26.04.2022
Hajmi0,53 Mb.
#581673
1   2   3   4   5   6   7   8
Bog'liq
2 5381981221779675655

ВАҲДАТ-УЛ ВУЖУД ТАЪЛИМОТИДА ФАНО БОСҚИЧИ

Ибн ал-Арабий наздида фано комил инсоннинг валийлик мақомига боғлиқдир. Солик турли манзил ва босқичларни босиб ўтиб, бошида Худони хаёлида, сўнгра басират кўзи билан кўради ва охир-оқибат шоҳид ва машҳуд бирлиги мақомига етадиким, бу фано ва валий инсоннинг мақомидир.Бу мақомсиз мақом, хабарсизлик хабари, англамасликни англаш босқичидирким, ориф бу мақомда ички ҳурриятга нойил бўлади. Ибн ал-Арабий мазкур босқичда қўллайдиган тушунчалар ўша сўфийлар орасида ишлатиладиган сўзлардир. Жумладан, фано ва бақо босқичлари тўғрисида айтган сўзларига диққат қилайлик: “Агар бу босқичларда тўхтаб қолмасанг, маҳв (йўқ бўлмоқ), сўнгра ғайбат (ғойиб бўлмоқ), кейин саҳақ(узоқлашмоқ), ундан кейин маҳақ (яксон қилмоқ) мақомига етишасан. Ўшанда Моҳий (маҳв этувчи) ва унинг мулозимлари (ўойиб, Фоний ва ғ.) таъсири сенда ниҳоясига етади ва Субот, Ҳузур, Бақо ва энг охири Жамъ мақомига етишасан”. Ушбу парчада ишлатилган сўфийнинг фано йўлидаги мақомларнинг номлари Хожа Абдуллоҳ Ансорийнинг “Манозил ас-сойирин”даги манзиллар билан бир хил (Қаранг: Хожа Абдуллоҳ Ансорий. Манозил ас-сойирин. Қум: “Бедор”нашриёти, 1371ҳ.ш.йили). Унда Ибн ал-Арабийнинг фано бўлиш тўғрисидаги қарашлари бошқа таълимотлардан нимаси билан фарқ қилади?


Тасаввуфий-фалсафий луғатларда фано тушунчаси, одатда, ўзликдан кечиш ва Илоҳга етишиш деб изоҳланади. Бу ерда етишиш фақат Илоҳ билан иртиботда бўлиш ёхуд қурбат – яқинлик билан изоҳланмайди. Бу ерда ориф ёки соликнинг “Мен”идан ном-нишон йўқ, балки фано ўзликдан буткул воз кечиб, ҳамиша боқий ва мангу “МЕН”– Парвардигорга етишмоқ, Унга қўшилмоқдир.
Баъзида фано тушунчасини нотўғри талқин қилиб, ҳулул (Парвардигорнинг қайсидир бандаси жисмига сингиб кетиши – насронийларнинг Ота, Ўғил ва Муқаддас Руҳга оид назарияси) ёки иттиҳод (инсоннинг башарий сифатлардан тўла холи бўлиб, илоҳий хислатлар билан безаниши – ҳинд фалсафасидаги Буддага нисбат бериладиган ҳодиса) назарияларига чоғиштириш ҳолатлари ҳам кузатилади. Жумладан, Абу Наср Саррож ўзининг “Ал-лумаъ” асарида фано ва ҳулул ўртасида фарқ қўймаганлар ҳақида шундай деб ёзади: Бағдод аҳлидан айримлари ушбу ғалат сўзларни айтмишларким, иддаолари бўйича, ўз сифатларидан фано бўлиш чоғида, Ҳақ сифотига дохил бўлмишлар. Ўз жаҳолатлари-ла ўзларини шу маънога нисбат бермишларким, ҳулул назарияси ва ёки насронийларнинг Масиҳ (а) ҳақидаги қарашларига тортадир1.
Аллоҳ тушунчаси турли тилларда турли номлар билан айтилади ва уларнинг барчаси Борлиқ олами ва инсондан юқори турадиган олий бир хилқатни англатади. Аммо ваҳдат ул-вужуд таълимотида Борлиқ билан бевосита муносабат ва мулоқотда зоҳир бўладиган Худо ҳамда ботиндаги Худо– Борлиқ бўлмаган тақдирда ҳам Худо бўлиб қоладиган Олий Идеал ўртасида тафовут мавжуд. Ибн ал-Арабий биринчисини исмлар мақомига оид деб билади ва уни ИЛОҲ деб атайди ҳамда иккинчисини аҳадият мақомидаги ЗОТ деб ҳисоблайди. Бу иккихудолик ёки кўпхудолик эмас, балки Ягона Вужуднинг турли такомил босқичларига боғлиқ.
Зот чек-чегарасиз, таайюнсиз, ҳар қандай ҳад-ҳудуд ва моҳиятдан холи бир вужуддир. Чексиз-чегарасиз бўлганлиги сабабли, унинг ёнида ҳам, У билан бевосита нисбат ва мулоқотда ҳам ҳеч нарса йўқ. Ибн ал-Арабийнинг айтишича, Ҳақ ва халқ ўртасидаги муносабат маъқул (ақлга оид) ҳам, мавжуд ҳам эмас. Зот жиҳатидан Ундан бирор нарса содир ҳам бўлмайди, на Ўзи ҳам бирон нарсадан пайдо бўлади. Худо борлигига далолат қилувчи ҳар бир шаръий ёки ақлий далил Илоҳга таллуқлидир, Зотга тааллуқли эмас. Зотнинг хос исми йўқдир. “Худони ҳамма ҳам мутлақ Қудрат ва абадий-азалий зот деб билади. Бу маъно инсон қалбида шундай ўрнашганки, унинг на инкор, на тасдиқ кўриниши бор. Унинг исми ҳам, ифодаси ҳам йўқ.Аммо маъно сўзга айланиши, шаклга кириши билан куфр ёки иймон, инкор ва тасдиқ пайдо бўлиб, муҳокамалар, ихтилофлар бошланади. Зеро, Парвардигор –Буюк бир ғоя, мавҳумият. У бирор шаклга, суратга сиғмайди, гарчи жами шакллар, суратлар Ундан бўлса ҳам. Фарқлар шаклларда ифодаланади, шу боис махлуқият дунёси, яъни бизнинг ўзимиз ва бизни ўраб кўриниб турган дунё беҳисоб шакллар, ўзгаришлар, алмашинишлардан иборат. Парвардигор оламида бу хусусият йўқ.(Н.Комилов. Тасаввуф (иккинчи китоб).Тавҳид асрори.Т.: Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат ҳамда Ўзбекистон нашриётлари – 1999, 27-бет)” Бизнинг ақл мезонларимиз бўйича мавжуд бўлган мавжудлик ўлчовларининг бирортасига тўғри келмайдиган Олий вужуд – Зотни аслида Мутлақ йўқликка оид деб ҳисоблаш ҳам мумкин. Ибн ал-Арабий бунга “Мен махфий бир хазина эдим ва аён бўлмоқни истадим” ҳадисини далил сифатида келтиради (Шу ўринда қайд қилиш керакки, айрим муҳаддис олимлар бу сўзни ҳадис эмас, деб ҳисоблайдилар. Қаранг: Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тасаввуф ҳақида тасаввур. Т:Мовароуннаҳр, 2004 йил, 118-бет). Аллоҳ таолонинг Зоти ўша махфий хазинадаги ҳолатига далолат қилади. Таайюн босқичидан юқори бўлган Зотни билишнинг имкони йўқ. Илоҳий моҳиятни Унинг ўзидан бошқаси билолмайди. Ақл ва тафаккур орқали Зот ҳақиқатини англаш ва унга етишиш имкони бўлмаса, унда қайси йўл билан бунга эришиш мумкин? Ўзи, Мутлақ ва Абадий Ҳақиқатни билиш имкони борми? Мумкин, дейди Ибн ал-Арабий. Бу ўзликни англаш орқали амалга ошади, чунки “Ман ъарафа нафсаҳу фақад ъарафа Раббаҳу” (Кимки ўзини билса, бас, муҳаққақки, Раббини танибди). Ибн ал-Арабий тили билан айтганда : «Бу шундай мақомдирким, тафаккур орқали унга етишиб бўлмас. Балки унга нойил бўлишнинг ягона йўли мушоҳададир. Бу (мушоҳада) ўша Пайғамбар (сав)нинг буюрганидирким, “Ман ъарафа нафсаҳу фақад ъарафа Раббаҳу”... Барча нарсалар ўзингдан ва ўзингдадир. Бирор иш сендан ташқарида эмас. Бас, ўзингни бошқалар орқали танимоққа умид қилмаки, ҳеч нарса тополмайсан. Сен ўзингга ўзинг далил-исботсан, сенинг борлиғингга исбот ўзингдан бошқа ҳеч нарса йўқ.» Бошқа бир жойда яна ўша ҳадисга таяниб қуйидагича мулоҳаза юритади: «Агар ўзлигингга йўл топсанг, аслида кимлигингни англайсан, агар ўзлигингни англасанг, Парвардигорингни танийсан ва ўша ҳолатда биласанким оё бормисан ёки йўқмисан... Бирор нарса ўзидан кўпроқ ўзига далил бўлолмайди».
Хожа Муҳаммад Порсо бу борада қуйидагича мулоҳаза юритади: «... Шунингдек, инсоннинг икки ҳолати бор: бири– у Оламнинг бир бўлаги-жузъидир, олам яралиши у билан тугайди, вужуди айний (асл Борлиқ) дойирасини охирига етказувчи ҳам удир; иккинчиси, унинг ўзи алоҳида бир оламдир, бу олам илоҳий исмлар ва борлиқ ҳақиқатлари нақш топган маскан эканлиги учун унга халифалик мусаллам бўлган.» Бошқа бир жойда инсоннинг илоҳий сурати тўғрисида шундай дейди: «Олам ўз моҳиятига кўра илоҳийлик мазҳари ва суратидир муфассалан, комил инсон илоҳийлик мазҳари ва суратидир ижмолан». (Хожа Муҳаммад Порсо. Шарҳи “Фусус ул-ҳикам”. Машҳад, ҳ.ш.1364йил, 34-бет).
Инсоннинг ички имкониятларига юксак баҳо берувчи Ибн ал-Арабий унинг ташқи кўринишини ҳам илоҳий деб таърифлайди ва бунга “Инналлоҳа халақал-Одама ъало суратиҳи” (Дарҳақиқат, Аллоҳ Одамни Ўз суратида яратди) ҳадисини асос сифатида келтиради. Мазкур ҳадис ҳам саҳиҳ ё заиф эканлиги тўғрисида ихтилоф бор. Шунингдек, ҳадиснинг маъно-моҳияти тўғрисида турли қарашлар мавжуд. Бир гуруҳ олимлар бу ҳадисни “Аллоҳ таоло Одамни ўз суратида (фақат Одамга хос бўлган суратда) яратди” деб талқин қилсалар, Ибн ал-Арабий ҳам тегишли бўлган бошқа бир гуруҳ эса “Аллоҳ таоло Одамни Ўз суратида (Аллоҳнинг Ўзига ўхшаш) яратди” мазмунида таъвил этишади.Жумладан, Жалолиддин Румий ўз “Маснавийи маънавий”сида шундай марҳамат қилади:
Халқи мо бар сурати худ кард Ҳақ,
Васфи мо аз васфи ў гирад сабақ.
Шайх Нажмиддин Розий “Мирсод ул-ибод” китобида қуйидагича мулоҳаза юритади: “Яралганлар жумласидан инсондирким, Илоҳийят ҳазратининг жамоли ва жалолини акс эттирувчи кўзгу ва барча сифатларининг мазҳари бўлди, “Халақа Одама ъало суратиҳи”ушбу маънига ишоратдир...” Ибн ал-Арабий наздида бу нарса, яъни инсоннинг кўриниши Парвадигорига ўхшашлиги энг муҳим хусусият ва бошқа мавжудотлардан фарқлантирувчи ҳамда шарафлантирувчи асосий белгидир. Унинг фикри бўйича, инсон нутқи билан бошқа мавжудотлардан фарқ қилмайди, чунки барча жонзотларда ўзига яраша нутқи бор, фақат инсон уларнинг тилини билмайди. Инсонни шарафлантирувчи нарса айнан Илоҳий суратидир. Кимки буни англаса, Комил Инсондир, акс ҳолда инсоний суратдаги ҳайвони нотиқдан ўзга эмас. Буни инсон фақат қалб орқали идрок этиш мумкин, чунки мўминнинг Қалби – илоҳий тажаллий манзили, Илоҳнинг назаргоҳи ва маконидир. Аллоҳ таоло қудсий ҳадисларнинг бирида айтганидек, осмонлар ва ерлар Уни ўзларида сиғдира олмадилар, аммо мўмин бандасининг қалби Унинг манзилгоҳига айланди.
Руҳ, ирфон аҳли фикри бўйича, замон ва макондан ташқари, азалий ва абадий мавжудликдир, аммо дунёвий ҳаётда замон ва макон, фазо ва вақт категорияларини касб этади. Бошқача қилиб айтганда, Инсон Руҳи икки арсада мавжуддир. Зот арсасида барча тааллуқотдан озод ва мутлақ эркинлик соҳибидир. Қувват ва идрок арсасида эса ҳар бир идрок ҳисси учун муайян объект билан муносабатда бўлади. Зот арсаси эса, Парвардигор ва инсон ваҳдатга етишуви макони, ҳар қандай боғлиқлик ва сифатлардан озод бўлиш, ташқи алоқалардан узилиш жойидир. Шу сабабдан, инсон руҳи (нафси)нинг зот арсаси ҳам Илоҳ Зоти каби ҳар қандай таъриф тавсифлашга сиғмас ном-нишонсиз нишоннинг ўзидир. Бошқа бир томондан, бу босқичда Зотнинг ўзига хос исми бўлмагани билан барча илоҳий исмлар зуҳур этади. Шу сабабдан, Парвардигорга етишиш учун Руҳнинг Зот арсасига – асл моҳиятига етишишимиз лозим.
Бошқача қилиб айтганда, ўзи-ўзига ҳижоб– парда эканлигини англаган ориф учун фано– ҳижобни кашф этишдир. Ибн ал-Арабий таълимотида Аллоҳни қандай топиш мумкин, деган савол Уни кўрмоққа тўсиқ бўлаётган ҳижобларни қандай бартараф қилиш керак, деган савол билан бир хил. Унинг фикрича, Аллоҳдан ўзга нарсаларнинг икки чеҳраси бор: бири “ло ҳува” (У эмас), иккинчиси “Ҳува” (Удир). Демак, Ҳаққа етишишнинг ягона йўли–“Лоҳува”лик парда-ҳижобни бартараф этиб, “Ҳува”лик мартабасига муяссар бўлмоқликдир. Кимки, “лоҳува”ликдан фоний бўлиб, “Ҳува”лик мақомига етишга муяссар бўлса, Ўзини-Парвардигорни топибди. Ибн ал-Арабийнинг таъбири билан айтганда, бу ҳолатда қалб соҳиби “Ўзидан ўзини танийди, руҳи Ҳақнинг моҳиятидан ўзга бўлмас. Чунки оламда бирор нарса йўқ ва бўлмас ҳам, илло Ҳақ ҳуввиятининг айни ўзи (Фусус ул-ҳикам, 22-бет)”.
Юқорида бир неча марта фанони турли тарзда “орифнинг ўзлигидан кечиши ва Ўзига етишиши” деб таърифладик. Агар оламда Ҳақ ҳуввиятининг айни ўзидан бошқа нарса бўлмаса, унда орифнинг “ўзлиги” нима ўзи?
Қайд қилиб ўтилганидек, руҳнинг ботин ва зоҳир арсалари бор. Ботин арсаси– руҳнинг зоти Парвардигорни топиш ва таниш мақомидир. Бу арсадан фоний бўлиш имкони йўқ, чунки ботин арсаси фаноси – Парвардигордан фоний бўлиш маъносини англатади. Аммо ботиннинг зоҳирий арсаси нафснинг куч-қувват, идрок-эҳсос ва алоқамандлик арсаси ҳисобланади. Албатта, бу ҳам асл Моҳият- Илоҳий Қудратнинг бир кўриниши, аммо ботиний арсадан фарқли равишда бунда ўзгарувчанлик, ривожланиш, таназзул каби хусусиятлар хос. Орифнинг ўзлигидан кечиши ана шу ўзгарувчанлик, беқарорликдан қутулиб, собитлик ва барқарорлик арсасига етишмоқни англатади.
Инсон зоҳирий арсадан фоний бўлиб, руҳнинг ботин арсасига етишганидан сўнг Илоҳни тўла маърифат этиши– билиши мумкинми? Имкони йўқ, деб жавоб беради Ибн ал-Арабий. Парвардигорни танишнинг энг олий нуқтаси– Уни англаб бўлмасликни тўлиқ англаш, бу борада ҳеч қандай шубҳа қолмаслигидир. Жумладан, асарларининг бирида қуйидагича фикр юритади: “Аллоҳ тўғрисидаги билим – ундан бехабарликнинг айни ўзидир. Ал-Ъажзу ъан даркил-идроки идрокун (Идрокни дарк этишда ожиз қолиш идрокдир). Ориф қачонки англасаки,англашнинг иложи йўқ бир нарса мавжуддир, бу нарса ҳақидаги билими – англаб ва таърифлаб бўлмаслиги ҳақидаги тасаввури аслида хабарсизликдан бошқа нарса эмас. Аммо бу билан оддий нодонлик ўртасида катта тафовут мавжуддир.” Шу маънони Ғарб файласуфи Николай Кузанский қуйидагича ифода этган: “Фано – маърифат ва жаҳолатнинг қоришмасидир, аслида бу – олимона жаҳолатдан ўзга нарса эмас.”
Фано– ҳеч нарса билмаслик, ҳеч нарса истамаслик, ҳеч нарсага эга бўлмасликдир. Боязид Бистомий айтганидек, “ҳеч нарса истамасликни исташ”, дунёвий ва ҳатто охират орзу-ҳаваслардан фориғ бўлиш, кўнгилни турли-туман умидлардан, ҳаваслардан, илинжлардан поклаш ва бунинг эвазига ҳеч нарса истамаслик, ҳеч нарсага, ҳатто ўзига эгалик ҳиссини йўқотиш–жуда мушкул иш. Бу фақат айтишга осон. Бекорга фанони ўлимга қиёсламаганлар. Ўлим ҳақ эканлигини ҳамма билса-да, ҳамма ундан қўрқади ва қочади. Фано водийси ҳам ана шундай кўнгилга қўрқув ва даҳшат соладиган руҳоният майдони. Бу майдонда фақат руҳий салоҳияти мислсиз, покиза ва соғлом бўлган, илоҳий файз дарёсидан сув ичган пайғамбарлар ва валийлар каби беназир зотларгина жавлон уриши мумкин. Аммо булар ҳам хавф ҳиссидан бенасиб эмаслар. Ибн ал-Арабий хавф мақоми тўғрисида шундай деб ёзади: “Бу мақом зиддиятларга эга бир мақомдир. Чунки киши, бир томондан маҳжуб (парда ортида) бўлишдан қўрқса, иккинчи томонидан, ўша ҳижобни бартараф қилишдан қўрқади. Унинг ҳижобдан бўлган хавфи маҳжублигида Худони билмаслиги туфайли бўлса, ҳижобни бартараф этишдан ҳосил бўладиган хавфининг сабаби шуким, ҳижоб бартараф этилганда, ўзлиги орадан кўтарилади ва Мутлақ Жамолга нисбатан бўлган фойида ва лаззатланиш ҳисси ҳам қолмайди.(Ал-Футуҳот ул-Маккия, 2-жилд, 182-бет). Бошқа бир жойда фано бўлишдан қўрқувга тушган соликларнинг ҳолатини тасвирлайди: “Мукошафа аҳлидан айримлари кашф этаётганлари чоғида бирор нарсани кўрсалар, ваҳимага тушиб, шаҳодат оламига қочадилар. Жумладан, менинг дўстим Аҳмад Ҳаририй (Аллоҳ ундан рози бўлсин) жазбага тушган ҳолатида тебранишлар ва кескин ҳаракатлар билан ўзининг одатий ҳолатига қайтишга ҳаракат қиларди. Ушбу қилмишлари учун сарзаниш қилганимда айтардики, мушоҳада этаётган нарсамда ўз айним (ўзлигим, моҳиятим) йўқ бўлиб кетишидан чўчийман. Қанийди, бу бечора модда оламида хориж бўлганда, жон ўзининг асл масканигаким, ўша моҳиятидир, қайтажагини билса эди... Барча нарсалар ўз аслига қайтажакдир... Худо ирода қилган боқийлик бу жисмнинг табиат оламидаги ҳузуридан яхшироқдир... Киши учун ушбу майдонда боқий қоладиган нарсаси банда сифатида дохил бўладиган лаҳзадир. Бу ҳам айнан ундан барча нарсалар фоний бўлиш пайтида содир бўлади; бу ҳолатда рабубият унинг вужудида ҳали боқийдир. Қўрқув ҳам ана шу рабубият зойил бўлиши– барҳам топишидан пайдо бўлади. Шунинг учун, рабубият зоҳир бўлган вужудига (яъни, табиат оламига) қочади. (Ал-Футуҳот ул-Маккия, 1-жилд, 276-бет)”.
Фано бўлиш, яъни “азалий адам–йўқлик”(Ибн ал-Арабий ибораси)га эришиш – Зот мақомига етишиш экан, демак, ориф ва солик икки хил сифат билан юзланади. Бирида Ҳақ сифатлари билан сифатланган бўлиб, “У” бўлади, иккинчисида тааллуқ ва изофа, нисбатдорлик хусусиятлари мужассам бўлган “Мен”лигида қолади. Агар “У” бўлса, демак, тажрид ва тафрид сифатлари унга хос бўлиб, ҳурликка эришади, аммо агар “Мен” бўлса, тааллуқ ва нисбат уни ҳеч қачон тарк этмас ва у Ҳақ билан бирга бўлгани ва Ҳақ жамолини мушоҳада этгани билан бандалик мақомида собит қолади. Унда Зот мақомига етишган ориф ким – Ҳақми ёки Ҳаққа етишган солиҳ бандами?
Бандалик ва ҳуррият тўғрисида Ибн ал-Арабий қуйидагича мулоҳаза юритади: “Ҳеч қандай эркинлик ва ҳурликни қабул этмайдиган бандалик Аллоҳ бандалигидир. Зероки бандалик уч қисмдир: Аллоҳга бандалик, қуллик ва ҳолат бандалиги... Бу уч қисмдан фақат қуллик–халққа бандалик ҳолатидан озодлик ва эркинликка эришмоқ мумкин. Бу ҳам ўз навбатида икки қисмга бўлинади. Бири ҳуқуқий– фиқҳий томондан эркин бўлгани билан бандалик ҳолатидирким, бу мол-мулкка қул бўлиш билан изоҳланади. Иккинчиси ҳуқуқий томондан эркин бўлмаган, яъни бировга қул бўлишдир. ” Бандалик ва Аллоҳга итоат қилиш тўғрисидаги қарашлар Ибн ал-Арабий тафаккур тизимида жуда мустаҳкам ўрнашган. Бемалол айтиш мумкинки, ваҳдат ул-вужуд назариясининг асосий ғоялардан бири – илоҳий шариатга сўзсиз итоат қилиш ва бу йўлда амалларни сидқидилдан бажариш учун ҳар бир нарсани асл моҳиятига қараш ва ўшанга мувофиқ ҳаракат қилишдан иборат. Бу – қуллик ғояси ёки қарамлик мафкурасини тарғиб қилиш эмас, албатта. Аслида, бу сўфийларни бирор амал, ҳаттоки Ҳаққа етишишдек энг улуғ ва олийжаноб амалга қўл уриш ва шу йўлда жаҳд қилиш жамиятдаги фаолиятдан озод этолмаслигини билдиради. Маълумки, тасаввуф тарихида бир қатор тариқатлар эътироз сифатида давлат ва жамият юмушларидан чекиниб, фақат тоат-ибодатга машғул бўлганлар. Ибн ал-Арабийнинг илгари сурган назариянинг асосий моҳияти шундан иборатки, инсон хоҳласа-хоҳламаса, ижтимоий ҳаётга боғлиқ ҳолда яшайди. Агар у ўз фаолиятини ихлос ва эътиқод билан, Аллоҳнинг йўлида бажарса, кундалик юмушларни бажарилиши ҳам ибодатнинг вазифасини ўтайди. Чунки ваҳдат ул-вужуд таълимотида барча ашё ва амалларнинг асл моҳияти– бир. У ҳам бўлса, Парвардигор. Моҳиятга қараб иш тутган одамнинг ҳар бир зоҳирий амалининг замирида катта ихлос ва ибодат, итоат ва эътиқод ётиши шубҳасиз. Бошқача қилиб айтганда, агар оддий қул ўз арбобининг моҳияти-асоси аслида Аллоҳдан эканлигини англаса ва унга қилаётган хизмат асли Аллоҳ буюрган амалларнинг бажаришнинг бир кўриниши эканлигини қалбан ҳис этса, унда у ўз хўжайинига эмас, балки ҳақиқий Хожасига итоат ва хизмат қилаётган бўлади. Шу нуқтаи назардан, асл моҳиятини англаган қул ўз мол-мулки бандасига айланган хўжайинига нисбатан озодроқ, чунки у ҳақиқий бандалик нимадан иборат эканлигини билади, шу боис, ўткинчи нарсаларга тобе эмас. Шу нуқтаи назардан, бандалик хотамуланбиё Муҳаммад расулуллоҳ (сав) мартабаси бўлганлиги боис, комилликка интилган ҳар бир кишининг энг олий орзуси бўлмоғи лозим: “Муҳаммад (сав) ўз аслиятига кўра, абд-банда этиб яратилди. Шу сабабдан, ҳеч қачон улуғлик ва пешволикка даъво қилиб, бош кўтармади, балки ҳамиша боши эгик ва хокисор эди, токи Аллоҳ таоло борлиқни у туфайли ижод қилди ва унга фоъилийят рутбаси бағишлади (Фусус ул-ҳикам, 620-бет)”.
Шу ўринда қайд қилиш керакки, Ибн ал-Арабийинг ўзи ҳам ижтимоий ҳаётда фаол иштирок этадиган олимлардан бўлган. Таниқли олим И.Ҳаққул айтганидек, “энг аввало халқпарвар, умри бўйи эл-юрт дарди билан яшайдиган Шахсгина буюк олимдир. Бунинг акси бўлган онги ишлайди-ю, виждони уйқуда бўлади. У кўп нарсани билиши мумкин, бироқ заҳматкаш халқ, турмуш зарбаларига мардона дош беришга маҳкум оддий инсон қалбини тасаввур эта олмайди.
Ибн ал-Арабий бундай олимликни мақбул кўрмаган. Шу боис “Футуҳот”нинг бир ўрнида “...Алоҳида бир мажлисда Ҳалаб султони Юсуф бин Айюбга халқнинг эҳтиёжларидан 118 тасини арз этдим. Ҳаммаси бажо этилди...”деб ёзган. Албатта, олим деганининг ҳаммаси ҳам Шайхи Акбар бўла олмаганидек, унинг жамоат ўртасидаги мавқеи ва давлат одамлари ўртасидаги нуфузи ҳам камдан-кам одамларга насиб этган.” (Иброҳим Ҳаққул.Шайхи Акбар. “Тафаккур”журнали, 2000 йил 1-сон).
Ибн ал-Арабий, ҳурликни Парвардигор Зоти мақомига оид деб ҳисоблайди. Ҳатто Ҳақнинг ўзи ҳам Илоҳлик мақомида Мутлақ эркинлик мақомидан бенасибдир, чунки маъбуд ўз сифатини тўлиқ намойн этиш учун қайсидир маънода обид – топингувчига эҳтиёж ва боғлиқлик сезади. Иккинчидан, инсон камолини Зот ва ёки Рабубият мақомига восил бўлишда эмас, балки бандаликда кўради ва бу бандаликни азалий адам – йўқлик ва айни собитга қайтмоқда излаш лозимлигини уқтиради:
Ҳуррият Зот мақомига оиддир ва Илоҳ мақомига боғлиқ эмас. Банда учун бу мақом ҳеч қачон муяссар бўлмас, чунки у Худонинг бандаси ва бандалик унинг асосий белгисидир. Ҳақ ҳам Илоҳ бўлганлиги ва бу ўз навбатида маълуҳ – топингувчини тақозо этар. Бу тақозо этиш хожа ва қул, подшо ва мамлакат, мулкдор ва мулк ўртасидаги муносабат кабидир. Шунинг учун бу мақомда ҳам ҳуррият йўқдир... Чунки муносабат ҳақиқатида ўзаро боғлиқлик яшириндир, ҳуррият эса боғлиқликнинг ҳеч қандай кўринишини қабул этмас. Аммо Ҳақ халқдан бениёз эканлиги боис, уларнинг ўртасида икки томонлама боғлиқ муносабат йўқдир, шу сабабдан, ҳуррият Ҳақ зотининг асосий хусусияти ҳисобланади.
Ички ҳурлик, ҳар замон турли рангларда жилва этиб, туйғуларни жунбушга келтирувчи ва эгри йўлларга бошловчи дунёвий ҳузур-ҳаловатлардан фориғ бўлиш, қалб таскинига эришиш, сир-синоатга тўла ботин оламининг моҳиятини англаш ва ундан завқланиш, фикр, ўй-хаёл ва туйғуларни ягона нуқтада жамлай олиш – ваҳдат ул-вужуд ва умуман, ирфон йўлидаги барча муҳибларнинг орзу-омоли эди. Шу сабабдан бўлса керак, ваҳдат ул-вужуд ғоялари адабиётда шу даражада кенг ёритилдики, ҳатто айрим тадқиқотчилар бу назарияни адабий ҳодиса сифатида баҳолаганлар: Бу мавзу жуда кўнгилтортар ва ширин мавзулардандир, илло ўзларининг тилларидан баён этилса...Зоҳиран, бу масала фақат ҳайрат ва таъсирчанликдан ўзга нарса эмас ва шу асосда шоирона тахайюлга анча яқин кўринади, чунки нимаики кўнгилда ҳайрат асарини пайдо қилса, шеърдир. Мутлақ бир Борлиқ ҳам умумий бўлса, ҳам хусусий, ҳам мутлақ бўлса, ҳам нисбий, ҳам кул бўлса, ҳам жузъ, ҳам жавҳар (субстанция) бўлса, ҳам араз (атрибут), ҳам оқ бўлса,ҳам қора – инсоф юзасидан айтинг, бундан-да шоирона нарсани яна қаердан топиш мумкин?! (Шиблий Нўъмоний. Шеър ал-Ажам.-Б. 115.)



Download 0,53 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5   6   7   8




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©www.hozir.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling

kiriting | ro'yxatdan o'tish
    Bosh sahifa
юртда тантана
Боғда битган
Бугун юртда
Эшитганлар жилманглар
Эшитмадим деманглар
битган бодомлар
Yangiariq tumani
qitish marakazi
Raqamli texnologiyalar
ilishida muhokamadan
tasdiqqa tavsiya
tavsiya etilgan
iqtisodiyot kafedrasi
steiermarkischen landesregierung
asarlaringizni yuboring
o'zingizning asarlaringizni
Iltimos faqat
faqat o'zingizning
steierm rkischen
landesregierung fachabteilung
rkischen landesregierung
hamshira loyihasi
loyihasi mavsum
faolyatining oqibatlari
asosiy adabiyotlar
fakulteti ahborot
ahborot havfsizligi
havfsizligi kafedrasi
fanidan bo’yicha
fakulteti iqtisodiyot
boshqaruv fakulteti
chiqarishda boshqaruv
ishlab chiqarishda
iqtisodiyot fakultet
multiservis tarmoqlari
fanidan asosiy
Uzbek fanidan
mavzulari potok
asosidagi multiservis
'aliyyil a'ziym
billahil 'aliyyil
illaa billahil
quvvata illaa
falah' deganida
Kompyuter savodxonligi
bo’yicha mustaqil
'alal falah'
Hayya 'alal
'alas soloh
Hayya 'alas
mavsum boyicha


yuklab olish